Ўтган йили «раҳматли» бўлган технологиялар

  •   DiMaX
  •  1802
  •  17.01.2017 19:30

Ўтган йили «раҳматли» бўлган технологиялар

Тобора илгарилаб бораётган фан ва технология ютуқларини, бу борадаги янги қурилма ва дастурларни ўзлаштириб олишга ҳам инсоният улгурмаяпти, десак ишонаверинг. Аммо шу билан бирга, бу қурилма ва дастурий таъминотларнинг айримлари эскириб, истеъмолдан чиқиб, тарих саҳифаларидан жой олишга ҳам улгуряпти. CNN Money нашри ўтган 2016 йили «раҳматли» бўлган айрим технологик маҳсулотлар рўйхатини тақдим этди.

iPhone’лардаги қулоқчин улаш тирқиши

Ўтган йилнинг сентябрь ойида Apple ўзининг симсиз қулоқчинларини оммалаштириш ва ривожлантириш мақсадида, янги смартфонларида стандарт 3,5 миллиметрлик қулоқчин улаш тирқишларидан воз кечди. Бу қарор компаниянинг кўплаб ихлосмандларига маъқул келмади, зеро, энди янги iPhone 7 сотиб олувчилар симсиз қулоқчинларни ҳам харид қилишга ёки ўтказгич ишлатишга мажбур бўлишади. Компаниянинг AirPods деб аталувчи янгича қулоқчинлари эса кўп ҳам эмас, оз ҳам эмас – нақ 160 АҚШ доллари туради, ахир!

Эҳтимол, кенг истеъмолчилар оммаси ҳали бунақа технологик янгиликни қабул қилишга тайёр эмасдир, симсиз қулоқчинлар шунинг учун ҳам ғалати туюлаётгандир. Лекин Apple мусиқа бозорини ривожлантиришда шу йўлдан юришга жиддий киришган. Балки яқин келажакда ҳаммамиз ҳам симсиз қулоқчинлардан фойдаланишга ўтармиз, ўшанда ҳали, бир замонлар доимо чувалашиб юрадиган симли қулоқчинлардан фойдаланганимизни кулиб эслаб юрармиз…

Samsung Galaxy Note 7

Samsung компаниясининг бошига 2016 йил кўп ташвишлар келтирди, аммо улардан энг даҳшатлиси шов-шувли Galaxy Note 7 смартфонлари билан боғлиқ.

Октябрь ойида мазкур қурилмаларнинг ёниб кетиши билан боғлиқ кўп сонли ҳолатлар боис, Samsung бу моделни ишлаб чиқаришни тўхтатди. Бунгача ҳам, сотувлари бошланганига ҳали кўп вақт бўлмай туриб, 2,5 миллион дона Note 7 савдодан қайтариб олинди, тағин бу жараён яхши ташкиллаштирилмади ҳам. Энди эса мазкур смартфонларни ҳатто самолёт бортига бирга олиб чиқиш ҳам тақиқланган.

Таҳлилчиларнинг фикрича, Note 7 лойиҳаси компания сотувлари 9,5 млрд долларга пасайишига ҳамда Samsung 5 млрд доллар соф фойдадан қуруқ қолишига олиб келган.

Дарвоқе, компанияси ўзининг 3 млн дона идиш ювувчи машиналарини ҳам худди шу сабаб – портлаб кетиши эҳтимолига кўра қайтариб олган.

Видеомагнитофонлар

Фильмлар, концертлар ва бошқа видеомаҳсулотлар бир замонлар тасмали кассеталарга ёзилгани ва улар видеомагнитофонларга қўйиб, телевизорга улаб томоша қилинганини айтсангиз, ҳозирги ёшлар кулиши мумкин. Ахир, улардан кейин CD ва DVD-дисклар чиқди, видеофайлларни рақамли сақлагичлар – флешкаларга кўчириб сақлаш ва уни тўғридан-тўғри ТВга улаб томоша қилиш, яна онлайн тарзда кўриш мумкин бўлган замонда бу ўта примитив туюлади-да!

Аммо мана бу факт сизниям ҳайрон қолдиришига аминмиз: видеокассетали видеомагнитофонларнинг ишлаб чиқарилиши ва сотилиши то 2016 йилнинг ярмигача давом этган! Ҳа, ишонаверинг, мазкур қурилмаларнинг охирги ишлаб чиқарувчиси – Япониянинг Funai Electric компанияси ўтган йилнинг июль ойида видеомагнитофон ишлаб чиқаришни тўхтатди.

Ушбу технология оммалашув чўққисини забт этган кезларда мазкур компания йилига 15 млн видеомагнитофон сотган – бу катта кўрсаткич. Аммо технологиялар ривожланиб, CD ва DVD, кейинчалик эса Blu-ray дисклар истеъмолга кириб келди, «булутли» сервислар орқали онлайн режимда видео кўриш имконияти пайдо бўлди… Буни қарангки, ҳатто шундай тараққиёт палласида ҳам Funai Electric бўш келмаган – ўтган йилнинг ана шу ярмида ҳам у 750 минг дона видеомагнитофон ишлаб чиқариб, истеъмолчиларга етказган.

Илк видеомагнитофонлар ўтган асрнинг 60-йилларида пайдо бўлганини ҳисобга олсак, бозорни 50 йил ушлаб туриш – ҳар қандай технологик маҳсулот учун ҳам жуда яхши кўрсаткичдир.

Гироскутерлар

2015 йили дунё бўйлаб гироскутер ишқибозлари роса кўпайди, лекин ўтган йили бу қурилмалар унчалик «ўтмай» қолди. Бунинг сабаби эса ушбу матоҳлар ҳам ёниб ёки портлаб кетаётганлиги ҳолатлари бўлди. Бу ҳақдаги хабарлар туфайли, АҚШнинг Истеъмол маҳсулотлари хавфсизлиги комиссияси гироскутерларни хавфли, деб топди. Шундан сўнг савдо тармоқлари ўз дўконлари пештахталаридан бу қурилмаларни олиб ташлашди, транспорт компаниялари эса автобус ва поездларда гироскутер олиб юришни тақиқлашди. Оқибатда 500 мингдан ортиқ қурилма ўз ишлаб чиқарувчиларига қайтарилди.

Ёниб кетишларнинг сабаби – гироскутерларга ўрнатилган литий-ионли аккумуляторлар, деб топишди – Samsung Galaxy Note 7 смартфонларида ҳам шунақалари ўрнатилган эди. Гарчи ишлаб чиқарувчилар кейинчалик бу қурилмаларда бирмунча хавфсиз технологияларни қўллай бошлашган бўлса-да, юқорида айтилган Комиссия барибир уларни қайтариб олишни ва савдога қўймасликни талаб қилишда давом этмоқда.

Microsoft Sunrise иловаси

2016 йили Microsoft Sunrise (ингл. – «тонг») иловаси учун ҳам, ифодали қилиб айтадиган бўлсак, «кун ботиши» палласи бўлди.

Ўзининг ижтимоий функцияларига, уйқуни мониторинг қилиш имкониятига эга бўлган календарь тарзидаги мазкур оммабоп иловани корпорация 2015 йилнинг октябрь ойида қўлга киритган эди. Аммо орадан бир йил ҳам ўтмасдан, Microsoft мазкур лойиҳани ёпди ва Sunrise функцияларини ўзининг Outlook почта сервисига ўтказди. Шу туфайли дастурда хариталарни қўллаб-қувватлаш ва Skype’га қўнғироқ қилиш имконияти пайдо бўлди, шунингдек учрашувлар белгилаш янада қулайлашди.

Facebook Paper иловаси

Ушбу илова 2014 йили тақдим этилган, у Facebook фойдаланувчиларига дўстларининг профилларидаги янгиланишларни ҳамда оммавий ахборот воситаларидаги мақолаларни бир вақтнинг ўзида кўриш имконини берар эди. Айримлар бу ёндашувни янгиликлар хизматлари учун келажак технологиялари, деб ҳам баҳолашди. Бироқ илова фойдаланувчиларнинг дидига унча ўтирмади.

Paper иловасининг энг таниқли функцияси «Тезкор мақолалар» деб номланган эди. Унинг ёрдамида фойдаланувчилар оммабоп ОАВларнинг мақолаларини кўришлари ва ўз телефонларига юклаб олишлари мумкин эди. Бу вақтнинг ўзида иловалар аро ўтишни амалга оширмасдан туриб, Facebook’даги янгиликлар тасмаларини ва шахсий хабарларини кузатиб боришар эди.

Аммо синов сифатида истеъмолга чиқарилган мазкур иловани жуда кам сонли Facebook фойдаланувчилари ишлатиб кўришди ва охир-оқибатда 2016 йилнинг 29 июлида бу сервис ўз ишини тўхтатди.

Google Picasa

Ўтган йилнинг март ойида Google фотосуратларни сақлаш ва ўзаро алмашиш сервиси – Picasa учун қўллаб-қувватлашни тўхтатди. Зеро, бунгача Google Photos сервиси ишга туширилган бўлиб, иккаловининг функциялари деярли бир хил эди. Фарқи – Google Photos анча сифатли маҳсулот бўлиб чиқди.

Ҳали камерали смартфонлар чиқмасиданоқ Picasa сервисида рақамли суратларни таҳрирлаш ва тизимлаштириш мумкин эди, шу боис у кўплаб фойдаланувчиларга жуда маъқул келган эди. Сервиснинг ёпилиши ҳақидаги хабар уларни қувонтирмади, лекин Google янги сервисга ўтиш жараёнининг силлиқ кечишини таъминлай олди: Picasa’даги барча фотосуратлар ва альбомларга Google Photos орқали кириш мумкин бўлди.

Motorola

Lenovo компанияси 2016 йилда Motorola номидан қутулди, энди у иккала бренднинг бирлашуви натижасида олинган Moto by Lenovo савдо маркасидан фойдаланади.

Бутун дунёга илк уяли ва радиотелефонларни тақдим этган Motorola компаниясининг ишлари кейинги йилларда юришмай қолганди. 2012 йилдан бери уни икки марта сотиб олиб, яна савдога қўйишди. Дастлаб уни Google 12,5 млрд долларга сотиб олди, қидирув гиганти шу йўл билан смартфонлар бозорига чиқишни мўлжаллаганди.

Лекин Moto X смартфонларининг савдоси кўнгилдагидек кечмади, охир-оқибатда Google бу компанияни Lenovo’га 2,9 млрд эвазига сотиб юборди.

Бугунги кунда Moto тизимига смартфонлар, тақилувчи қурилмалар ва Bluetooth-гарнитуралар киради.

Google Project Ara

Google компаниясининг Ara деб номланган модулли телефони куздаёқ савдога чиқарилиши мўлжалланган эди, аммо бу лойиҳадан тезда воз кечилди.

Google’нинг ATAP тажрибалар бўлинмаси уч йилдан ошиқроқ вақт мобайнида янгича инновацион концепцияни яратганди, унга кўра, фойдаланувчилар ўз телефонларини мустақил тарзда лойиҳалаштиришлари мумкин бўлиши керак эди. Режага кўра, смартфоннинг кичкина қисмлари LEGO конструктори бўлакчаларига ўхшаш бўлиб, бемалол уларнинг ўринларини алмаштириш, заруратга қараб айримларини смартфондан олиб қўйиш ёки улаш имкони бўладиган эди.

Афсуски, Пуэрто-Рикода тестдан ўтказилганида Ara лойиҳаси техник мураккабликларга дуч келди ва ўта қимматга тушиши маълум қилиниб, тўхтатилди.

BlackBerry телефонлари

Уяли телефонлари ва клавиатуралари билан машҳур бўлган BlackBerry компанияси энди ўз қурилмаларини ишлаб чиқармайди.

Ўтган йилнинг сентябрида компания, энди ўз ҳамкорлари билан биргаликда эски BlackBerry қурилмаларига ўхшаш телефонлар сотиш билан шуғулланишини маълум қилди. Зеро, бир неча йилдан бери унинг маҳсулотлари савдоси мунтазам тарзда секинлашиб келаётган эди. Энди BlackBerry асосий эътиборини дастурий таъминот ишлаб чиқишга қаратадиган бўлди.

Таъкидлаб ўтиш ўринлики, iPhone пайдо бўлгунига қадар BlackBerry қурилмалари юқори даражада оммалашган эди.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!