CES 2017: Кўргазманинг 10 та энг муҳим анонси

CES 2017: Кўргазманинг 10 та энг муҳим анонси

Маълумки, 2017 йилнинг 5-8 январь кунлари АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида навбатдаги Consumer Electronics Show кўргазмаси бўлиб ўтди. Бу галги кўргазма ҳам инновацион, ноодатий ва албатта фойдали гаджетларга бой бўлди. Мазкур мақолада бу йилги кўргазманинг энг муҳим 10 та анонси ҳақида гапирамиз.

Sony OLED телевизорлари

Кўргазмада Sony компанияси BRAVIA OLED сериясидаги янги флагман телевизорларни намойиш қилди. 55, 65 ва 77 дюймли версияларда тақдим этилган гаджетлар 4К аниқлигидаги экранларга эга. Ҳар бир пиксель органик диоддан иборат ва алоҳида ишлаш хусусиятига эга. Телевизорга ўрнатилган X1 Extreme процессори махсус алгоритмлар ёрдамида тасвир сифати ва тиниқлигини оширади.

Телевизордаги овоз тизими алоҳида диққатга сазовор. Унга Acoustic Surface технологияси қўлланган: корпусда карнайлар йўқ, овоз OLED дисплейнинг ўзидан чиқади. У мембрана ва вибрация ҳисобига овозни кучайтириш имкониятига ҳам эга.

Intel GO ва BMW i8

BMW компанияси Intel GO платформасида тайёрланган BMW i8 концептини омма эътиборига ҳавола қилди. Ушбу технология машинага автоматик манёврлаш тизимини қўллаш имкониятини беради. Intel GO тизими билан жиҳозланган электрокар олдиндан йўлдаги тўсиқларни аниқлаб, уларни айланиб ўтиши мумкин. Ҳозирда мазкур тизим 5G стандартида ишлаш учун тайёр.

BMW шу йилнинг охиригача 40 та ўзи ҳаракатланадиган автомобиль ишлаб чиқаришни режалаштирган.

Faraday Future

Faraday Future стартапи ўзининг автопилот тизимига эга илк FF 91 номли футуристик автомобили билан CES 2017 кўргазмасида иштирок этди. Ҳозирда ушбу автомбилга Tesla`нинг энг асосий рақиби сифатида қаралмоқда. Келажак автомобили 4 та электродвигатель билан жиҳозланган, 1050 от кучига эга, 2,39 сонияда 100 км/соат тезликка эришиши мумкин.

Батареялар битта зарядда 600 км масофа босишга имконият беради. Электрокар эса 45 дақиқада тўлиқ зарядланади.

Qualcomm Snapdragon 835

Qualcomm компанияси кўргазма доирасида  Samsung’нинг FinFet 10 технологияси асосида ишланган Snapdragon 835 чипни намойиш қилди. Чип бошқа аналоглардан (Snapdragon 820/821) 35 фоизга ихчам ва 25 фоизга энергияни тежаш хусусиятига эга. Чипни нафақат смартфонга, балки виртуал/тўлдирилган реаллик дисплейлари, IP-камералар, планшетлар, мобил компьютер ва бошқа девайсларга ўрнатиш мумкин.

Гигабитли  LTE X16 модеми, Adreno 540 процессори ва Qualcomm Spectra 180 тасвир сенсорлари инновацион чипнинг энг муҳим компонетнлари ҳисобланади.

ASUS Zenfone AR

ASUS компанияси тақдим қилган ушбу смартфонга 3 та камера ва 8 ГБ оператив хотира ўрнатилган. Таъкидлаш керак, модель бундай ҳажмдаги оператив хотирага эга жаҳондаги илк смартфондир. Zenfone AR манзаранинг чуқурлигини аниқлайдиган, нуқтагача бўлган масофани ва предмет ҳажмини ўлчайдиган камера ва сенсорлар билан жиҳозланган. Бу Tango технологияси бўйича виртуал объектларни “жонли” тасвирга чиқариш имкониятини беради.

Бундан ташқари, смартфон орқали Daydream виртуал реаллик гарнитурасидан фойдаланиш мумкин.

Toyota Concept-i

Япониянинг Toyota компанияси CES 2017 маросимида кўрсатган Yui сунъий интеллекти билан қувватлантирилган  Concept-i футуристик автомобили кўпчиликнинг ҳайратига сабаб бўлди. Ишлаб чиқарувчининг қайд этишича, келажак автомобиллари шунчаки улов ёки транспорт воситаси бўлибгина қолмай, худди инсон характери сингари ўзига хос хусусиятларига эга бўлади.

Автомобилга ўрнатилган компьютер ҳайдовчининг ташқи кўриниши, ҳис-туйғулари, ҳайдаш одатлари ва бошқа муҳим нарсаларни ўрганиб боради. Натижада олинган маълумотлар асосида сунъий интеллект хулқ-атвори шаклланади ва у ҳайдовчи ва йўловчилар билан интерфаол тарзда мулоқот қилишни бошлайди. Масалан, у одамлар билан саломлашиш, маслаҳатлар бериш, одамлар билан суҳбатлашиши мумкин бўлади. Бундан ташқари, Yui тизими билан кучайтирилган автомобиллар ўзаро мулоқотга киришиш хусусиятига ҳам эга.

Acer Predator 21 X

Acer компаниясининг ушбу қудратли ўйин ноутбуки 2016 йилнинг сентябрь ойида бўлиб ўтган IFA 2016 кўргазмасида илк маротаба намойиш этилган эди. Аниқлик формати 2560Х1080 пиксель бўлган 21 дюймли қайрилган экранга эга ушбу модель NVIDIA G-Sync ттехнологиясини қўллаб-қувватлайди, еттинчи авлод Intel Core i7 процессорида ишлайди, иккита GeForce GTX 1080 график чиплари билан кучайтирилган. Ноутбукка 64 ГБгача оператив хотира ўрнатиш имконияти мавжуд.

Қурилманинг оғирлиги нақ 8 килорамм. Автоном ишлаш вақтига, афсуски, аниқлик киритилмаган.  Predator 21 X кейинги ойдан бошлаб сотувга чиқади, нархи 8999 доллар атрофида бўлиши айтилган.

Samsung QLED-телевизорлари

Жанубий Кореянинг Samsung компанияси CES 2017 халқаро электроника кўргазмасида QLED-телевизорларининг — Q7, Q8 ва Q9 русумларининг тақдимотини ўтказди.

Мазкур телевизорлар янада такомиллаштирилган QLED технологиясининг қайтарзда ишлаши хусусида тасаввур ҳосил қилишга имкон беради. Унинг дисплейи квантли нуқталар деб номланувчи бир неча миллионта алоҳида материаллар — metal Quantum Dot’дан иборат. Ҳар бир нуқта муқобил равишда ёнади, шу сабабли, бундай экранлар турли бурчакдан қараганда ҳам ёрқинлигини йўқотмайди.

Умуман, QLED технологияси OLED технологиясига ўхшаш, аммо, иккинчисида ёруғлик диодлари қўлланилса, Samsung компанияси янги маҳсулотида темир асосидаги квантли нуқталардан фойдаланган. Бу эса, телевизор таннархини арзонлаштиради ҳамда энергия самарадорлигини оширади. Шу билан бирга, OLED-телевизорларга қараганда сифатлироқ тасвирларни акс эттиради. Бундан ташқари, Q8 ва Q7 моделлари эгик шакллидир.

QLED-панеллари DCI-P3 стандартидаги ранг кенглигининг 99 фоизини акс эттиради. Бу эса, рақамли кинотеатрлар орасида энг кенг тарқалган форматдир. Унинг ҳар бир нуқтаси миллиард хилдаги жилони намойиш этади.

Razer Project Valerie — уч экранли ноутбук

Razer Project Valerie ноутбуки ўйин сегментига мўлжалланган, оғирлиги 5 кг. У ҳар бири 17,3 дюймли 4К аниқлигидаги IGZO-панеллар билан жиҳозланган. Барча экранлар очилганда, уларда 11520 х 2160 пиксель аниқлигидаги тасвирлар кўрсатилади. Бундай форматдаги тасвир гаджетга ўрнатилган NVIDIA GeForce GTX 1080 видеокартаси ёрдамида қайта ишланади. Модель Blade Pro ноутбукига жуда ўхшайди, механик клавиатура ва созланадиган RGB подсветкага эга.

Ҳозирча Project Valerie тажрибавий лойиҳа ҳисобланади ва компания ушбу ноутбукни сотувга чиқаришни режалаштирмаган.

Dell UP3218K – 8K аниқлик

CES 2017 кўргазмасида Dell компанияси айнан мана шу форматдаги (7680х4320 пиксель )экранга эга 32 дюймли UP3218K мониторини намойиш қилди. Монитор экранининг ҳар дюймига 280 та пиксель сиғдирилган. Алюмин корпусдаги дисплей  AdobeRGB ва  sRGB гаммасидаги 1,07 млрд рангни узатишга хизмат қилади.

Ҳозирча Dell`нинг ушбу қурилмаси билан фақат Sharp томонидан ўтган йилнинг октябрь ойида тақдим этилган, бироқ ҳалигача сотувга чиқмаган 27 дюймли 8К монитори рақобат қилиш мумкин. Dell компаниясининг қайд қилишича, мазкур юқори форматдаги аниқликка эга бўлган монитор фотограф, график дизайнерлар ва бошқа ижод кишиларига мўлжалланган.

hi-tech.mail.ru ва kun.uz материаллари асосида тайёрланди.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!