Samsung Smart TV менюсидаги реклама фойдаланувчилар норозилигига сабаб бўлмоқда

Samsung Smart TV менюсидаги реклама фойдаланувчилар норозилигига сабаб бўлмоқда

Яқинда Samsung компанияси ўзининг Smart TV туркумидаги  ақлли телевизорлари учун навбатдаги дастур янгиланишини чиқарди. Мазкур дастур янгиланиши айни пайтда телевизор менюларида турли рекламаларни кўрсатиши кўплаб фойдаланувчилар эътирозига сабаб бўлмоқда, деб ёзмоқда Slashgear.

Жанубий Корея компанияси  Smart TV телевизорларда реклама кўрсатишни режалагани хақидаги хабар матбуотда ўтган йили пайдо бўлган эди. Бироқ бугунга келиб ушбу режа амалга оширилди: эндиликда Samsung Smart TV фойдаланувчиси телевизор интерфейсидаги бир менюдан бошқа менюга ўтмоқчи бўлса, у компания ҳамкорларига тегишли рекламани маълум муддат кўриши талаб этилмоқда, бундан ғазабланган мижозлар эса телевизорни интернет тармоғидан узиб ташламоқдалар.

Гарчи АҚШдаги Samsung офиси вакиллари рекламаларни телевизор созламаларида ўчириб қўйиш имконияти мавжудлигини қайд этишган бўлса-да, фойдаланувчиларнинг айтишича, ҳатто менюдан рекламани фаолсизлантирганда ҳам  айрим рекламалар барибир кўрсатилишда давом этмоқда.