Мозийга қайтиб: Нега Samsung Android дастуридан воз кечган?

Изоҳ

Бугунги кунда мобил қурилмалар бозорининг катта улушини Android операцион тизимида ишлайдиган смартфон ва планшетлар ташкил этади. Жанубий Кореянинг Samsung компанияси эса ушбу дастурдаги қурилмаларни ишлаб чиқаришда етакчи позицияни эгаллаб турибди. Аммо, бир пайтлар компания Android дастурини ривожлантириш таклифидан воз кечганини кўпчилик билмаса керак…

Гапни узоқдан бошлайман. Android операцион тизими Энди Рубин томонидан 2000-йилларнинг бошларида яратилган. Дастур илк босқичда рақамли камераларга мўлжалланган. Бироқ Рубин ушбу фикрдан қайтиб, платформани телефонларга мослаган. 2005 йилда лойиҳани АҚШнинг Google компанияси сотиб олади. Бироқ Google ушбу лойиҳани ривожлантириш таклиф этилган ягона корпорация эмас.

2004 йилда Энди Рубин ўзининг янги дастурига молиявий манба топиш мақсадида Жанубий Кореяга, Samsung штаб-квартирасига йўл олади. Бироқ компания масъуллари унинг таклифига совуққонлик билан ёндашади ва янги операцион тизимнинг келажагига шубҳа билан қарайди. Натижада Рубин Кореядан қуруқ қўл билан қайтади. Бироқ айнан Рубин ва унинг жамоаси охир-оқибатда смартфонлар саноатини бутунлай ўзгартириб юборади.

Кореядан қайтгач Рубин Google асосчиларидан бўлган Ларри Пейдж билан учрашади ва компания дастурни молиялаштиришга рози бўлади. Бир муддат ўтгандан кейин Google стартапни 50 млн АҚШ доллари эвазига сотиб олади ва дастурни яратган 8 кишилик жамоани ўз сафига қабул қилади.

Тақдирни қарангки, бугунги кунга келиб Android платформасида ишлайдиган қурилмаларни тайёрлашда Samsung Electronics энг йирик ишлаб чиқарувчига айланган бўлса-да, у дастурдаги компонентлар, сервис ва иловаларни бошқаришда Google’нинг чизган чизиғидан нарига ўтолмайди. Ҳа, айтмоқчи, бу гап фақат Samsung’га тегишли эмас, балки ҳозирда Android операцион тизимида қурилмалар яратадиган барча компаниялар Google’нинг талабларига рози бўлишга мажбур.

Албатта, Android’дан воз кечиш орқали Samsung имкониятни қўлдан бой берган. Бироқ мутахассисларнинг фикрича, агар  Android Samsung томонидан харид қилинганда, операцион тизим бугунгига ўхшаб жадал ривожланмаган бўлар эди. Чунки операцион тизим учун дастурнинг ўзидан ташқари ундаги илова ва сервисларнинг ўрни ҳам жуда катта аҳамиятга эга. Жанубий Кореялик гигантда эса ўша пайтда бундай сервислар бўлмаган.

Google ўзининг сервисларини Android операцион тизимига интеграциялаш орқали дастурнинг муваффақиятини таъминлади. Бундай сервисларга YouTube, Google Maps, Chrome, Play Market ва бошқаларни киритиш мумкин.

Нима бўлганда ҳам Google лойиҳани жуда қулай пайтда қўлга киритган. Агар компания бир неча йилга орқада қолганда, шубҳасиз, смартфонлар бозори Microsoft’га ўтиб кетган бўлар эди.

Мавлон Марасулов

Муаллиф

Мавлон Марасулов

Samsung Electronics Ўзбекистон ваколатхонасида ишлаган. Миллий бренд Артел телевизорлари учун биринчи ўзбекча меню муаллифи, Samsung телефонлари учун ўзбекча тахминий матн (Т9) функциясини жорий қилишда қатнашган. Жанубий Корея, Германия, Ҳиндистон, Россияда ўтказилган технология конференциялари иштирокчиси.

Кейингиси

Сўнгги Мақолалар

post Муҳокамага қўшилинг