Фойдаланувчи “қадимий” HTC HD2 телефонига Android 7.0 Nougat версиясини ўрнатди
HTC HD2 моделини том маънода узоқ умрли телефон, десак муболаға бўлмайди. Модель дўкон расталарига 2009 йилда чиққанига қарамай ҳозиргача бир қатор фойдаланувчилар томонидан фаол ишлатилади. Телефон ишлаб чиқарилган вақтида Windows Mobile 6.5 операцион тизимида фаолият кўрсатган, бироқ бу омил баъзи ишқибоз фойдаланувчиларга унга турли операцион тизимларни, жумладан, Android’ни ўрнатишга тўсқинлик қилмаган. Яқинда интернет тармоғида пайдо бўлган хабарларда фойдаланувчилар HTC HD2 моделига айни кунда энг сўнгги версия ҳисобланган Android 7.0 Nougat дастурини ўрнатишганини кўриш мумкин.
Энг қизиғи, HTC HD2 телефони Qualcomm Scorpion процессорида ишлайди ва бор-йўғи 576 МБ тезкор хотирага эга, холос. Аммо, эски “аппарат” версиясига қарамасдан, XDA фойдаланувчиларидан бири телефонга Android 7.0 операцион тизимига асосланган CyanogenMod 14 дастурини ўрнатишга муваффақ бўлган.