Facebook Ҳиндистонда “арзон интернет” дастурини эълон қилди

Facebook Ҳиндистонда “арзон интернет” дастурини эълон қилди

Facebook компанияси Ҳиндистонда янги Wi-Fi хизматини синовдан ўтказмоқда. Facebook’нинг ҳиндистонлик фойдаланувчилари сонини ошириш режалари ҳозирча “Express Wifi” номи билан аталмоқда. Бу янги лойиҳа орқали Facebook ривожланиши паст ҳудудларда истиқомат қиладиган смартфон фойдаланувчиларига Wi-Fi орқали Интернетга уланишларига шароит яратади.

Facebook Ҳиндистоннинг маҳаллий провайдер, Интернет хизмати кўрсатувчи субъектлар ҳамда тадбиркорларига мамлакатнинг қашшоқ ҳудудларида ҳам интернет хизматларини кўрсатишлари учун дастурий ва техник таъминотлар етказиб беради. Бунинг учун ҳозирча синов тариқасида мамлакат бўйлаб 125 та аҳоли пунктларида Wi-Fi нуқталари ўрнатилган.

Бу Facebook’нинг жаҳоннинг аҳолига энг бой иккинчи рақамли ва тез ўсаётган мамлакатида ўз хизматини кенгайтиришга бўлган 2-уриниши. Аммо, бу гал бепул эмас, пуллик асосда хизмат кўрсатилади. Маълум бўлишича, мазкур хизмат нарх-навоси анча арзонлаштирилган бўлади.

Facebook’нинг аввалги «Текин интернет» лойиҳаси Ҳиндистондаги юз миллионлаб инсонларга халқаро тармоққа бепул уланиш имконини ваъда қилаётган бир пайтда, мамлакатнинг Телекоммуникацияларни тартибга солиш ваколатли органи томонидан ғоя қаттиқ танқидга учради.

«Internet.org» лойиҳаси оддий аҳоли вакилларига саломатлик, саёҳат, бўш иш ўринлари, маҳаллий ҳукуматга оид янгиликлар етказувчи сайт ҳамда хизматларни, шунингдек Facebook ижтимоий тармоғи, Dictionary.com ва Wikipedia каби қатор халқаро тармоқлардан ва чегараланган маҳаллий веб-сайтларга кириш имконини беради.

Режага кўра, мазкур бепул сайтлар рўйхатига тадбиркорлар ёки веб-сайтлар эгалари кейинчалик пуллик асосда киришлари мумкин. Муассаса вакилининг фикрича, бу нотенг муносабат мамлакатдаги ахборот технологиялари ривожига жиддий таъсир кўрсатади.

Уларнинг фикрича, Маркнинг бу ғамхўрлиги остида аслида иқтисодий манфаатлар ётади, компания йирик аудитория эвазига тушган рекламадан катта даромад олади.

Марк Зукерберг танқидларга нисбатан ушбу лойиҳадан мақсад фойда олиш эмаслигини, у барча дастурчилар учун очиқлигини ва омади юришмаган инсонларга қашшоқликдан халос бўлишларига ёрдам беришини таъкидлаган.

Бу гал эса Express Wi-Fi хизмати пуллик бўлиб, фойдаланувчиларнинг муайян сайтларга кириши чеклаб қўйилмайди.

Ҳиндистонда 142 миллион нафар Facebook фойдаланувчилари бўлиб, бу компания учун иккинчи энг катта мижозлар бозори ҳисобланади.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!