2016 йилги флагманларнинг камера тести

  •   DiMaX
  •  763
  •  17.01.2017 18:59

2016 йилги флагманларнинг камера тести

Смартфон ишлаб чиқарувчи турли компанияларнинг ўтган йилги флагманлари камераларини баҳолаш учун Hi-Tech Mail.Ru электрон нашри ўз ўқувчилари орасида овоз беришни йўлга қўйган эди. Тестда ўқувчилар томонидан танланган олтита смартфон иштирок этди: Apple iPhone 7 Plus, Samsung Galaxy S7 edge, Huawei Mate 9, Google Pixel, Sony Xperia XZ ва Xiaomi Mi 5S. Мазкур қурилмаларда олинган суратлар, айнан қайси бирида олинганлиги кўрсатилмаган ҳолда сайтга жойланиб, овозга қўйилди. Шу тариқа, ўқувчилар ўзлари билмаган ҳолда, ўзларининг наздида энг яхши олинган кадрларни танлашди.

Олтита гаджетнинг ҳар бирида беш хил сюжет расмга олинган эди. Очколарнинг ҳисобланиши эса қуйидагича: овоз берувчиларнинг назарида биринчи ўринни олган қурилмага 6 балл берилди, иккинчи ўринни олганига эса – 5 балл; шу тарзда олтинчи ўринни эгаллаган гаджет 1 балл олди. Охирида ҳар бир қурилманинг турли бешта сюжетда олган баллари ўзаро қўшилиб, якуний рейтинг балли чиқарилди.

Дарвоқе, сайт таҳририяти ҳам, суратлар қайси смартфонда олинганлигини билган ҳолда, камералар бўйича ўз рейтингини тузишди. Лекин бунга сал қуйироқда тўхталамиз, ҳозирча эса…

Ўқувчилар шундай овоз беришди:

Селфи Кундуз Тун Макро Портрет Якун
Xiaomi Mi 5S 2 2 1 3 1 9
Sony Xperia XZ 3 1 4 1 4 13
Huawei Mate 9 1 6 3 2 3 15
Samsung Galaxy S7 edge 4 5 5 4 2 20
iPhone 7 Plus 6 3 2 5 5 21
Google Pixel 5 4 6 6 6 27

Энди эса улардан ҳар бирининг тавсифига ўтсак.

6-ўрин: Xiaomi Mi 5S (9 балл)

Xiaomi флагмани, гарчи охирги ўринни эгаллаган бўлса-да, айрим жиҳатлари таҳсинга. Аввало, у қолган рақибларидан камида икки баробарга арзон. Қолаверса, кундуз, макро ва селфи сюжетларида Mi 5S охирги қатордан юқорироқ кўтарилган ҳам. Адолат кўзи билан қарасак, нархини инобатга олганда анча юқори сифатга эга қурилма, камераси ҳам ажойиб.

Қизиғи, хитойлик ишлаб чиқарувчиларнинг мазкур флагмани фақат селфи синовида нисбатан ёмонроқ натижа кўрсатган, аммо сайт мухлислари айнан шу кадрни юқори баҳолашган ва мазкур сурат олтинчи эмас, балки бешинчи поғонани забт этган.

5-ўрин: Sony Xperia XZ (13 балл)

Sony флагмани камерасининг пикселлари ўта юқори эканлиги унинг фойдасига эмас, балки аксинча ишламоқда. Рақобатчиларида 12 МП бўлса, Xperia XZ камераси нақ 23 мегапикселли, ахир! Смартфон хусусиятларида бу ўта ижобий баҳоланиши аниқ, аммо суратга олганида… “шовқин”лар кўпайиб, майда тафсилотлар йўқола боради. Ахир, кичкина матрицада ёруғлик сезувчи унсурлар сони қанчалик кўп бўлса, улардан ҳар бирига тушувчи ёруғлик миқдори шунча камаяди-да.

Аммо олдинги тестда паст баҳоланган Xperia X Performance моделидан кўра, компаниянинг бу янги флагмани бирмунча юқори натижа қайд этди. Унинг камераси кадрлар аниқлиги ва ранглар билан ишлаши анча яхшиланган, сурат ёқимли ва жонли чиққан. Яна селфи-камера ҳам ўзини кўрсатган.

4-ўрин: Huawei Mate 9 (15 балл)

Huawei компаниясининг Leica қўшалоқ камерасига эга улкан флагмани ўқувчилар рейтингида таҳририят рейтингига нисбатан икки поғона паст ўринни эгаллади.

Mate 9 камерасининг аниқ ва деталларигача олинган селфиси негадир энг кам овоз тўплаган. Шунингдек, рангларни табиийга ўта яқин бериши ва макро сюжетида камерани жуда яқин келтириб суратга олиш имконияти ҳам етарлича баҳоланмаган, деб ҳисоблайди Hi-Tech Mail.Ru таҳририяти. Бироқ кундузги сурат ҳар иккала (таҳририят ва ўқувчилар наздидаги) рейтингнинг энг юқори поғонасини забт эта олди.

3-ўрин: Samsung Galaxy S7 edge (20 балл)

Hi-Tech Mail.Ru нашрининг ўтган галги тести ғолиби бу сафар учинчи ўрин билан кифояланишига тўғри келди. Бироқ бу смартфон борасида таҳририятнинг фикри ҳам ўқувчиларники билан бир хил. Селфи-камера аввалдан унча яхши эмасди: рангларни бериши жойида, аммо аниқлик ва майда деталларга келганда – унчалик эмас. Яна асосий модулнинг автоматикаси ҳам “қилиқ қилган”: тунги кадрга кўпроқ сарғиш ранг бергани ва портрет сюжетида юзни бинафшарангга мойил қилиб чиқаргани тасвирнинг сифатини туширган. Айни шу боис ҳам S7 edge ҳар иккала рейтингда iPhone 7 Plus камерасига ён берган.

Тўғри, кореялик ишлаб чиқарувчиларнинг ушбу флагмани суратга олиш тезлигида ва автофокус тезлигида тенгсиз. Аммо мазкур тестда, афсуски, бу жиҳатлар инобатга олинмади, фақат расмлар сифатига қаралган.

2-ўрин: iPhone 7 Plus (21 балл)

Apple’нинг янги флагманида туширилган кадрлар сайт ўқувчиларига жуда маъқул келган: iPhone 7 Plus селфи сюжетида биринчи ўринни олган бўлса, макро ва портрет сюжетларида иккинчи ўринларни эгаллаган. Таҳририят эса бу танловга унчалик қўшилмаган: портрет режимидаги чапланган сарғиш суратда тафсилотлар ҳам яхши эмас.

1-ўрин: Google Pixel (27 балл)

Етакчи камерани танлашда сайт таҳририяти ва мухлисларнинг фикри бир жойдан чиққан. Бундан яна битта хулоса чиқариш мумкин: смартфонда айнан қандай фотомодуль қўлланганлиги эмас, балки ундаги дастурий алгоритмлар муҳимроқдир.

Камеранинг ҳар бир ишга туширилишида автоматик тарзда ёқилувчи HDR режими нақ мўъжиза яратган: у кадрдаги ёрқин ва тўқроқ ҳудудчалар орасидаги “жарлик”ларни нисбатан силлиқлаштирган ва рангларни янада жонлантирган. Гарчи камерада ҳатто оптик барқарорлаштириш функциясиям бўлмаса ҳамда HDR режими ўчириб қўйилганида Google Pixel камераси iPhone 7 Plus’га нисбатан анча сифатсиз суратлар олса ҳам, технология мўъжизаси сабабли у тўлиқ куч билан ишлаганида энг ажойиб тасвирларни тақдим этади.

Таҳририят рейтинги

Таҳририят рейтингини тузишда, юқорида таъкидлаганимиздек, расмларнинг қай бири қайси смартфонда туширилганини билган ҳолда баҳолашган. Асосан кадрнинг кам ёритилган ҳудудчаларидаги ранглар аро аниқлик ва майда деталларнинг тасвирланишига эътибор қаратишган. Ундан кейинги ўринда эса рангларнинг аслиятга яқинлиги инобатга олинган.

Аслида, таҳририят танлови ҳам сайт мухлислари рейтингидан унчалик фарқ қилмайди, фақат бунда Huawei флагмани тўртинчи эмас, балки иккинчи поғонани эгаллаган.

Хуллас, таҳририят фикрига кўра, флагманлар камераси рейтинги мана бундай:

  1. Google Pixel
  2. Huawei Mate 9
  3. iPhone 7 Plus
  4. Samsung Galaxy S7 edge
  5. Sony Xperia XZ
  6. Xiaomi Mi 5S

Муҳим бир жиҳатни эслатиб ўтмоқчимиз. Бу шунчаки, 2016 йилги флагманлар имкониятларининг яна бир намойиши ҳамда брендларига қарамасдан, камераларнинг ўзига хосликларини баҳолашга бўлган бир уриниш эди. Аслида, мазкур гаджетларнинг ҳар бирида ҳам аъло сифатли фотосуратлар тушириш мумкин.

Ҳамидбек ЮСУПОВ тайёрлади