Хитойнинг 6 та зўр смартфони: iPhone`дан арзонроқ, лекин…

Хитойнинг 6 та зўр смартфони: iPhone`дан арзонроқ, лекин…

iPhone`нинг сифатига қойил қоласиз, аммо нархи баландлиги сабабли харид қилишга иккиланасизми? Хавотирга ўрин йўқ – хитойлик ишлаб чиқарувчилар «олмафон»дан анча арзон, лекин ундан унчалик қолишмайдиган гаджетларни таклиф этишади. Келинг, шу талабларга жавоб берувчи айрим янги моделлар билан қисқача танишамиз.

Huawei Nova

  • ОТ: Android 6.0
  • Процессор: Qualcomm Snapdragon 625
  • Тезкор хотира: 3 ГБ
  • Доимий хотира: 32 ГБ
  • Камера аниқлиги: 12 МП
  • Экран диагонали: 5 “

Гарчи узоқроқдан Huawei Nexus 6P моделига ўхшаб кетса-да, хитойликлар Huawei Nova дизайни устида жиддий ишлашган. Гаджетнинг «юраги» ўртача – у Snapdragon 625 процессорига ва 3 ГБ тезкор хотирага эга. Аммо камерага жиддий эътибор қаратилган – пиксели 1,25 мкм ўлчамли 12 мегапикселли фотомодуль ўрнатилган, бу дегани – унинг iPhone 6s камерасидан кучлироқ эканлигини англатади. Айни шу боис у тунда ҳам яхши суратга ола билади. Тағин, контрастли ва фазали автофокус механизмларига эгалиги камеранинг тез ва аниқ фокус олишини таъминлайди. Ва, албатта, унда 4K-видео суратга олиш имкони ҳам мавжуд.

OnePlus 3T

  • ОТ: Android 6.0
  • Процессор: Qualcomm Snapdragon 821
  • Тезкор хотира: 6 ГБ
  • Доимий хотира: 64 ГБ
  • Камера аниқлиги: 16 МП
  • Экран диагонали: 5.5 “

«Флагманлар қотили» таърифига мос гаджетлардан бири – OnePlus 3 ўзининг юқори сифати ва паст нархи билан эътиборга лойиқ эди. Унинг давомчиси OnePlus 3T эса янада қудратли чиқди: 2,35 ГГц частотали Qualcomm Snapdragon 821 процессори, 6 ГБ тезкор хотира, 128 ГБгача доимий хотира, 16 мегапикселли камера ва 3400 мАч сиғимли батарея!

Образли қилиб айтганда, агар «оддийроқ» OnePlus 3 бирор флагманни «чалажон қилган» бўлса, OnePlus 3T унинг «пешанасидан дарча очиб» қўяқолган.

Xiaomi Mi5s Plus

  • ОТ: Android 6.0
  • Процессор: Qualcomm Snapdragon 821
  • Тезкор хотира: 4 ГБ
  • Доимий хотира: 64 ГБ
  • Камера аниқлиги: 13 МП
  • Экран диагонали: 5.7 “

Қўш камерали, 5,7 дюйм экранга эга, ўта кучли бу смартфон Qualcomm Snapdragon 821 процессорида ишлайди. 4/6 ГБ тезкор ва 64/128 ГБ доимий хотирали вариантларда чиқарилган.

Қўшалоқ камераси худди Huawei смартфонларидаги каби принцип асосида ишлайди – 13 МПлик иккита фотомодуль. Улардан биттаси рангли, иккинчиси эса монохром эканлиги эса кадрнинг ёрқин ва нисбатан тўқ рангли ҳудудларини ҳам инобатга олган ҳолда, деталларигача аниқ суратга олиш имконини беради.

Яна бир эътиборли жиҳати – Xiaomi замонавий ёшларнинг ва нозиктаъб хонимларнинг ҳам қизиқишларини инобатга олган ҳолда, Mi5s Plus моделини турли рангларда, жумладан, «пушти олтин» тусида ҳам ишлаб чиқарган.

LeEco Le Max 2

  • ОТ: Android 6.0
  • Процессор: Qualcomm Snapdragon 820
  • Тезкор хотира: 6 ГБ
  • Доимий хотира: 64 ГБ
  • Камера аниқлиги: 21 МП
  • Экран диагонали: 5.7 “

Бу флагман экрани ҳам 5,7 дюйм ўлчамли диагоналга эга, ҳар дюймида 2560х1440 нуқтали. Ихчам корпуси металлдан ишланган мазкур смартфонга  Qualcomm Snapdragon 820 процессори ўрнатилган, тезкор ва доимий хотираси – тегишлича  6 ва 64 ГБ. Камераси ҳам унча-мунчасидан қолишмайди – 21 МП, оптик барқарорлашув, 4K-видео ёзиш функциялари мавжуд.

Ҳар томонлама яхши-ю, биттагина «лекин»и бор: унда 3,5 мм.лик аудиомослама улаш тирқиши йўқ! Бироқ USB Type-C туридаги янгича қулоқчин олишни истамасангиз, тўпламнинг ўзида USB Type-C ни 3,5 мм.га уловчи ўтказгич ҳам мавжуд.

Meizu Pro 6

  • ОТ: Android 6.0
  • Процессор: MediaTek Helio X25
  • Тезкор хотира: 4 ГБ
  • Доимий хотира: 32 ГБ
  • Камера аниқлиги: 21.16 МП
  • Экран диагонали: 5.2 “

Тўғри, бу смартфонни мутлақо янги модель, деб бўлмайди – ўтган йил ёзда тақдим этилган. Аммо унинг «ўзаги» флагманларникидан қолишмайди – ўн ядроли MediaTek Helio X25.

Қурилманинг асосий устунлиги – овоз ёзиш ва янграш сифатида. Бунга эса Hi-Fi даражасида янграшни таъминловчи Cirrus Logic CS43L36 аудиочипи орқали эришилган. Бундан ташқари, ундаги NXP Smart PA тизими нақ мўъжиза яратади – ташқи динамикнинг титрашини назорат қилади ва натижада у тоза ва баланд товуш чиқаради. Қизиғи, динамикнинг ўзини юқори сифатли овоз ёзиш учун ўта сезгир микрофон сифатида ҳам ишлатиш мумкин.

ZTE Axon 7

  • ОТ: Android 6.0.1
  • Процессор: Qualcomm Snapdragon 820
  • Тезкор хотира: 4 ГБ
  • Доимий хотира: 64 ГБ
  • Камера аниқлиги: 20 МП
  • Экран диагонали: 5.5 “

Мазкур флагманнинг дизайнини BWM Group таркибига кирувчи Designworks студияси яратган; бу – гарчи Хитойда ишлаб чиқарилган бўлса-да, қойилмақом гаджет деганидир. Ишлаб чиқарувчи қурилмада овоз ёзилиши ва янграшининг, фото ва видео суратга олишнинг сифатига асосий эътиборни қаратган.

Смартфонга Asahi Kasei Microdevices AK4490 аудиопроцессорли, Hi-Fi даражасидаги стереодинамиклар ўрнатилган. Шунингдек, Asahi Kasei Microdevices AK4961 овоз ёзувчи процессорга эга иккита микрофони бор. Бу гаджет Dolby ATMOS ва Dolby Digital Surround виртуал кўпканалли технологияларини қўллаб-қувватлаши ҳам эътиборга лойиқ.

Асосий камера 20 мегапикселлик сенсорга асосланган, у тасвирни барқарорлаштирувчи оптик ва электрон механизмларга эга. 4K-видеодан ташқари, у сониясига 240 кадргача частотада секинлаштирилувчи видео ҳам ола билади.

Дарвоқе, флагманнинг «юраги» – Qualcomm Snapdragon 820, у 4 ГБ тезкор ва 64 ГБ доимий хотирага эга.

Ҳамидбек Юсупов тайёрлади