Archos 50 Saphir – эркак смартфон

Archos 50 Saphir – эркак смартфон

Ўтган ҳафта Франциянинг Archos компанияси бир қатор смартфонларни тақдим қилди. Смартфонларнинг барчаси, шунингдек, сентябрь ойида ўтказиладиган  IFA 2016 кўргазмасида ҳам намойиш этилади. Компания эълон қилган гаджетлар орасида бақувват, сувга чидамли Archos 50 Saphir модели кўпчиликнинг диққатини тортди.

Модель “эркакча” кўринишга эга, унинг корпуси IP68 стандарти бўйича ҳимояланган (1 метргача бўлган сувда 30 дақиқа қолиши мумкин). Бироқ, смартфон қанчалик чайир кўринмасин, уни фақат 1 метргача бўлган баландликдан тушириш мумкин.

Смартфон сток версияга яқин Android 6.0 Marshmallow дастурида ишлайди, аккумулятор сиғими – 5000 мА/соат. Бундай йирик батареяли смартфонни икки кунда бир зарядласа ҳам бўлаверади.

Модель пиксель сиғими 720р бўлган 5 дюймли  IPS экран, тўрт ядроли MediaTek MTK6737 процессори (1,5 ГГц), 2 ГБ тезкор ва 16 ГБ доимий хотира билан таъминланган.

Бундан ташқари, смартфон LTE тармоқ ва иккита SIM-картани қўллаб-қувватлайди. Асосий камера – 16 МП, олд камера эса – 5 МП.

Archos компаниясининг маълумот беришича, телефонни октябрь ойидан бошлаб 199 евро эвазига Европа мамлакатларида харид қилиш мумкин.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!