Инглизчани ўргатувчи бепул иловалар

  •   DiMaX
  •  12350
  •  13.02.2017 12:31

Инглизчани ўргатувчи бепул иловалар

Хорижий тилни компьютер ва смартфон дастурлари орқали ўрганиш – ҳозирги кунда оммалашган йўналиш. Масалан, смартфонингизда шунақа илова бўлса, қаерда эканингиздан қатъи назар, ҳар куни бўш вақтингизда ёки маълум соатларни махсус ажратиб, тил ўрганиб бориш қулай-да. Лайфхакер сайти инглиз тилини ўрганиш учун энг мақбул бўлган бепул иловалар рўйхатини тақдим этган.

«Вақт йўқ» – энг сийқаси чиққан баҳона. Аслида энг банд киши ҳам инглиз тилини ўрганиш учун вақт ажрата олади. Бунинг учун машғулотлар узун ва жонга тегадиган бўлиши шарт эмас, фақат мунтазам бўлиши шарт! iOS ва Android тизимларига мослаб чиқарилган қуйидаги дастурлар орқали инглиз (ёки бошқа бирор хориж) тилини йўл-йўлакай, бир финжон қаҳва устида ҳам оз-оздан ўрганса бўлади.

Voxy

Ушбу илованинг бошқаларига нисбатан асосий афзаллиги шундаки, у реал вақт режимида айнан сизнинг талаб ва истакларингизга мослашиб боради. TOEFL’га тайёргарлик кўрмоқчимисиз? Саёҳат давомида керак бўладиган жумлаларни ёдламоқчимисиз? Иш учун суҳбатга тайёрланмоқчимисиз? Марҳамат! Айни шу тил соҳиби бўлган устозлар тезкорлик билан сизга ёрдам беришади. Бундан ташқари, илова ҳар куни янгиланиб боради.

Android ёки iOS учун юклаб олишингиз мумкин.

Words

Apple таҳририяти бу дастурни «Таълим» тоифасидаги энг яхшиси, дея эътироф этгани бежиз эмас. Унинг базасида саккиз мингдан ошиқ сўз бор, яна илова оффлайн режимида (интернетга уланмасдан туриб) ҳам ишлай олади! Асосий устунлиги: дастур аниқ бир фойдаланувчига (яъни, сизга) мослашади ҳамда топшириқ ва тестларда у айнан аввал сиз мураккабликларга дуч келган сўзларни таклиф қилади. Сўзнинг маъносини аниқлашда хатога йўл қўйдингизми – то эслаб қолгунингизча сизга яна бир неча марта айни шу сўз таклиф этилади.

Android ёки iOS учун юклаб олишингиз мумкин.

Easy Ten

Мазкур илова ёрдамида сиз ҳар куни ўнтадан янги сўз ёдлаб, ўз хорижий сўзлар бисотингизни мунтазам тарзда бойитиб борасиз. У кўп вақтингизни олмайди – кунига 20 дақиқа ажратсангиз кифоя. Дастур 20 мингдан ортиқ инглизча сўзларни «билади» ва махсус тренажёр ёрдамида сиз уларни тўғри талаффуз этишингизни ҳам мукаммаллаштириб борасиз. Булардан ташқари, янги сўзларни мавзуларига қараб тақсимлай оласиз, ўрганишингиз жараёнини кузатишингиз имкони бор – булар эса сизни олға ундайдиган қўшимча омиллар бўлиб хизмат қилади.

Android ёки iOS учун юклаб олишингиз мумкин.

Learn English

Бу дастур ёрдамида инглиз тили грамматикаси бўйича билимингизни такомиллаштирасиз ва жумлалар тузишдаги хатоларингиз устида ишлайсиз. Бу жиҳатлар эса ҳатто шу тилда сўзлашувчиларда ҳам учраб турадиган хатолар сирасига киради. Матнли материаллар, аудиофайллар ва тестлар эса бу борадаги билимларингизнинг қаерида кемтикликлар мавжудлигини аниқлаб, тўлдиришга ёрдам беради.

Android ёки iOS учун юклаб олишингиз мумкин.

Rosetta Stone

«Розетта тоши» сизга янги сўзларни тегишли ўзаро боғлиқликлар – ассоциациялар орқали эслаб қолишда ёрдам беради. Талаффузни баҳолаш дастури ўрганган сўзларингизни тўғри айта билишга ўргатади. Илованинг ўзи бепул, аммо пулли материаллари ҳам бор.

Android ёки iOS учун юклаб олишингиз мумкин.

English Grammar in Use Activities

Cambridge University Press ишлаб чиқарган бу дастур сизга грамматик кўникмаларингизни мукаммаллаштиришда кўмакчи бўлади. Артикллар, нотўғри феъллар, отларни ўрганишни сиз унинг ёрдамида автоматик йўлга солишингиз мумкин.

Android ёки iOS учун юклаб олишингиз мумкин.

Memrise

Инглиз тилини ўрганиш жараёни ҳузур бахш этиши, янги сўзлар эса осонгина эсда қолиши учун мана шу – таълимга ўйин усулида ёндашилган иловани тавсия этишади. Memrise разведка гуруҳининг раҳбари сизни ўрганилмаган инглиз тили олами бўйлаб қизиқарли саёҳатга юборади. У ерда эса жумбоқлар кўп, йўлингизда душманларнинг сирли агентлари ва яхши ёрдамчилар учрайди…

Android ёки iOS учун юклаб олишингиз мумкин.

Phrasalstein

Бу антиқа дастур ёйиқ (фразали) феълларни тўғри қўллашга ўргатади. Phrasalstein ишлаб чиқувчилари унга ўзгача ёндашишган: энг кўп учрайдиган 100 та ёйиқ феълни қўрқинчли мультфильмлардан олинган лавҳалар асосида ўргатади!

Android ёки iOS учун юклаб олишингиз мумкин.

Англаб етганингиздек, юқоридаги иловалар инглиз тилини турли даражада билувчи кишиларга мўлжалланган. Мураккаблик даражасини, ўрганиш режимингизни ўзингиз белгилаб, бирортасини танласангиз етарли. Фақат ҳар куни шуғулланиб, такрорлаб боришни унутманг.

Бу дастурлардан лексикани ўрганиш ва грамматикани такрорлаш учун алоҳида восита сифатида фойдалансангиз ҳам, инглиз тили курслари ёки репетиторга қатнаш жараёнидаги ёрдамчи қўлланма тарзида ишлатсангиз ҳам бўлаверади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.