Google Pixel 2 смартфонига тегишли илк тасвирлар пайдо бўлди

Google Pixel 2 смартфонига тегишли илк тасвирлар пайдо бўлди

2016 йилнинг 4 октябрь санасида Google компанияси ўз бренди остида Pixel ва Pixel XL смартфонларини тақдим қилган эди. Моделлар аввалги Nexus сериясидаги смартфонлардан дизайн ва техник параметрлар борасида тубдан фарқ қилади.

Яқинда Хитой интернет-нашрларида Google Pixel 2 моделининг тасвирлари эълон қилинди, деб ёзади IXBT нашри. Албатта, ҳозир ушбу тасвирларнинг аниқлиги шубҳа остида. Бироқ хитойлик ресурсларда, одатда, тўғри маълумотлар ҳам берилишини унутмаслик керак.

Тасвирларга қараганда, Google Pixel 2 қалинроқ ён рамкаларга, дисплей остида жойланган динамикларга эга бўлади. Ўнг томонда қувват ва овоз баландлигини созлайдиган тугмалар жойлашади. Орқа корпус шишадан қилинади. Унда асосий камера, чақноқ ва дактилоскопик сенсор ўрнатилган. Қурилма USB Type C уяси, 3,5 миллиметрли аудиослот билан жиҳозланади.

Қурилмага Snapdragon 835 чипи ўрнатилиши тахмин қилинмоқда.