iPhone 7: Миш-мишларга нуқта қўйиш фурсати маълум бўлди

iPhone 7: Миш-мишларга нуқта қўйиш фурсати маълум бўлди

Apple компанияси навбатдаги iPhone авлодини тақдим этиш арафасида турибди. Анъанага кўра, сентябрда ўтадиган анжуманинг 7 сентябрь куни бўлиб ўтиши ҳақида нуфузли Bloomberg нашри маълум қилган. Ҳа, айнан шу кун iPhone 7 ва iPhone 7 Plus ҳақидаги миш-мишларга нуқта қўйилади. Компания 7 рақами билан чиқишиб қолган кўринади.

Таниқли айфоншунос Эван Бласс (Evan Blass) маълум қилган янгиликка кўра, янги айфон учун буюртмалар 9 сентябрдан бошлаб олинади ва 16 сентябрдан бошлаб етказиб берила бошлайди.

GSMArena’да ёзилишича, аввал хабар берилгани каби, тақдимотда iPhone 7 Pro номли гаджет намойиш этилмайди. Apple 4.7 дюймли iPhone 7 ва унинг 5.5 дюймли, бош камераси 2 та бўлган Plus талқинини намойиш қилади.

Bloomberg’да ёзилишича, қўш камера, такомиллашган “Home” бош тугмаси, аудио қулоқчин учун портнинг йўқлиги янги айфонларнинг муҳим жиҳатлари бўлади.

iphone7

iPhone 7’нинг 2 объективли қўш камераси қандай ишлаши ҳақида қуйида маълумот берамиз. Мисол учун, LG G5’да камераларнинг бири кенг ва бошқаси одатдаги бурчак остида суратга олади. Huawei P9’да эса камералардан бири рангли, бошқаси оқ-қора рангда суратга олади ва кейин олинган 2 тасвир яхлитлашади.
Янги смартфонларда сенсор технологиясига эга «Home» тугмаси татбиқ этилиб, унга ўрнатилган Force Touch технологияси виртуал тугмага бармоқ излари зарбининг даражасига кўра ишлаш имконини беради.

Ишлаб чиқарувчи фойдаланувчиларга мусиқа ва аудио файлларни симсиз Bluetooth-наушниклари ёки Lightning порти орқали тинглаш имкониятини таклиф қилиш мумкин.

Бошқа гап-сўзларга қараганда, iPhone 7 ва iPhone 7 Plus сув ва чанг таъсирига бардошли корпусга эга бўлади. Моддий тугмачалардан воз кечилаётгани эса бунинг айни муддао.

Процессор
iPhone 7’да ҳали янги бўлган Apple A10 процессори жорий этилади. У FinFET-транзисторлари ва InFO (Integrated Fan-Out) технологиясига эга совутиш тизими билан таъминланган бўлади. Натижада, платформа самарадорлиги 20% га ошади.

Хотира
Оператив хотира айфон 7’да 2 ГБ, iPhone 7 Plus’да 3 ГБ бўлади. Бу эса смартфонга янада юқори даражада фаолият кўрсатишига ёрдам беради. Apple қурилмаларидаги аппарат ва дастурий таъминот маҳсулотларининг ўзаро мувофқилиги боис, уларда фаолият билан боғлиқ самарадорлик доимо юқори бўлган.

Экран
iPhone 7 Plus 5,5 дюймли iPhone 6s’никидек, Retina HD экранга бўлади. iPhone 7 экранининг диагонали 4,7 дюймли бўлади. Ҳар иккала смартфон экрани 3D Touch – бармоқ зарбига кўра ишлаш технологиясига эга бўлади. Экран 2,5D туридаги ҳимоя ва безак шишаси билан қопланади.

Камера
iPhone 7 анъанавий 1 объективли камерага эга бўлади. 12 МП сиғимли камера олган суратлар бир вақтлар энг сифатли дея тан олинган эди. iPhone 7 Plus эса қўш бош камерага эга бўлади. Икки матрица ва 2 объектив ягона тизимга бириктирилган. Экспертларнинг айтишича, кучли фокуслаш тизимига эга камераларда олинган суратлар сифати профессионал камераларникидан қолишмайди.

12 мегапикселли матрица устидаги объектив суратни оптик барқарорлаштириш тизимига эга бўлади. Бошқа камера эса кучли оптик яқинлаштириш объективига эга. Бу эса олинган суратнинг деталларга бой бўлишини таъминлайди. Олд камера 5 МП, f/2.2 диафрагмага эга.

Портлар
Apple компанияси iPhone 7’да 3,5 мм аудио портни олиб ташлаши ҳақидаги хабар барчада норозилик уйғотди. Компания корпусни янада юпқалаштириш учун шу қарорга келган. Қолаверса, бу орқали аккумуляторга ҳам яхшигина жой ажратилади. Наушникларни Lightning-порти орқали смартфонга улашнинг қулайликлар кўп. Мисол учун, бунинг эвазига шовқинни камайтириш функцияси татбиқ қилинган.

Шунингдек, Apple янги iPhone қутиларида симсиз Bluetooth-наушникларни ҳам тақдим этса ажаб эмас. iPhone 7 Plus универсаль Smart Connector портига эга бўлиши ҳақида миш-мишлар бор. Унинг ёрдамида эса смартфонни магнитли қувватлаш мумкин бўлган док-станцияга, «ақлли» клавиатура ва компьютер билан улаш мумкин.

iPhone 7 Pro

Ўлчам ва дизайн
iPhone 7’нинг базавий талқини қуйидаги ўлчамда бўлади: 138,30×67,12×7,1 мм.
iPhone 7 Plus – 158,22×77,94×7,3 мм. iPhone 6s ва 6s Plus’нинг ўлчами ҳам худди шундай. Қурилма дизайни ҳам “аждоди”никидан фарқ қилмайди. Фақат камера атрофида металл ҳалқа йўқ.
Дизайн ва корпусга хос муҳим янгилик шуки, у IP68 сертификатига эга бўлади, яъни корпус сувни ўтказмайди.

Аккумулятор
Аккумулятор сиғими iPhone 7’да 3100 мА соат, яъни аввалги айфонникидан 12,5% га кўпроқ.

Нарх-наво
Экспертлар тахминича, iPhone 7’нинг 16 ГБ хотирага эга талқини $510, 128 ГБ талқини $780 доллардан сотувга чиқарилади. Эслатиб ўтамиз, сўнгги айфон – iPhone 6s (16 ГБ) 700 АҚШ долларидан сотувга чиқарилган эди. Сўнгги йилларда рақобатнинг кучайиши ва арзон смартфонларнинг кучли имкониятлар билан кириб келиши бозордаги гигант компанияларни ҳам маҳсулотларига арзон нарх қўйишга мажбур қилмоқда.

Хулоса
Бу ҳозирча навбатдаги илғор айфоннинг муҳим жиҳатларига оид бизнинг эшитганларимиз. Буларнинг барчасига 7 сентябрь куни яна ойдинлик киритамиз. Унгача эса янгиликлардан сизни бохабар қилиб борамиз.