Apple iPhone 7 тақдимот кунини маълум қилди

Apple iPhone 7 тақдимот кунини маълум қилди

Ниҳоят, Apple ўзининг навбатдаги — iPhone 7 смартфонининг тақдимотига оммавий ахборот воситалари ҳамда жамоатчилик вакилларини таклиф эта бошлади. Купертинолик ишлаб чиқарувчи “7” рақами остида ишлаб чиқариладиган гаджетга бағишланган нуфузли анжуманни 7 сентябрь куни ўтказишга қарор қилди.

Таклифномада “7-куни кўришгунча. Илтимос, 7 сентябрь куни соат 10:00 да Сан-Францискодаги Билл Граҳам Анжуманлар залида бўлиб ўтадиган, фақат таклифнома асосида қатнашиш мумкин бўлган тадбирда биз билан бирга бўлинг”, деган жумла туширилган.

Одатда Apple’нинг энг муҳим маҳсулотлари тақдим этиладиган Bill Graham Civic Auditorium зали “Олма” корпорациясининг севимли йиғинлар жойи бўлиб, 7,000 кишини сиғдира олади. Сўнгги маротаба бу ерда Жаҳон дастурчилар анжумани давомида iOS 10, macOS Sierra ҳамда watchOS 2 операцион тизимлари тақдим этилган эди.

Эслатиб ўтамиз, компаниянинг сўнгги тўртта “айфон” қурилмалари анъанавий тарзда сентябрь ойининг ўрталарида тақдим қилинган. Жумладан, iPhone 6S 2015 йилнинг 9 сентябрь куни, iPhone 6 2014 йилнинг 9 сентябрида, iPhone 5S — 2013 йилнинг 10 сентябрида, iPhone 5 — 2012 йилнинг 12 сентябрида тақдим қилинган.

Экспертлар тахминича, iPhone 7’нинг 16 ГБ хотирага эга талқини $510, 128 ГБ талқини $780 доллардан сотувга чиқарилади. Эслатиб ўтамиз, сўнгги айфон — iPhone 6s (16 ГБ) 700 АҚШ долларидан сотувга чиқарилган эди.

Батафсил:

iPhone 7: Миш-мишларга нуқта қўйиш фурсати маълум бўлди

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!