Смартфонда ажабтовур, таассуротли сурат олишнинг оддий усуллари

Смартфонда ажабтовур, таассуротли сурат олишнинг оддий усуллари

Ижтимоий тармоққа сурат жойлаштиргач, ҳар замонда унга кўз ташлаб, қанча кишига манзур бўлгани, қанча изоҳ қолдирилгани билан қизиқамиз. Бунда суратнинг ўзига хослиги ҳам аҳамиятга эга. Аммо, кишини эътиборини тортиш учун фақатгина Prisma каби махсус дастур-иловалардан фойдаланиш шарт эмас. Томошабинни анқайтириб қўядиган суратларни қўлбола қурилма ва усуллар орқали ҳам олиш мумкин. Мазкур материалда берилган тавсия ҳамда махсус усуллар сизга ажабтовур суратлар олиш техникасини ўргатади. Сиздан эса қизиқарли ғоя ва ижодий ёндашув талаб этилади.

Ноанъанавий панорама сурат олиш
Манзарага классик тус бериш учун смартфон камерасидаги махсус панорама режимини ёқсак ва бир жойда туриб ўз ўқи атрофида айланиш керак бўлди.
Аммо ажабтовур панорама олишнинг бошқа йўли ҳам бор: ҳаракатланиб турган бирор транспорт воситасининг ойнасидан туриб сурат олиш. Шунда олинган сурат анъанавий доира шаклида эмас, текис кўринишда бўлади.
Айтиш керакки, юқори ҳаракат сабаб объектлар ўртасидаги мутаносиблик бузилиши мумкин, аммо бу сурат сифатига таъсир қилмайди ва аксинча, уларнинг ўзига хос олинишига ҳисса қўшади.

Айтганча, агар сиз тез ҳаракатланаётган транспорт ойнасидан панорама режимида видео суратга олаётган бўлсангиз, тасвир жуда хира чиқади. Бу жараёнда аниқ-тиниқ тасвир олиш учун сизга сурат олиш частота тезлиги секундига 120 та кадр бўлган смартфон керак. Ана шунда сиз олган видеопанорама «Матрица»даги каби секинлаштирилган ва қизиқарли кўринишда бўлади.
Агар ноодатий усулдан фойдалансангиз, бизга таниш бўлган айланма панорамада ҳам қизиқарли сурат олса бўлади. Бунинг учун якуний тасвирда объектларни такрор суратга олиш керак. Панорама олишга уринган ҳар бир киши борки, у суратга олаётганида бирор ўткинчи тасвирга бир неча бор муҳрланиб қолади. Одатда бу сурат брак ҳисобланади.
Агарда бу ҳолатга ижодий ёндашадиган бўлсак, бир суратда, аммо ҳар жойда бир киши ёки бирор объектнинг 3-4 марта акс этиши расмга ғалати кайфият бағишлаган.
Энг муҳими, бу каби суратни олишда шошманг. Айниқса, автоматик панорама режимида съёмка қилаётганда. Предмет ёки сиз олаётган киши янги жойга ўтишга улгуриши учун смартфонни секин ва равон ҳаракатлантиринг.
Шунингдек, таассуротли панорама суратларини олишда Android 4.4 KitKat ёки ундан кейинги операцион тизимидаги смарфтон эгалари Google Camera иловасини Play Store’дан юклаб олишлари мумкин.

Ёруғлик орқали чизиш
Бундай суратга олиш усулини яна светографика, лайтпейнтинг (ингл. тилидан light painting — «ёруғлик орқали сурат чизиш), фризлайт (ингл. тилидан freeze light — «ёруғликнинг музлаши») ва бошқа. Бу барча терминлар камерани ёруғлик манбаидан узмаган ҳолда бир фурсат ҳаракатланиб олинган суратларни англатади. Ҳатто, ҳозир алоҳида шу усулда чизадиган санъат ва рассомлар пайдо бўлган.
Баъзи смартфонларда махсус илова ушбу режимда сурат олиш имконини беради. Агар сизнинг қўл телефонингизда бундай илова бўлмаса, унда Long Exposure Camera 2 каби дастурлар сизга ёрдам беради. Шунингдек, Android фойдаланувчилари Nubia camera иловасини, iOS фойдаланувчилари эса Magic Shutter иловаларини юклаб олишлари мумкин.


Аммо бу режимда тасвирга олиш учун сизга штатив керак бўлади. Чунки смартфон бу жараёнда 30 Қуйидаги штатив ва смарфтон қисқичи орқали штатив комбинацияси бу шароитда штатив вазифасини бажаради. Ёки смартфон барқарор туриши мумкин бўлган бирор бошқа устунчадан ҳам фойдалансангиз бўлади.


Бу каби суратларда ёруғлик манбаи сифатида рангли чироқлар, фонар ёки экранлардан фойдаланиш мумкин. Смартфонни ушбу режимга қўйиб ўзингиз фонар орқали бирор шакл ёки суратни чизсангиз, смартфон буни ёруғлик сурати сифатида муҳрлайди.

Time lapse режими
Яна бир фото-ижодкорликнинг кўриниш мавжуд. У ҳам смартфонни штативга ўрнатишни талаб қилади. Уни “оралиқ видеотасвирга олиш” деса бўлади. Сиз кун ва тун алмашаётган сониялар ичида кадрда катта тезликда кетаётган машина акс этган роликни кўрган бўлсангиз керак.
Бир қатор смартфонларда бу видео суратга олишнинг стандарт иловаси сифатида тақдим этилган. Агарда мазкур режим сизда бўлмаса, унда Time Lapse Video Recorder иловасини юклаб олиб, ўрнатинг.

Пинҳол-камера
Пинҳол, инглиз тилидаги “pin hole”, яъни “тўғнағич туйнукчаси” дейиш мумкин. Бу — аслида объективсиз камерани англатади. Кичик картон бўлагини олиб унда нина ёки учли буюм билан жажжи туйнукча ҳосил қилинг. Сўнг мазкур туйнукчани камера қаршисига тўғирлаб картонни смартфонга маҳкамланг.

Шунда сиз ажабтовур ретро суратлар олувчи пинҳол-камерага эга бўласиз. Агар аввалига суратлар яхши чиқмаса, туйнукчани катталаштиринг.

Сув остида тасвирга олиш
Сув остида суратга олиш учун сизда сувга бардошли корпус билан таъминланган смартфон бўлиши шарт эмас. Бунинг учун шаффоф буюмдан, мисол учун шиша бонка ёки стакандан фойдаланиш ҳам мумкин.
Агар анча чуқурликда чинакам сувости съёмкаларини қилишга қизиқиш бўлса, унда махсус аксессуар — сув ўтказмайдиган ғилофдан фойдаланиш мумкин. Уларнинг барча телефонларга мос келадиган хиллари ҳам бор.

Аудио гарнитурадан суратга олиш тугмачаси сифатида фойдаланиш

Кичик бир техник уқув, яъни симли аудио қулоқчинлардан суратга олиш тугмачаси сифатида фойдаланиш мумкинлигини ҳамма ҳам билмаса керак. Бу имконият iOS қурилмаларда, шунингдек аксарият Android смартфонларда мавжуд. Симли гарнитура ёрдамида камерани масофадан туриб бошқариш мумкин. Бунинг учун наушник симини смартфонга улаб, камерани ишга туширинг. Сўнгра гарнитурадаги овозни бошқариш тугмасини босиб расм суратга олинг ёки видео тасвирга олишни бошланг.
Айниқса, селфи-фотографиялари учун бу усул қўл келади: смартфонни узоғроқ жойлаштириб расмга олиш мумкин. Ана шунда бўй-баст ва ранг-рўйни тасвирлаш учун камерада кенг имконитя ҳосил бўлади.

Қуёш кўзойнакларидан фильтр сифатида фойдаланиш
Агар смартфон камераси қуёшга қарши кўзойнак шишаси ортидан суратга олса, бу суратдаги баъзи бир хира нур ва аксланишларнинг олдини олади. Мисол учун сувдаги бирор объектни аниқ-тиниқ расмга олишда шу усулдан фойдаланиш мумкин.

Ушбу суратда ўнг томондаги манзара олинганида кўзойнак фильтр вазифасини бажарган. Шу сабабли ҳам унда ўнг томондаги суратда автомобилнинг олд ойнасида кўриниб турган нур у қадар сезилмаган.


Шунингдек, кўзойнак шишасини манзарага қаратиб, смартфон орқали шу манзарани суратга олиш ҳам қойилмақом сурат олишга ёрдам беради. Бунда ёруғлик манбаи камера объективига тушиб туриши мақсадга мувофиқ.

Шунингдек, яхши сурат олиш учун қуйидаги тавсияларга ҳам амал қилинг:
1. Камера объективини тез-тез тозалаб туринг.
2. Android смартфонларда ёқиш ёки блокировка қилиш тугмасини 2 маротаба босиш орқали камерани тезкор ишга тушириш мумкин. Сўнгги Samsung смартфонларида эса бош тугмани 2 марта чертиш орқали камера ишга тушади.
3. Агар сурат табиий чиқишини истасангиз, фоточақноқдан доим ҳам фойдаланманг. У ёруғлик етарли шароитда ортиқча соя ва шарпани юзага келтириш мумкин. Унинг ўрнига ташқи таъсир тизими (EV) ва ISO миқдорини оширинг. Аммо, унутманг ISO қанчалик юқори бўлса, сурат шунчалик хира бўлади.
4. HDR режими ҳаракатсиз жисмларни суратга олишда айни муддао.
5. Агар сизга суратдаги кийимингизнинг ранги ёқмаётган бўлса, Colorify Augmented Reality иловасини юклаб олинг ва суратни ўзингиз истагандек бўяб чиқинг.
6. Агар сиз қуйидаги каби панорама суратлари олишни истасангиз, Small Planet бепул иловасини юклаб олинг.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!