Хорижий тилларни сайтларда ўрганамиз

  •   DiMaX
  •  2527
  •  15.02.2017 12:17

Хорижий тилларни сайтларда ўрганамиз

Хорижий тилни ўрганишда энг муҳим жиҳатлардан бири – нутқ амалиёти эканини биламиз. Лайфхакер сайти бу борада ёрдам берувчи қуйидаги сайтларда мулоқот қилиш орқали ёзма нутқингизни ўстиришни тавсия этади.

Hellolingo

Бу – хорижий тилларда мулоқотга мослашган ва 2015 йилда ёпилган Sharedtalk.com сайтининг янги версиясидир. Hellolingo суҳбатдош излашда ўта соддалиги билан ажралиб туради. Профилингиз анкетасини тўлдирасиз, умумий чатга кирасиз ва ким билан суҳбатлашишни танлайсиз. Фойдаланувчилар ҳақидаги маълумотлар минимум даражада: мамлакати, жинси, ёши, она тили ва ўрганаётган тили.

Ўз йўналишидаги бошқа сайтлардан фарқли равишда, Hellolingo’да аватаркага фотосурат қўйиш имкони йўқ. Бу билан сайт муаллифлари, сайтда чет тилида мулоқот амалиёти ўрнига шунчаки танишиб, чиройли аёл-қизларга гап отиб юрадиганлар сонини имкон қадар камайтиришни мақсад қилишган.

Суҳбатдош билан ёзиша бошлагач, сиз у билан овозли тарзда гаплашишингиз имкони ҳам мавжуд. Олдин ёзишмай туриб қўнғироқ қилиб бўлмайди. Шунингдек, сайтда Voice Chat ++ чати ҳам бор, лекин у қўнғироқлашиш учун эмас, балки фақат контакт маълумотларини ўзаро алмашишга мўлжалланган. Масалан, Skype’даги ўз аккаунтингиз ID’сини кўрсатишингиз ва Skype орқали субатлашишга чорлашингиз мумкин.

Агарда чатда ўзингизга мос суҳбатдош топа олмасангиз – муаммо эмас: «Find a Language Partner» бўлимига ўтасиз. Бу ерда айни пайтда онлайн бўлмаган исталган фойдаланувчига ҳам ёзсангиз бўлаверади.

Speaky

Тил бўйича ижтимоий тармоқ ҳисобланувчи ушбу сайт илгари Gospeaky деб номланган. Вазифасига кўра унинг Hellolingo’дан фарқи кам, фақат Speaky’нинг дизайни ёрқинроқ, жонлироқ, шунингдек, Android тизимли қурилмалар учун мобил иловаси ҳам бор.

Ушбу сайтда суҳбатдош излаш янада қулайлаштирилган: агар сиз фақат «native speakers» тоифасидаги юзерларни излаётган бўлсангиз, шу тил соҳиби бўлмаган бошқаларини фильтр ёрдамида яширишингиз мумкин. Мулоқот фақатгина матнли чатда олиб борилади, овозли алоқа бу сайтда йўқ. Унинг кўп фойдаланувчилари одатда ўзаро контактларини олишиб, Skype ёки бошқа бирор мулоқот воситаси орқали ҳам гаплашишади.

Чатнинг қизиқ бир хусусияти мавжуд – унда ёзилган хабарларнинг матнига ўзгартириш киритиш мумкин. Нафақат ўзингиз ёзган, ҳатто суҳбатдошингиз ёзган хабарнинг ҳам матнини таҳрирлашингиз мумкин. Бу ҳам керакли функция – масалан, хатоларингизни тўғрилашини суҳбатдошингиздан сўрашингиз мумкин. Бундай ҳолларда сиз ёзган хато матн усти чизилиб, ёнида суҳбатдошингиз томонидан тўғри ёзилган варианти пайдо бўлади.

Speaky мобил иловаси ҳам функционаллиги бўйича веб-версиясидан қолишмайди, аммо унда ёзишиш унчалик ҳам қулай эмас. Кўпчилик фойдаланувчилар эҳтиёжларига мос – мессенжерлар учун стандарт бўлган расм жўнатиш, овозли хабарлар юбориш каби функциялар унда йўқ.

Lang-8

Мазкур сайтнинг ўзига хос хусусияти шундаки, у чатда ёзишиш эмас, балки турли матнлар, иншо, мақолачалар ёзишиш орқали ёзма нутқни ўстиришга ихтисослашган.

Хорижий тилда саводли тарзда ёзишни ўрганиш осон эмас – бунинг учун яхши сўз бойлигига ва грамматика бўйича билимга эга бўлиш лозим. Бу борада амалиётнинг энг яхши усулларидан бири – матнни ёзиб, уни текширтириш учун шу тил соҳибларига бериш. Айнан мана шунинг учун Lang-8 сайти жуда қўл келади.

Сайтда чет тилида блог юритиш лозим бўлади, блогингиз ичида эса ўзингиз истаган турдаги матнларни ёзишингиз мумкин. Блогпостни у ерда чоп этганингиздан кейин у ёзилган тил соҳиблари матнни текшириб, изоҳлашади. Текширув интерфейси ҳам қулай ишланган: тўғриланган сўзлар устидан чизилади, қўшилганлари эса бошқа ранг билан ажратиб кўрсатилади.

Дарвоқе, сайтдаги фаоллигингиз ҳам рағбатлантириб борилади. Таҳрирлаш ишларингиз учун L-points деб номланувчи очколар берилади. Очколарингиз сони қанча кўп бўлса, сизнинг ёзувларингиз бошқа фойдаланувчиларнинг тасмасида шунча кўпроқ кўрсатилади. Табиийки, битикларингизни таҳрир этишларини кўп кутиб қолмайсиз бунда.

Lang-8 сайтида ижтимоий тармоқнинг асосий унсурлари – фотосуратлар, дўстликка қўшиш, шахсий хабарлар каби функциялар мавжуд. Сайтдан нафақат тил ўрганиш, балки шунчаки ёзишиб юришга дўстлар топиш мақсадида ҳам фойдаланса бўлади.

Interpals

Interpals – тил ўрганишга бағишланган энг «қадимий» сайтлардан бири. У 1998 йилдан бери фаолият юритади ва турли мамлакатлардан миллионлаб иштирокчилари бор. Дизайни нисбатан эскича бўлса-да, мазкур ижтимоий тармоқда иштирокчи кўп, шу боис ёзишиш учун дўстлар топиш анча осон кечади.

Ижтимоий тармоқ учун талаб этиладиган барча функциялар ушбу сайтда ҳам бор: бу ерда аватарка ва фотоальбомлари билан батафсил профил тўлдириш, фойдаланувчиларнинг деворларидаги муҳокамаларда иштирок этиш, анкеталар ёрдамида дўстлар топиш мумкин.

Hellolingo’дан фарқли равишда, Interpals яратувчилари ўз фойдаланувчиларига кўпроқ эркинлик беришган: бу ерда фақат тил ўрганмасдан, балки романтик муносабатларга киришиш имкони ҳам мавжуд. Ҳатто қидирув менюсида махсус «Romance / Flirting» бўлими ҳам бор! Балки шунинг учундир, Interpals’га кўпинча спам тушади, таълимий мақсадларга оид бўлмаган хатлар ҳам келиб туради. Улардан қутулиш учун эса махфийлик созламаларига мурожаат этиш етарли. Сайтда «қора рўйхат» созламалари шу қадар пухта ишланганки, муайян жинсдаги, тегишли ёшдаги, бирор мамлакатдаги фойдаланувчиларнигина блоклаш имкони ҳам бор!

Гарчи дизайни бўйича Speaky ёки Hellolingo’дан анча орқада бўлса ҳам, Interpals уларга нисбатан анча кенг оммалашган.

Хўш, хорижий тилни ўрганиш борасидаги билимларингизни амалда синаб кўриш ва такомиллаштириш учун сайтларга мурожаат этишга тайёрмисиз?