Машҳур айфон таҳлилчиси iPhone 8 ҳақида “башорат”ларини айтди

Машҳур айфон таҳлилчиси iPhone 8 ҳақида “башорат”ларини айтди

KGI Securities тадқиқот марказининг таҳлилчиси, Apple маҳсулотлари бўйича таниқли “башоратчи” Мин-Чи Куо бу гал iPhone 8 смартфонининг қувват олиш тизими ва аккумулятор сиғими хусусида фикр билдирди. Унинг сўзларига кўра, янги айфон янада кенг сиғимли аккумулятор билан таъминланади. Бу тўғрида таниқли ахборот технологиялари нашри 9to5mac ёзмоқда.

Навбатдаги iPhone тақдимотига ҳали ярим йилча фурсат бўлса ҳам, у тўғрида турли маълумотлар ҳар куни тарқалмоқда. Таҳлилчи Куонинг сўзларига кўра, iPhone 8 гаджетининг қувват тоши икки бўлимдан иборат бўлади. Бу аккумуляторларнинг электр токи сиғими iPhone 7 Plus батарейкасиники каби бўлади. Яъни, iPhone 8 девайси 2700 мА соат токни ўзида жам қила олади. iPhone 7 смартфонидаги аккумулятор сиғими эса 1960 мА соат.

iPhone 8’ни баъзи бир инсайдерлар iPhone X деб ҳам номлашмоқда. iPhone X шу вақтга қадар ишлаб чиқарилган айфонлар ичида энг қиммати бўлади. У билан бирга iPhone 7s ва iPhone 7s Plus ҳам тақдим қилинади.
iPhone 8 гаджетининг ўлчамлари iPhone 7’ники билан бир хил бўлса ҳам, унинг экрани 5,5 дюймли бўлади. Яъни, корпусдаги экран учун жой кенгаяди ва олд панел деярли дисплейдан иборат бўлади. Apple янги смарфтонлар учун OLED-матрицалардан фойдаланади. Бундай экранлар кам қувват ейиши билан ажралиб туради.

Жаноб Куонинг айтишича, Apple смартфон учун янги дизайндаги ихчам “она плата”ни ишлаб чиққан. Натижада, корпусга икки қисмдан иборат аккумуляторни жойлаштириш имконияти яратилди. Бу янгича плата iPhone 7s ва iPhone 7s Plus гаджетларида ҳам ўрнатилади. Экспертнинг айтишича, янги iPhone орқа панели шиша хомашёсидан тайёрланади. Ҳар учала смартфон симсиз қувват олиш функциясига эга бўлади.