Британиялик талаба ихтироси миллионлаб одамлар ҳаётини сақлаб қолиши мумкин

Британиялик талаба ихтироси миллионлаб одамлар ҳаётини сақлаб қолиши мумкин

22 ёшли британиялик талаба Уилл Бродвей жуда кичик, термос шаклидаги совутгични ихтиро қилди. Мазкур митти совутгичдан кўзланган асосий мақсад – вакциналарни идеал ҳароратда сақлаб, уларни ўз манзилига етказишдир.

Бироқ талаба  ушбу қурилмани патентлашга шошмаяпти. У шунчаки одамларнинг ҳаётини осонлаштиришни истайди холос.

Совутгичга Isobar номи берилган.

“Мен ҳеч нарсаси йўқ одамларга ёрдам бермоқчиман. Менимча, инсонни касалликлардан вакциналар орқали ҳимоялаш жуда муҳим”, – дейди ихтирочи.

Ҳозирги кунда вакциналарни камбағал ва беқарор мамлакатларга етказишдан олдин музлатишга тўғри келади. Янги митти музлатгич эса 30 кун давомида +2-8 даражани сақлашга қодир. Бу эса вакциналар сифатини бузмасдан кўзланган жойга етказиб беришда катта аҳамиятга эга.

Бундай совутгични яратиш фикри Уиллнинг 2012 йилда Камбоджага қилган сафаридан кейин туғилган. Ўшандан бери у вакцина транспорти билан боғлиқ муаммога ечим топишга ҳаракат қилган.

Уилл аввалроқ тиббий ускуналар бўйича конкультант бўлиб ишлаган. У тижорат компаниялари қай усулда инсонларнинг умрини сақлайдиган қурилмаларни сотишларини жуда яхши тушунади.

Унинг айтишича, айни кунда тиббий ускуналарнинг нархлари шу қадар қимматки, одамлар уларни сотиб олишга қурблари етмайди. Янги ихтиро эса кўпчиликка мос келади ва ҳисобларга кўра йилига 1,5 млн одамнинг ҳаётини сақлаб қолиши мумкин.

Машҳур Билл Гейтс ҳам Фейсбукдаги ўз саҳифасида ушбу ихтирони эътироф этган.

Шунингдек, Isobar нафақат вакциналар, балки донор қони ва органларини етказишга ҳам хизмат қилиши мумкин.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!