Нега расмий кафолатга эга телефонларни харид қилиш керак?

Нега расмий кафолатга эга телефонларни харид қилиш керак?

Кафолат хизмати ҳақида озми-кўпми тушунчага эгамиз. Хўш, нега айнан расмий кафолатга эга маҳсулотларни харид қилишимиз керак? Айниқса, маиший техника ёки телефон сотиб олаётганда, товарга кафолат хизмати тақдим этилишини текшириш тавсия этилади. Чунки юқори технологиялар асосида ишлаб чиқарилган техник воситаларда агар бирор носозлик, завод дефекти ёки зарар аниқланса, уни тез фурсатда таъмирлаш осон кечмайди.

Телефонлар мисолида қарайдиган бўлсак, ҳар бир ишлаб чиқарувчи маълум ҳудудга қараб дастурий таъминот версияси ёки аппарат эҳтиёт қисмларидан фойдаланиши мумкин. Агар сиз харид этган телефонда бирор носозлик, шикаст ёки завод дефекти аниқланса, вақтни ўтказмасдан ишлаб чиқарувчининг сервис марказига мурожаат қилишингиз керак бўлади.

Одатда, телефонларга 1 йил кафолат хизмати тақдим этилади. Мана шу бир йил ичида носозлик агар ишлаб чиқарувчининг айби билан юзага келган бўлса, сервис марказ маҳсулотни бепул таъмирлаб (баъзи ҳолатларда алмаштириб) бериши талаб этилади. Айнан мана шунинг учун расмий кафолатга эга телефонларни харид қилиш маслаҳат берилади.

Бироқ товарга фойдаланувчининг эҳтиётсизлиги ва аралашуви туфайли механик зарар етган бўлса, бундай ҳолатлар кафолат хизмати билан қопланмайди. Аммо сервис марказида пуллик хизмат кўрсатилиши мумкин. Аксарият ҳолларда сервис марказлар омборида зарурий эҳтиёт қисмлар мавжуд бўлади. Шу боис агар маҳсулот кафолатга эга  ва айнан шу ҳудудда сотилишга мўлжалланган бўлса, уни таъмирлаш тез ва осон амалга ошади.

Ҳозирда смартфонларнинг дастурий таъминотидаги функция ва иловалар ҳам маҳсулот сотиладиган ҳудудга қараб фарқланиши мумкин. Мисол учун сиз, дейлик, Жанубий Америка бозори учун чиқарилган смартфонни харид қилсангиз, албатта, унинг дастурий таъминотида маълум камчиликлар ёки ортиқча дастурлар бўлиши мумкин (мисол учун ўзбек ва рус тилларининг йўқлиги, фойдасиз иловаларнинг ўрнатишили ва бошқалар).

Агар сиз расмий кафолатга эга телефонни харид қилсангиз, қутидаги кафолат талони сотувчи томонидан тўлдирилиши ва унга тегишли муҳр ёки штамп босилиши талаб этилади. Агар сотувчи бундай қилмаса, демак, телефон расмий кафолатга эга эмас. Бундан ташқари, сотувчидан ишлаб чиқарувчининг сервис марказларига қарашли маълумотларни сўрашни унутманг. Имкони бўлса сервис марказига қўнғироқ қилиб, кафолат хизматининг амал қилишини текширишдан эринманг.

Харидор ва ишлаб чиқарувчи (ёки сотувчи) орасидаги ҳуқуқий муносабатларни ўрганинг. Бундай қилиш орқали мижоз ва сотувчи ўртасидаги мажбуриятларни билиб оласиз. Масалан, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунни ўрганиб чиқишингиз мумкин.

Расмий кафолатга эга бўлган маҳсулотларни харид қилиш келгусида турли кўнгилсизликларнинг олдини олади. Ишлаб чиқарувчининг харидор олдидаги масъулиятини оширади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!