Fujifilm Тошкентда фотография шоурумини очди
Япониянинг Fujifilm компанияси 22 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистондаги биринчи фотография шоурумини очди. Фирма вакилларининг таъкидлашича, фотография йўналиши бўйича очилган мазкур шоурум Марказий Осиёда ягона ҳисобланади.
Шоурумнинг очилиш маросимида харидорлар, профессионал фотографлар, компания вакиллари ва журналистлар қатнашди. Бундан ташқари, очилиш маросими доирасида профессионал ва ҳаваскор фотографлар учун дунёга машҳур фотограф Францоис Коуюмджиан томонидан махсус маҳорат дарслари ўтказилди.
Ушбу шоурумда Fujifilm маркасидаги фотоаппаратларни синаб кўриш, керакли тавсиялар олиш ва ҳар ойда ўтказиладиган маҳорат дарсларида қатнашиш мумкин. Маҳорат дарсларига Fujifilm Uzbekistan Фейсбук саҳифаси орқали олдиндан ёзилса бўлади.
“Мазкур шоурумда мижозларимиз нафақат фотоаппаратларни синаб кўришлари, балки таниқли фотографлар томонидан ўтказиладиган тренингларда ҳам қатнашишлари мумкин. Фикримча, бу уларнинг фотография борасидаги маҳорат ва кўникмаларини оширишга хизмат қилади. Ҳар биримиз расмга олиш қурилмасига эга бўлганимиз билан, аммо кўпчилик тўғри суратга олишни яхши билмайди. Биз эса мана шу камчиликни тўлдириш учун ҳар ойда шоурумда маҳорат дарсларини ташкил этиб турамиз”, – дейди Юта Кавамура, Fujifilm компаниясининг вакили.
Fujifilm компанияси кўзгусиз форм-фактордаги кучли аниқлик даражасига эга бўлган сифатли фотокамералар ишлаб чиқариши барчага маълум. Шубҳасиз, япон компанияси мазкур соҳада дунёдаги энг етакчи брендлардан саналади. Шоурумда Fujifilm маркасидаги турли фотоаппаратлар, линза ва аксессуарларни харид қилиш мумкин.
Шоурум Тошкент шаҳри, Навоий кўчасида жойлашган. Мўлжал: “Панорама” киносаройи қаршисида.