Муваффақият тарихи: Xiaomi асосчиси хитойлик Стив Жобс ҳақида

Изоҳ

Ҳозирда смартфонлар бизнеси жаҳондаги энг инновацион бозорлардан бирига айланган, десак хато қилмаймиз. Мазкур бозорда гарчи кўп йиллик тарихга эга йирик технология гигантлари етакчилик қилаётган бўлса-да (Apple, Samsung, Huawei), бироқ соҳага яқиндагина шиддат билан кириб келиб, мижозларнинг эътиборию эътирофини қозонаётган брендлар ҳам йўқ эмас. Бундай шоввозлар қаторига, ҳеч шубҳасиз, Хитойнинг Xiaomi компаниясини киритиш мумкин.

Хўш, фирманинг бу қадар тез ривожланишига нима туртки берди? Карвоннинг бошида аслида ким турган эди?

Xiaomi компаниясига 2010 йилда асос солинган. Қисқа вақт ўтганига қарамай, бренд Хитой бозорида ўз позициясини мустаҳкамлаб, айни вақтда жаҳон смартфон бозорини забт этмоқда. Албатта, бундай муваффақиятларга эришишда Xiaomi раҳбари ва асосичиси Лей Цзюннинг хизматлари беқиёс бўлди…

Лей Цзюнни Хитойда ҳақли равишда “хитойлик Стив Жобс” деб аташади. У фирмаси ишлаб чиқарган арзон ва сифатли қурилмалар билан мижозларнинг ҳурматини қозониб келмоқда.

Ёшлик ва талабалик

Лей Цзюн 1969 йилда Хитойнинг Сянтао (Хубей провинцияси) шаҳрида туғилган. Шаҳар, асосан, енгил атлетикачи ёшлари билан яхши танилган эди. Бироқ Лей ўзгача йўлни танлайди ва 1987 йилда Ухан университетининг компьютер технологиялари бўйича ихтисослашган факультетига ўқишга киради. Афсуски, у пайтларда компьютерлар ҳали яхши оммалашмаган, бутун бошли университетда биттагина компьютер билан жиҳозланган синф хонаси бор эди, устига-устак синф кўпинча совуқ бўлар эди. Бироқ бундай омиллар Лейни иштиёқини сўндира олмади, у вақт топдим дегунча компьютер хонасига югурарди. Шундай қилиб у дастурлаш тилларини яхши ўзлаштирди ва компьютер автоматикасини ўрганиб борди.

013534smk

Илк одимлар

Ҳали университетнинг илк босқичларида таҳсил олиб юрган чоғларидаёқ Лей Цзюн ўз компаниясига асос солишни орзу қиларди. Ҳатто у иккинчи курсда ўқиб юрганида курсдошлари билан биргаликда “Сариқ атиргул” номли компьютер технологиялари тўгарагини ташкил қилади. Талабаликнинг сўнгги йилларида эса у Хитойда машҳур дастурчи бўлиб танилди. Ҳатто баъзи нашрлар талаба Лей Цзюнни “миллионер”га айланган деб ёзишди ҳам. Гарчи бу бироз муболағали бўлса-да, Лей ўша пайтда яратган дастурлари орқали мўмайгина маблағ йиғишга улгурган эди.

Карьеранинг бошланиши

Ўқишни якунлагач, 21 ёшли Лей Цзюн пойтахт Пекинга қараб йўл олади. У ерда қаҳрамонимиз илмий-тадқиқот институтида бироз муддат ишлайди.

1991 йилда Лейнинг ҳаётида улкан бурилиш юз беради: компьютер технологияларига бағишланган кўргазмада у Kingsoft фирмаси президенти Цю Боцзюн билан танишади. Орадан бир неча кун ўтгач Лей антивирус дастурлар яратадиган мазкур компанияга ишга таклиф қилинади.

1992 йилда Лей Kingsoft компаниясига ишга қабул қилиниб, 6 та ходимнинг бирига айланади.

Парвоз

1998 йилга келиб Лей Kingsoft компаниясининг бош директори лавозимига тайинланади. У компания бошқариш билан бир қаторда медиафайл ва китобларни сотишга мўлжалланган Joyo.com номли сайт устида иш бошлайди. Мазкур сайт 2004 йилда Amazon компанияси томонидан 75 млн долларга сотиб олинади.

Мазкур келишув натижасида Лей ахборот технологияларини, хусусан, интернетнинг имкониятларини чуқур англаб етади ва айнан интернет бизнесига йўналтирилган стартапларни молиялаштиришни, уларга ҳомийлик қилишни бошлайди.

Lei-Jun-Xiaomi-offices-01

Xiaomi’нинг яратилиши 

Ҳали қирқ ёшни қаршиламаган ишбилармон жуда улкан муваффақиятларга эришади: у 2009 йилда миллиардлаб доллар маблағларга эгалик қилиш билан бирга, Kingsoft раисининг ўринбосари вазифасида ишларди. Бироқ унинг ёшликдаги орзуси, ҳали-ҳамон амалга ошмаган эди.

2010 йилга келиб Лей Цзюн ўз ҳамкорлари билан бирлаликда (уларнинг орасида олдинроқ Google ва Microsoft компанияларида ишлаган Лин Бин исмли дўсти ҳам бор эди) Xiaomi стартапига асос солади. Хитой тилидан таржима қилинганда, Xiaomi “гуруч донаси” деган маънони билдиради. Стартапга асос солган 8 кишининг ҳаммаси ушбу ташаббус уларга нақадар қимматга тушишини яхши англашарди. Бироқ уларга омад кулиб боқди ва Xiaomi янги технологиялар саноатида энг илғор фирмалардан бирига айланди.

XiaomiFounders

Android смартфонлар учун мўлжалланган MIUI интерфейси (прошивка) Xiaomi фирмасининг илк маҳсулоти саналади.

2011 йилда биринчи Xiaomi Android смартфони (Mi One) тақдим этилди, у кучли дастур ва техник параметрлар билан ажралиб турарди. Бунинг устига смартфон рақобатчиларнинг қурилмаларига қараганда бир мунча арзон нархда бевосита интернет-дўкон орқали сотиларди.

Lei Jun

2012 йилда компаниянинг умумий капитали 40 млн АҚШ долларига баҳоланади. Ушбу йилда Лей Цзюн фан ва техника тараққиётига қўшган ҳиссаси учун Хитой миллий мукофотига ҳам лойиқ кўрилади. 2014 йилдан бошлаб компания халқаро бозорда ўз маҳсулотларини сотишни бошлайди.

2015 йилда Xiaomi 68 млн АҚШ долларига Kingsoft компаниясининг 2,98% акцияларини харид қилади.

Лей Цзюн ҳақида фактлар

У ҳали-ҳамон Kingsoft компаниясининг директорлар кенгашига аъзо ва унинг 15% акцияларига эгалик қилади.

Forbes журналининг 2015 йилдаги ахборотига кўра, Лей Цзюннинг бойлиги 13,3 млрд долларга тенг бўлиб, у Хитойдаги энг бой кишилар ўнталигига киритилган.

CFP459273402

Лей Цзюн ҳафтасига 40 соат эмас, 100 соат меҳнат қилади. Гарчи хитойликлар уни “иккинчи Стив Жобс” деб аташса-да, Лей бунга салбий муносабат билдиради. Унинг фикрича, Apple ва Xiaomi бутунлай бошқа-бошқа компаниялар, уларнинг стратегия ва қарашлари жуда фарқли. Шундай бўлса-да, Лей Стив Жобснинг ишидан илҳомланганини ҳеч қачон инкор этмайди.

Terabayt.uz хабарларини Телеграмда кузатиб боринг: @terabaytuz

Мавлон Марасулов

Муаллиф

Мавлон Марасулов

Samsung Electronics Ўзбекистон ваколатхонасида ишлаган. Миллий бренд Артел телевизорлари учун биринчи ўзбекча меню муаллифи, Samsung телефонлари учун ўзбекча тахминий матн (Т9) функциясини жорий қилишда қатнашган. Жанубий Корея, Германия, Ҳиндистон, Россияда ўтказилган технология конференциялари иштирокчиси.

Кейингиси

Сўнгги Мақолалар

Муҳокамага қўшилинг