“Ақлли ферма”: Ўзбекистоннинг қишлоқ туманларида метеостанциялар ўрнатилади

“Ақлли ферма”: Ўзбекистоннинг қишлоқ туманларида метеостанциялар ўрнатилади

ССП ва БМТТД ўртасидаги “Ўзбекистон бизнес-форуми (III-босқич)” қўшма лойиҳасини амалга ошириш доирасида республикадаги қатор қишлоқ туманларида метеостанциялар ўрнатилади, деб Uz24.uz ёзмоқда. Мазкур ташаббусдан кўзланган мақсад ахборот технологияларини қўллаш, деҳқончилик жараёнларини автоматлаштириш, хўжалик бошқаруви ва режалаштиришини мақбуллаштириш орқали қишлоқ хўжалиги самарадорлигини оширишдан иборат.

Метеостанциялардан фойдаланишдаги афзалликларга қарамай, бугунги кунда улар Ўзбекистонда у қадар кенг қўлланмайди. Лойиҳа доирасида Тошкент вилоятида тўртта метеостанциянинг ўрнатилиши режалаштирилган бўлиб, улар 600 гектарга яқин ҳудудни ҳамда унда жойлашган ўртача 60 та боғдорчилик ва уй хўжаликларини қамраб олади.

Фермерлар боғдорчилик соҳасида консалтинг хизматларини тақдим этадиган ҳамкор ташкилот ёрдамида телефонларида метеорология маълумотлари ҳамда олма, шафтоли, гилос ва узум каби мевали дарахтлар учун кўрилиши керак бўлган зарур агротехник чоралар кўрсатилган смс-хабарларни олишлари мумкин. Бундан ташқари, йирик фермер хўжаликларини ўз боғлари ҳудудида метеостанциялардан фойдаланиш бўйича ўқитиш режалаштирилган.

Таъкидлаш керакки, метеостанцияларнинг ишлаш механизми анча оддий. Қуёш батареяларида ишлайдиган метеостанция мунтазам равишда вебсайтга ахборот юборади. Фойдаланувчи шахсий кабинетига кириб метеостанцияларни бошқариши, индивидуал параметрларни ўрнатиб, маҳаллий шароитларга созлаши, шунингдек, аввалдан танланган экинлари учун зараркунандаларга қарши курашишга оид профилактика ишларини ўтказиш бўйича тавсиялар олиши мумкин.

Лойиҳа экспертларининг айтишича, метеостанциялардан оқилона фойдаланиш ўсимликлар ҳимояси ва меҳнат учун ҳақ тўлаш билан боғлиқ ҳаражатларни сезиларли даражада камайтиради. Метеорологик маълумотларнинг тўпланиши ва мониторинг қилиниши аниқ ҳудуд учун микроиқлимий шароитларни аниқлаш имконини бериб, агротехнологияларнинг тўғри ва самарали танланишига хизмат қилади.

Метеостанциялар ўрнатилиши – “смарт фарм” (“ақлли ферма”) ғоясини амалга ошииш йўлидаги дастлабки қадам бўлиб, унда хўжалик, жумладан чорвачилик юритишнинг тўлиқ автоматлаштирилган жараёни кўзда тутилади. Мазкур ташаббуснинг Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми ва сифатини ошириш мақсадида ахборот технологияларини қўллаш орқали аниқ деҳқончиликни ривожлантириш учун асос яратиши кутилмоқда.

Ушбу лойиҳа Жанубий Африканинг “Сасол” компанияси молиявий кўмагида амалга оширилмоқда.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!