Йирик сармоядор Ўзбекистон IT-саноатига қизиқиш билдирмоқда

Йирик сармоядор Ўзбекистон IT-саноатига қизиқиш билдирмоқда

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг хабар беришича, вазирликда Exadel Inc. корпорацияси вице-президенти Грегорий Кацман билан учрашув бўлиб ўтган. Компания айни пайтда Ўзбекистонда бўлиб, бу ердаги IT-бозорда ҳамкорлик ўрнатиш имкониятларини ўрганмоқда.

Дастурий таъминот ишлаб чиқариш учун мақбул муҳитни яратиш ва ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, халқаро компаниялар билан яқин алоқаларни ўрнатиш юзасидан мақсадида, «Mirzo Ulugbek Innovation Center» Инновациялар маркази бугунги кунда чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Жумладан, юқори тажрибага эга Exadel Inc. корпорацияси ҳам юртимизда фаолиятини ташкил қилишга қизиқиш билдирмоқда.

Қизғин кечга учрашувда жаноб Г.Кацман корпорация фаолияти ҳамда уни ривожлантириш бўйича истиқболдаги вазифалар хусусида сўзлаб берди.

Ўз навбатида, вазирлик раҳбарияти меҳмонларга юртимизда иқтисодиёт соҳаларига юқори технологияларни жорий қилиш, ахборот технологиялари соҳаси учун яратилаётган имконият ва имтиёзлар, хусусан бир муддат аввал иш бошлаган «Mirzo Ulugbek Innovation Center» Инновациялар марказининг аҳамияти тўғрисида маълумот бердилар.

Ёш дастурчиларни компаниялар амалга ошираётган лойиҳаларга жалб қилишнинг, уларни талабалик давридаёқ ишга йўналтиришнинг зарурати қайд этилди. Бу борадаги ишларда Инновациялар маркази аъзолари ташаббуси билан таълим муассасаларда ўтказилаётган малака ошириш машғулотлари, уларни қўллаб-қувватлаш ишлари ҳам алоҳида ўрин тутмоқда.

Ўзбекистон томони Exadel Inc. корпорацияси билан «Mirzo Ulugbek Innovation Center» Инновациялар марказининг ҳамкори сифатида ишлашга ҳар томонлама тайёр эканини маълум қилди. Корпорация делегацияси Ўзбекистондаги ташрифи мобайнида Тошкент шаҳридаги Инҳа университети, Тошкент ахборот технологиялари университети, Халқаро Вестминстер университети, Турин университети, Бухоро юқори технологиялари муҳандислик-техника университетларида бўлиб, уларнинг ректорлари биланҳамкорлик ўрнатиш юзасидан музокаралар олиб боришди.

Exadel Inc. раҳбарига ҳамроҳлик қилаётган Technics and Communications JSC компанияси раҳбари, жаноб Игор Филлипёнок ҳам Ўзбекистон IT-саноатида фаолиятини йўлга қўйишга қизиқаётганини маълум қилган.

Exadel Inc — халқаро ахборот технологиялари компаниясига 1998 йилда асос солинган бўлиб, муассаса дастурий таъминот ва IТ-консалтинг хизматлари билан шуғулланади. Корпорация бош идораси АҚШ нинг Калифорния штати, Уолнат Крик шаҳрида жойлашган. Айни пайтда компаниянинг Беларусия, Украина, Литва, Россия ва Польша давлатларида дастурий таъминот ишлаб чиқарувчи бўлинмалари мавжуд ва уларда 800 нафардан зиёд мутахассислар фаолият юртимоқда. Exadel ҳамкорлари орасида Hewlett Packard, Disney, eBay, Golden Gate University, AT&T, RBS, UBS Bank, Samsung ва жаҳоннинг бошқа кўплаб компанияларини кўриш мумкин.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!