10 минг маротаба камроқ қувват сарфлайдиган Wi-Fi технологияси ихтиро қилинди

10 минг маротаба камроқ қувват сарфлайдиган Wi-Fi технологияси ихтиро қилинди

Смарфон ёки планшетда Wi-Fi симсиз алоқаси сезиларли даражада батарея қувватини сарфлашини ҳамма билади. Айниқса, ушбу алоқа орқали катта ҳажмдаги файллар ўтказилганда қувват сарфи янада ошади. АҚШнинг Вашингтон университети тадқиқотчилари жорий Wi-Fi стандартидан кўра 10 000 марта кам энергия сарфлайдиган Wi-Fi сигналини чиқарадиган технологияни яратишди, деб хабар бермоқда Android Authority сайти. Ишланмага “Пассив Wi-Fi” номи берилган бўлиб, у мазкур стандартдаги алоқани келгусида бутулай янги поғонага олиб чиқиши айтилмоқда.

Янги технология рақамли ва аналогли амалларни иккига ажратиш асосида ишлайди. Пассив Wi-Fi сигнални юбориш учун алоҳида аналогли транзистордан фойдаланади, натижада мазкур сигнал ютилади ва кам қувват ишлатадиган рақамли ўтказгичлар орқали анъанавий пакет форматида юборилади.

Пассив Wi-Fi технологиясининг энергия сарфи Bluetooth LE ёки ZigBee модулларига қараганда 1000 марта камроқ экан. Янги технологияни 2017-йилда амалий мисолда намойиш қилиш режалаштирилган.