Android яратувчиси рамкасиз смартфон тайёрламоқда

Android яратувчиси рамкасиз смартфон тайёрламоқда

Бундан бир йилча олдин Android платформасини яратган Энди Рубин янги смартфон чиқариши ҳақида баъзи хабарлар тарқалган эди. Bloomberg нашрининг ёзишича, Рубин асос солган Essential компанияси 2017 йилда ўзининг илк қурилмасини намойиш қилади.

Рубин 2014 йилда Google компаниясини тарк этиб, робототехника, сунъий интеллект ва тўлдирилган реаллик инновациялари билан боғлиқ стартапларга сармоя ажратадиган PlayGround Global жамғармасини ташкил қилган эди. Essential компаниясида эса ҳозирда собиқ Google ва Apple ходимларидан иборат 40 нафар дастурчи хизмат қилади.

Gagadget сайтининг ёзишича, Essential смартфонларидан бири қарийб 6 дюймли экранга эга бўлади, бироқ рамкаларнинг йўқлиги боис ихчам кўриниш касб этади. Стартап ҳозирда босиш кучига жавоб қайтарадиган дисплейларни синовдан ўтказмоқда. Смартфоннинг орқа корпуси керамикадан, ён рамкалар металлдан ишланади. Бундан ташқари,  стартап янги махсус зарядлаш уяси ва 360 градусли камераларни ҳам тайёрламоқда.

Смартфон Snapdragon 835 процессорида ишлайди, 4 ГБ тезкор хотира билан жиҳозланади. Модель 2017 йилнинг ўрталарида тақдим этилиши мумкин.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.