Афсонавий Mario ўйинининг iOS иловаси 15 декабрда чиқарилади

Афсонавий Mario ўйинининг iOS иловаси 15 декабрда чиқарилади

Жорий йилнинг сентябрь ойида Сан-Франциско (АҚШ, Калифорния) шаҳрида ўтказилган Apple тақдимотида тилга олинган Super Mario Run ўйини тез орада iOS платформасида пайдо бўлади, дея хабар бермоқда 3D News нашри.  Nintendo компаниясининг маълум қилишича, ўйин иловаси 15 декабрда чиқарилади.

Super Mario Run ўйинининг бошқарув тизими жуда ҳам содда: мўйловли қувур тузатувчи Марио автоматик тарзда ҳаракатланади, унга турли тўсиқларни айланиб ўтишга ёрдам бериш учун фойдаланувчи экранга босиб турса кифоя. Қолган жиҳатлари билан ўйин саккиз битли классик Мариодан катта фарқ қилмайди. Албатта, ўйин платформаси ҳозирги технология талабларига мос тарзда қайта ишланган.

Жами уч хилдаги ўйин режимлари таклиф этилади. Ҳар бир режимдан бепул фойдаланиб кўриш мумкин. Тўлиқ ўйин режими учун эса 10 доллар тўлов олинади. Super Mario Run ўйинини 151 та мамлакатда юклаб олиш мумкин бўлади, менюсида тўққизта тил мавжуд.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!