Nokia 3310 оммалашувининг сабаблари айтилди

Nokia 3310 оммалашувининг сабаблари айтилди

Финляндиянинг Nokia компанияси — телекоммуникация ускунлари ва дастурий таъминот маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиси, эҳтимол ўтмишнинг энг афсонавий ва машҳур мобиль телефон ҳамда смартфон ишлаб чиқарувчиси. Компания 2011 йилга қадар 20 та моделдаги смартфон ва мобиль қурилмалар сотиш бўйича халқаро бозорда етакчилик қилган.

New Atlas нашри томонидан эълон қилинган “Nokia 3310’нинг смартфонда йўқ ноёб жиҳатлари” номли мақолада Нокианинг 126 миллион нусхада сотилган афсонавий мобиль телефон аппарати нима сабабдан бу қадар оммалашиб кетгани баён қилинади.

Биринчидан, нашр тахминларига кўра, Nokia 3310’нинг “ўлмас”лиги уни замонавий смартфонлардан ажратиб туради. Хусусан, бугунги “ақлли телефон”лар вақт ўтгани сайин ишдан чиқади. Қолаверса, чанг ва сув таъсири боис уларни чехолсиз олиб юриш хавфли.

Айниқса, мақолада Nokia 3310’нинг чинакам “каскадёр”лиги, бир неча маротаба қўлдан тушиб кетса ҳам, омон қолишига диққат қилинади.

Шу билан бирга, смартфонлардан фарқли ўлароқ, Nokia 3310 ўта камтарин. У мобиль интернет, чехол ёки ҳимоя шишаси каби аксессуарлар учун ортиқча пул талаб қилмайди.

Nokia 3310’нинг яна бир ўзига хос жиҳати унинг бақувват аккумулятори бўлган. Унинг сиғими 900 мА соат бўлган қувват тошини бир маротаба қувватлаб, телефонни ўртача 10 кунгача қувватламасдан ишлатиш мумкин. Бугунги смартфонлар эса узоғи билан 24 соат “яшаш”га кучлари етади.

“Тўғри, замонавий смартфонлар янги технология боис тез қувват оладилар, аммо унинг қуввати бир кунга ҳам етмас экан, уни тезкор қувватлашдан нима фойда?” – дейди New Atlas.

Nokia 3310’нинг яна бир ўзига хослиги, бу — унда Snake 2 (“Илонча”) ўйини ҳамда унинг қулоққа ўрнашиб қолган рингтонларининг борлиги.

3310 — 2 диапазонли мобиль телефон бўлиб, алоқанинг GSM 900 ҳамда 1800 тармоқларида ишлаган. Қурилма функциональ жиҳатдан бирор ўзига хосликка эга бўлмаган: 5 ёзув қаторга эга ва графикани қўллаб-қувватлайдиган монохром дисплей, монофоник мусиқа имконияти ва 8 та кириш ҳамда 8 та чиқиш қўнғироқлари намоён бўладиган қўнғироқлар журнали.

Эслатиб ўтамиз, HMD Global компанияси шу кунларда Nokia 3310’нинг “қайта туғилган” моделини сотувга чиқаришни мақсад қилмоқда. Ушбу янги модел Барселонада ўтаётган MWC мобиль кўргазмада намойиш этилиш кутилмоқда. Унинг бошланғич нархи Европада 59 евро баҳосида сотилишb кутилмоқда.

Бу тўғрида батафсил ўқинг.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.