Сок сиқувчи ускунани тўғри танлаш бўйича тавсиялар

Сок сиқувчи ускунани тўғри танлаш бўйича тавсиялар

Қутиларда сотилаётган ҳеч бир сок ўз фойда ва ҳусусиятларига кўра мева ва сабзавотлардан янги сиқиб олинган сок билан тенглаша олмайди. Янги сиқилган соклар нафақат фойдали, балки мазали ҳамдир. Бундай соклар инсон организмига қувват бахш этади. Селдерей, спаржа ва петрушкадан тайёрланган сок витамин ва микроэлементларга бой. Сабзи эса «фойдали-мазали» жиҳатлари бўйича соклар ичида чемпион ҳисобланади. Сабзи соки инсон саломатлиги учун ўта фойдалидир. У таомни ҳазм қилишга ёрдам беради, сийдик ҳайдаш ҳусусиятига эга, кўзларимизга қувват бахш этади, иммунитетни кўтаради ва саратон касалликлари профилактикасида ҳам қўлланади.

Сок ёрдамида диета қилиш ҳам фойдалидир. Сокли диета ёрдамида организмни шлаклардан тозалаш, иммунитетни кўтариш ва озиш мумкин. Демак, ўзингиздаги ялқовликни енгиб, соғлом турмуш тарзи сари қадам ташламоқчи бўлсангиз ҳар куни янги сиқилган соклардан ичиб туришингиз лозим бўлади. Бунинг учун эса ошхонангизда сок сиқувчи ускуна (ССУ) бўлиши шарт. ССУ ни танлашдан олдин ундан қандай мақсадда фойдаланишингизга аниқлик киритиб олинг. Чунки ССУ лар икки хил бўлади. Цитрусли мевалардан сок сиқувчи ва универсал ССУ лар мавжуд.

Цитрусли мевалардан ССУ.

Цитрусли ССУ лар ёрдамида лимон, мандарин, апелсин ва грейпфрутлардан сок сиқиб олиш мумкин. Бундай ускуналарнинг нарҳи нисбатан арзон ва конструкцияси ҳам соддароқ бўлиб, мотор, конус шаклидаги насадка ва сокни йиғадиган идишдан иборат. Цитрусли мевалар учун ССУнинг қуввати русумига қараб 20-80 ваттни ташкил этади. Бундай ССУ қанчалик бақувват бўлса, сок сиқиб олиш учун шунчалик кам вақт талаб этилади. Цитрусли мевалар учун ССУни танлашда унинг сок йиғиладиган идиши ҳажмига эътибор беринг. Гап шундаки, цитрусли мевалардан сиқиб олинган сок консервантларсиз 5-10 минут сақланади. Шунинг учун, цитрусли ССУлар 1-2 порция сокни сиқиб олиш ва шу заҳотиёқ ичишга мўлжалланган бўлади.

Идишларининг стандарт ҳажми 0,4-1,2 литрни ташкил этади. Шунингдек, ССУнинг сок чиқадиган оғзига ҳам эътибор беринг. У сокни стаканга қуйиш учун қулай бўлиши лозим.

Цитрусли ССУнинг қуйидаги қўшимча функцияларига ҳам эътибор беринг:

– навбатли айланиш режими (реверс). Бу режимда мотор насадкани ўнг ва чапга айлантиради. Натижада кўпроқ сок сиқиб олиш имконияти пайдо бўлади.

– сокнинг қуюқлик даражасини назорат қилиш режими. Бу функция ёрдамида сокнинг қуюқлик даражасини ўзгартириш мумкин.

– йирик ёки майда мевалар учун мўлжалланган насадкалар. Насадкаларни тўғри танлаш орқали мевалардан кўпроқ сок сиқиб олиш мумкин.

– сок сиқиш жараёнида меваларни ушлаб турувчи ричаг.

– сокни тўғридан тўғри узатиш тизими. Бу режим сокни бевосита бокалга қуйиш имконини беради.

– суюқлик даражасини аниқловчи шкала. Бунинг ёрдамида коктейлларни тайёрлаш осонлашади.

Универсал ССУлар.

Универсал ССУлар ёрдамида турли мева ва сабзавотлардан сок сиқиб олиш мумкин. Бироқ, ҳамма мева ва савзавотлардан ҳам сок сиқиб олиш мумкин экан деган фикрга борманг. Универсал ССУни сотиб олишдан аввал унинг қўлланмасида қандай мева ва сабзавотлардан сок сиқиб олишга мўлжалланганлиги билан танишиб чиқинг. Афсуски, жуда кам универсал ССУлар данакли меваларнинг сокини сиқиш имкониятига эга.

Универсал ССУлар цилиндр ва конус сепараторли бўлади. Цилиндр сепараторли ССУлар мева ва сабзавотлар ҳажмининг 90% гача сок олиш имконини беради. Бироқ, бундай ССУларда кунжарани автоматик ажратиб олиб ташлаш фукнцияси мавжуд эмас. Агар ўзингиз учун 2-3 стакан сок сиқиб олмоқчи бўлсангиз бу муаммо эмас. Лекин, кўп миқдорда сок олмоқчи бўлсангиз ҳар 3-4 стакандан кейин аппаратни очиб тозалашингизга тўғри келади.

Конус сепараторли ССУларда эса кунжарани автоматик тарзда ажратиш ва олиб ташлаш функцияси мавжуд. Бундай ССУларни чегараланмаган муддат тозаламасдан ишлатишингиз мумкин. Бироқ, конус сепараторли ССУларда олинадиган сок миқдори бирмунча паст бўлиб, ССУга солинган мева ва сабзавот ҳажмининг 70 % ни ташкил этиши мумкин. Бундай ССУлар катта миқдордаги мева ва сабзавотлардан сок чиқаришда қўл келади.

Универсал ССУлар цитрусли ССУларга нисбатан анча бақувват бўлиб, русумига қараб уларнинг қуввати 200-1200 ваттни ташкил этади.

Центрифуганининг айланиш тезлиги ҳам муҳим кўрсаткич ҳисобланади ва сокни сиқиб олиш фоизини белгилайди. Ҳамма ССУ ишлаб чиқарувчилар ҳам бу кўрсаткични қўлланмаларида қайд этавермайди. Шундай экан, центрифуганинг оптимал айланиш тезлиги минутига 8000-10000 оборот эканлигини эслатиб ўтамиз. Тезликни назорат қилиш орқали турли мевалардан сок олиш учунқўлланиладиган оптимал тезликни танлаш мумкин. Тезликни тўғри танлай билсангиз одатдагидан кўра 5% кўпроқ сок олишга муваффақ бўласиз. Тезлик қанчалик юқори бўлса сок шунчалик қуюқ ва аксинча, тезлик секин бўлса, сок шунчалик суюк чиқади. Сок сиқиш пайтида баъзи мева ва сабзавотлар ўзидан кўпик ҳосил қилади. Масалан, олма ва узумдан кўпроқ кўпик ҳосил бўлса, карам ва сабзидан камроқ кўпик ҳосил бўлади. ССУ идишига ўрнатилган кўпикни сизиб олувчи мослама ёрдамида тоза ва тиниқ сок олиш мумкин. Мева ва сабзавотларни сиқиш вақтида ҳосил бўлган чиқиндилар алоҳида контейнерга тўпланади. БуБу контейнер ССУ корпусининг тепаси ёки ён тарафига қотирилган бўлади. Агар чиқиндилар контейнери енгил ечиладиган бўлса, бундай ССУларни тозалаш анча осон бўлади.

Центрифуга сеткаси қандай материаллардан тайёрланган бўлиши керак?
Сифатли ССУларда одатда зангламайдиган металл ишлатилади. Сеткадаги тешиклар қанчалик кўп бўлса ва сетка қанчалик юқа бўлса, чиқаётган сок шунчалик тиниқ ва сифатли бўлади. Миллилитр кўрсаткичларига эга шаффоф идиш чиқаётган сок миқдорини аниқлашга ёрдам беради. Турли Турли русумдаги ССУларда 0,2 литрдан (бир стакан) то 1,5 литргача ҳажмли идишлар ўрнатилади. Баъзи ССУлар комплектида 3 тагача идиш бўлади. Бундай идишли ССУлар нисбатан йирикроқ бўлади. Агар ошхонангизда жой кам бўлса, идишсиз ССУни сотиб олсангиз ҳам бўлаверади.

ССУнинг ишлаш вақти.

Кам қувватли ССУнинг узлуксиз ишлаш вақти ўртача 10 минутни ташкил этади. Кейин аппаратни 1 минутга ўчириб қўйиш керак. Бақувват ССУларда эса узлуксиз ишлаш вақти ўртача 20 минутни ташкил этади. Сўнг, қисмларни тозалаш учун қисқа муддатли танаффус қилиш лозим. Энг мукаммал Энг мукаммал ССУларнинг узлуксиз ишлаш вақти чегараланмаган бўлади. Бундай ССУлар ишлаётганида ўзини ўзи тозалаш функциясига эга. Конструкциясида вентилятори борлиги учун мотор қизиб кетиши олди олинади.

ССУларда сок сиқиш бўйича тавсиялар;

– ССУга солишдан олдин мева ва сабзавотларни яхшилаб ювинг ва тозаланг;

– олма сокининг ранги тиниқ чиқиши учун унга озроқ лимон соки солиб юборинг;

– мева ва сабзавотлар сокларини бир-бирига аралаштирманг;
ССУ ёрдамида гўзаллик ва саломатлик учун фойдали бўлган қуйидаги коктейлларни тайёрлашингиз мумкин:

– чарчоқни кетказиш учун апелсин, грейпфрут ва лимоннинг тўртдан биридан коктейл тайёрланг;

– тонусни кўтариш учун 6 дона сабзи, яримта лавлаги ва уч боғ петрушкадан коктейл тайёрланг;

– тумовда эса апелсин, яримта лимон ва чорак стакан минерал сувдан иборат коктейл ёрдам беради;

– иммунитетни кўтариш учун бир неча бўлак ананас ва селдерейнинг бир нечта новдасидан тайёрланган коктейл тайёрланг;

– кўзни равшан қилиш учун эса 6 дона сабзи ва карамнинг тўртдан биридан тайёрланган коктейл ёрдам беради;

– стрессни енгиш учун 5-7 та шпинат барги ва 3 дона сабзидан тайёрланган коктейл тайёрланг;

– оғир иш кунидан кейин тикланиш учун лавлаги, сабзи, 2 см имбир ва апелсиндан коктейл тайёрлаб ичинг.

Саттаров Камолхон‎

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!