Apple iPhone SE’ни қаерда йиғиш бўйича бир тўхтамга келди

Apple iPhone SE’ни қаерда йиғиш бўйича бир тўхтамга келди

Reuters тарқатган маълумотларга кўра, Apple’нинг 2016 йил март ойида тақдим қилинган iPhone SE смартфони Ҳиндистонда тўлиқ йиғилувчи илк гаджети бўлади. Компаниядаги ишончли манбаанинг хабар беришича, айфон Бангалор шаҳридаги фабрикалардан бирида ишлаб чиқарилади.

Айфонни Ҳиндистонда йиғиш режаси бир муддат аввал маълум бўлган эди. Apple 2 ҳафта илгари Карнатака штатининг Ахборот технологияларини ривожлантириш вазири билан келишувга эришганини маълум қилган.

Тайванлик Wistron номли ишлаб чиқарувчига тегишли завод йилига 300–400 минг дона iPhone SE аппаратини ишлаб чиқариш салоҳиятига эга. Айфоннинг Ҳиндистон Республикасида йиғилиши Apple’га катта имкониятлар эшигини очиб беради. Жумладан, Ҳиндистон жадал ўсаётган йирик смартфон бозори ҳисобланади ва компания смартфон бозоридаги ўрнини мустаҳкамлашга муваффақ бўлади. Counterpoint тадқиқот компаниясининг маълум қилишича, Apple 2016 йилда Ҳиндистонга 2,5 миллион дона “айфон” сотган ва бу бўйича рейтингда 10-ўринни эгаллаган. Ундан олдинги ўринларни Хитойнинг қатор компаниялари эгаллашган.

iPhone SE Ҳиндистондаги ва жаҳондаги қиммат смартфонлардан бири ҳисобланади. АҚШда 4 дюймли телефон аппарати $399 доллардан сотилмоқда. Ҳиндистонда бўлса бу гаджет аввалига $582 АҚШ долларидан сотилган. Ҳозирда эса унинг нархи $447 долларни ташкил қилади. Унинг мамлакатда ишлаб чиқарилиши ва 12 фоизли солиқдан озод қилиниши смартфон нархини анча-мунча арзонлаштириши кутилмоқда.

2016 йил баҳорида Apple Ҳиндистонда картография бўйича ишланмалар тайёрлайдиган марказ фаолиятини йўлга қўйган эди. Мазкур марказда 4 минг нафар мутахассис фаолият кўрсатади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!