Телефонни қайси чўнтакка солиш керак?

Телефонни қайси чўнтакка солиш керак?

Бугунги кунда смартфонлар шу даражада оммалашиб кетдики, одамлар ҳатто ўз телефонидан бир зумга ажралгиси келмайди. Бу ҳолатни, албатта, тушуниш мумкин. Бироқ смартфонларнинг одам организмига салбий таъсири мавжудлигини ҳам ёддан чиқариш керак эмас.

Смартфонлар бизнинг ажралмас ҳамроҳимизга айланган. Агар кимдир уни чўнтагига солиб юрса, кимдир уни сумкасига жойлайди, баъзилар эса телефонини бўйнига осиб олади. Шу ерда табиий савол пайдо бўлади: хўш, смартфонни қандай олиб юриш керак? Нима қилсак унинг танамизга кўрсатадиган таъсирини камайтирган бўламиз?

Мутахассислар телефонни устки кийим чўнтакларига (костюм, куртка, кўйлак ва бошқалар) солишни тавсия қилишмайди. Чунки, одатда, барчанинг телефони ёқилган ҳолатда бўлади, бу эса қурилманинг фаол ҳолатда радиотўлқинларни қабул қилишига етарлидир. Шунингдек, телефон устки кийим чўнтакларидан бироз тезроқ ҳаракатланганда чиқиб кетиб, зарарланиши ҳам мумкин.

Шубҳасиз, кўпчилик телефонни шим ва жинсилар чўнтагига солиб юради. Ушбу ҳолатда, айниқса, телефон одам танасига жуда яқин турган бўлади. Смартфон ишлаб чиқарувчилари телефонни SAR кўрсаткичлари бўйича танадан 1,5 сантиметр  узоқликда сақлашни тавсия қиладилар. Айниқса, мутахассислар эркакларни ўз телефонларини шимнинг олд қисмидаги чўнтакда олиб юришдан қайтарадилар. Боз устига, шимнинг орқа томонидаги чўнтакка солинган телефонларни бехосдан устига ўтириб, синдириб қўйиш хавфи ҳам йўқ деёлмаймиз. Шундай бўлса-да, кўпчилик фойдаланувчилар айнан шу усулни энг хавфсиз, деб ҳисоблашади.

Баъзилар телефонларни махсус ғилофга солиб, бел қисмида олиб юриш энг оптимал усул эканлигини уқтиришади. Бироқ бугунги кунда бундай усул кўпчиликка ноқулайлик туғдиради. Нима бўлганда ҳам шу нарса аниқки, телефонни ғилофга солиш ундан чиқадиган хавфли радиотўлқинларни нисбатан камайтиради. Телефонда кўп сўзлашиш одам саломатлиги учун хавфли эканлиги исботланган. Ҳозирча телефонни қайси чўнтакда олиб юриш ҳақида аниқ жавоб мавжуд эмас. Аммо уни танадан 1,5 см масофада сақлаш телефоннинг одам организмига кўрсатадиган хатарини бир мунча камайтиради.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!