Нега Apple стандарт наушник слотидан воз кечди?

Нега Apple стандарт наушник слотидан воз кечди?

Шубҳасиз, 2016 йилнинг сентябрь ойида тақдим этилган Apple iPhone 7 ва Apple iPhone 7 Plus жаҳондаги кўплаб фойдаланувчиларни ҳайрон қолдирди. Кимдир унинг имкониятларидан ҳайратга тушса, кимдир эса Apple қурилмаларини аёвсиз танқид қилди. Умуман олганда, ҳар иккала ҳолат учун ҳам етарлича асос мавжуд эди. Бироқ, мазкур смартфонлардан стандарт 3,5 миллиметрли наушник слотининг олиб ташланиши ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида жуда катта шов-шувга сабаб бўлди.

Наушникларни ҳар қандай товуш манбаига улайдиган стандарт слотнинг яратилганига оз эмас, кўп эмас нақ 150 йил бўлган. Аммо Apple бошқа йирик компаниялар орасида биринчи бўлиб ушбу стандартдан воз кечишга журъат қилди. Хўш, нега Apple бундай қарорга келди ва бунинг оқибати қандай бўлади? Ушбу саволларга BuzzFeed San Francisco журналининг муҳаррири Жон Панчовски жавоб беради.

Apple вице-президенти Грег Жосвик жилмайган ҳолда менга янги айфонларда пайдо бўлган Lightning слотига 3,5 миллимертли наушникларни улашга хизмат қиладиган жуда кичик адаптерни кўрсатди. Тан оламан, бу мен кўрган энг митти Apple адаптери эди, деб ёзади Панчовски.

Аpple бундан олдин ҳам мана шундай қалтис қадам ташлашдан қўрқмаган. Apple аввалроқ периферия қурилмаларига мўлжалланган кириш уясини ҳам ўз смартфонларидан олиб ташлаган эди. Аммо, бундай қарор ўшанда мижозларнинг жиддий эътирозига сабаб бўлган эди. Ахир, ҳамма ҳам периферия гаджетини айфонга улаш учун 29 доллар турадиган адаптерни сотиб олгиси келмасди-да… Шунга қарамай, наушниклар слотидан воз кечиш кутилмаган, ўйланган ва жуда катта таваккал талаб қиладиган қарор бўлганини таъкидлаш лозим. 3,5 миллиметрли наушник слоти нафақат Apple’дан ҳам олдин, балки ҳар қандай компьютердан ҳам узоқроқ тарихга эга. Ушбу стандарт бутун бошли аудио-индустрия ривожига катта ҳисса қўшганини айтиб ўтишнинг ҳожати йўқ – буни ҳамма билади. Шунинг учун кенг миқёсда оммалашган стандартни инкор қилганда, унга муқобил бошқа технологияни яратиш жуда муҳимдир.

Келажакда қарийб барча технология компаниялари 3,5 миллиметрли аудиослотдан воз кечишига Apple`нинг ишончи комил. Бунга сабаб смартфонлар саноатидаги кўплаб стандартларнинг бугунга келиб анча эскирганидир.

“Аудиослотнинг пайдо бўлгани 100 йилдан ошди, у охирги маротаба бундан 50 йиллар олдин ўзгартирилган эди. Шундан бери бу стандартдан ўзгаришсиз фойдаланиб келишмоқда. Эски слот ўтмишда қолди, янги технологиялар сари юзланишнинг вақти келди”, – дейди Жосвик.

Бироқ смартфондан тортиб автомобилгача бўлган барча гаджетларда ушбу штекер учун слот кўзда тутилган бир даврда, “ҳозир бўлмаса, унда қачон” деган фикр жуда ҳам ишонарли аргумент бўлолмайди, албатта.

Apple ўз тарихи давомида кенг тарқалган стандартлардан чекинган ҳолатлар кўп бўлган. Ва аксарият ҳолатларда компания таклиф қилган ечимлар эски стандартларга қараганда кўпроқ имкониятларни тақдим қилган, деб ҳисоблайди нашр муҳаррири. Масалан, Apple iMac компьютерларида биринчилардан бўлиб дискета слотидан воз кечганини эслаш мумкин. Бироқ 3,5 миллимертли слотга қараганда дискета стандарти янада кучли такомиллашувларни талаб қиларди. Аудиослот эса, ундан фарқли тарзда, тўғри ишлайди ва жуда кенг тарқалган. Шунингдек, у аналогли стандарт бўлгани боис ҳам турли кибер-ҳужумлардан ҳимояланган. Хўш, нега Apple мана шундай имкониятларга эга стандартдан қониқмади?

Apple муҳандисларидан бири Ден Риккионинг айтишича, 3,5 миллиметрли слот телефон корпусида ортиқча жойни эгаллар эди. Маълумки, ҳозирги смартфонларда жой масаласига жиддий ёндашилади ва корпусдаги ҳар бир микрондан самарали фойдаланишга ҳаракат қилинади. IPhone 7 моделига янада такомиллашган камерани ўрнатиш учун эса кўпроқ жой зарур эди. Шунингдек, смартфон автономлиги ошириш учун батареяни катталаштириш ҳам фойдадан холи бўлмасди.

Тадқиқот натижасида Apple муҳандислари 3,5 миллиметрли слотни олиб ташлаш қандай имкониятлар келтиришини аниқлашди:

  • Биринчидан, бу iPhone 7 моделига Home тугмасининг янада яхши ишлашини таъминлайдиган Tactic Engine мосламасини ўрнатишни қулайлаштирди. Ушбу технология ўзига хос билдиришномаларни ҳосил қилиш учун ҳам ишлатилади (масалан, экранни айлантирганда саҳифани охирига етганликни билдириш учун), шунингдек, Tactic Engine API дастури дастурчиларга янада кўпроқ функцияларни татбиқ этишга ёрдам беради.
  • Иккинчидан, смартфонга янада йирикроқ батарея ўрнатиш имконияти туғилди. iPhone 7 моделининг аккумулятори аввалги моделга қараганда 14%га каттароқ. Бу эса смартфондан қўшимча икки соат фойдаланиш имконияти беради.
  • Учинчидан, аудиослотдан воз кечиш янги флагманларга IP67 ҳимоя стандартини қўллашга йўл очди.

Демак, кўриниб турганидек, стандарт наушник слотидан чекиниш смартфонларнинг аппарат қисмини янада такомиллаштириш ва янги имкониятларни қўшиш учун шароит яратади. Ҳозирда тарқалган миш-мишларга қараганда, айфонларнинг ашаддий рақиби бўлган кейинги Samsung смартфонларида ҳам ушбу слот бўлмайди. Симсиз давр бошланадиганга ўхшайди. Хитойлик смартфон ишлаб чиқарувчиларнинг Apple`дан нусха кўчириши эса ҳеч кимга сир эмас.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.