Келинларга ажойиб совға: робот-чангютгич Xiaomi Mi Robot Vacuum

Келинларга ажойиб совға: робот-чангютгич Xiaomi Mi Robot Vacuum

Аввалроқ Хитойнинг Xiaomi компанияси ақлли кир ювиш машинасини ишлаб чиқарганлиги ҳақида маълумот берган эдик. Бу гал хитойлик гигант ўз эътиборини чангютгичга қаратибди.

Чангютгичга Mi Robot Vacuum номи берилган бўлиб, бошқа рақобатчиларига қараганда бир қатор устунликларга эга. Нархи эса жуда ҳамёнбоп. Япониянинг Nidec компанияси томонидан ишлаб чиқарилган коллекторсиз мотор ёрдамида “ақлли” чангютгич 1800 Па босимни ҳосил қилади. Агар деярли мана шундай параметрга эга (1670 Па) АҚШнинг Roomba 980 чангютгичи 900 доллар турса, Mi Robot Vacuum ундан 3 баравар арзон, аниқроғи 250 долларга сотилади.

Чангютгич асосий чўткасининг баландлиги юзанинг текислигига қараб автоматик тарзда созланади, ён чўткалар эса чанг ва кирни тозалашда ёрдам беради. Қурилмага ўрнатилган 12 та сенсор зиналарни аниқлашга кўмаклашиб, чангютгични тўқнашувлардан сақлайди. Навигация учун лазер тизими ишлатилади, энг қизиғи, кичкина дастёр ўзи оптимал маршрутни белгилай олади. Аккумулятор сиғими 14,4 В кучланишда (деярли 75 Вт/ст) 5200 мА/соатни ташкил қилади. Автоном ишлаш вақти 2,5 соатга тенг, бу вақтда тахминан 250 м² жойни тозалаш мумкин.

Робот ўзи зарядлаш станцияни аниқлайди ва унга бориб қўшилади. Смартфондаги илова орқали робот-чангютгичнинг ҳолатини текшириш ва учта режим (нормал, шовқинсиз ва фаол) орасида алмашиш мумкин. Шунингдек, маълум белгиланган вақт оралиғида тозалаш имконияти ҳам кўзда тутилган. Mi Robot Vacuum сотуви Хитойда 6-сентябрь куни бошланади. Роботга қўшимча тарзда унинг кўчишини чеклайдиган виртуаль деворларни ҳам сотиб олиш мумкин.

Нима ҳам дердик, бундай технологиялар ҳаётимизни янада қулайлаштиради. Айниқса, келинларимизга жуда асқотиши, шубҳасиз 🙂

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!