Тиббиётда 3D-чоп этиш технологияси: жонли юрак ва тўқималар

Тиббиётда 3D-чоп этиш технологияси: жонли юрак ва тўқималар

Умрини ўтаб, ҳаётнинг навқирон даврларидан ўтган кекса отахон, онахонлар яна узоқ вақт яшаш учун хизмат қиладиган тана аъзоларининг қайта ёшаришини тасаввур қила олишармикан? Эҳтимол, ички тана аъзоларини оғир жарроҳлик амалиёти эвазига алмаштириш ҳам улар учун мўъжизадир. Ахир, ким ҳам яна бир муддат яшашни истамайди, дейсиз? Замонавий ишлаб чиқариш технологиялари тиббиётда ҳам татбиқ этилиш эвазига яқин йилларда инсон тана аъзолари 3D-чоп этиш усулида тайёрлана бошлайди.

Ҳатто тирик ҳужайралар жой олган юракни ҳам чоп этиш мумкин

Ҳаётни сақлаб қолиш учун чоп этилган бутунлай янги орган талаб этилмайди. Янги технология мавжуд, кексайиб қолган тана аъзосини таъмирлаб, янгидай қилиб қўйишни ваъда қилмоқда. Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт университетида ўтказилган жарроҳлик амалиёти бунинг ёрқин мисоли.

Хирург юрагида нуқсон билан туғилган чақалоқ ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида юракдаги нуқсон ҳолатини тушуниш учун шифокорлар томография суратлари ёрдамида жажжи юракчанинг аниқ моделини ишлаб чиқишди. Ўтказилган икки қийин жарроҳликдан олдин жарроҳлар мазкур моделни яхшилаб ўрганиб, деталлар билан танишдилар. Натижада, жарроҳлик муваффақиятли ўтиб, болакай оёққа туриб кетган.

Тирик тўқималарни чоп этиш

Масаланинг моҳияти тўқималар учун синч вазифасини бажарадиган жонли тўқималарни уч ўлчамда чоп этиш билан боғлиқ. Албатта, бу тўқималарни пробиркада кўпайтирса ҳам бўлади. Аммо бир неча тўқима ва қон томирлари тўрларидан яратилган тўлиқ функционал ишлайдиган ва кўчириб ўтказишга ҳам осон бўлган органни фақат чоп этиш орқали тайёрлаш мумкин.

Гарчи, ҳали мураккаб органлар тайёрланмаган бўлса ҳам, бу борада ҳам изланишлар олиб борилмоқда. Мисол учун, Россиянинг  3D Bioprinting Solutions компанияси қалқонсимон без ишлаб чиқариб, уни сичқонда муваффақиятли синовдан ўтказди.

Американинг Organovo компанияси жигар тўқималарини яратишни йўлга қўйган. Улардан жигар заҳарланишига қарши, унинг фаолиятини яхшилаш учун тайёрланаётган дори-дармонлар тажрибасида фойдаланиш мумкин.

Тана аъзоларини 3D-шаклда босишнинг бош мақсади – инсон танаси фаолияти учун зарур бўлган ички секреция безларини ишлаб чиқариш. Мисол учун, диабетнинг биринчи кўриниши ошқозоности  безида ишлаб чиқариладиган инсулин, яъни қонда қанд моддасининг кўпайишини меъёрига келтирувчи тўқималарни ҳалок қилади. Бу без ошқозонда ҳазм бўлмаслиги туфайли уни танага экиш керак бўлади.

Тананинг жисмоний фаоллиги ва барча тўқималар қувват оладиган глюкозага бой маҳсулотлар миқдорига кўра гормоннинг миқдори мунтазам ўзгариб туради. Натижада, тинмай укол олиш, қанд миқдорини назорат қилиб туришга эҳтиёж туғилади.

Бу муаммони электрон инсулин насослари ҳал қилиш мумкин. Аммо, қориндаги юпқа найча билан юриш ҳам унчалик қулай эмас. Шундай бўлса ҳам, саййёрамизда яшаётган 230 миллион нафар диабетдан хасталанган инсонлар яқин орада технологиялар тақдим этадиган катта янгиликни эшитсалар ажаб эмас.