Huawei қўш 3D-камерали Honor V9’ни тақдим қилди

Huawei қўш 3D-камерали Honor V9’ни тақдим қилди

Хитойлик технология ишлаб чиқарувчиси Huawei ўз юртида Honor V9 номли янги смартфон моделини намойиш қилди. Бу флагман имконияти компаниянинг P ва Mate сериясига кирувчи гаджетлари имкониятлари билан деярли тенг. Ушбу смартфоннинг ўзига хос жиҳати сифатида унга ўрнатилган, атроф-муҳитни 3D ўлчамда суратга оладиган қўш камераларни айтиш мумкин.

5,7 дюймли, сиғими QHD (2560х1440 пиксель) бўлган LPTS туридаги дисплей билан таъминланган Huawei Honor V9 гаджети 4 Гб ёки 6 Гб тезкор хотира, 64 Гб ёки 128 Гб доимий ички хотира билан таъминланади. microSD бўлмачаси орқали хотирани янада кенгайтириш мумкин.

Юпқа металл корпусли Honor V9’га Huawei маҳсулоти бўлган 8 ядроли илғор HiSilicon Kirin 960 процессори ўрнатилган. Honor V9 девайси Android 7.0 Nougat операцион тизимининг компания томонидан қайта ишланган EMUI 5.0 интерфейсида ишлайди.

2 та SIM картага мўлжалланган Huawei Honor V9 алоқанинг 4G/LTE; 3G TD-SCDMA, WCDMA, CDMA2000; GSM GPRS/EDGE, CDMA 1X тармоқларида ишлайди.

f/2.2 апертурали бош камера 12 МП рангли ва 12 МП оқ-қора рангда 3D ўлчамда, яъни лазерли фокусировка тизими ёрдамида ён томонларни ҳам суратга олади. Уларни 3D-фото кўринишида ҳам нашр этиш мумкин. Ёруғлик паст жойда ҳам камераларнинг яхши суратга олиши айтилмоқда. Уларда 4К сиғимли видео тасвирга олиш мумкин. Олд камера 8 МП бўлиб, Full HD видео ёза олади.

Шунингдек, Honor V9’да бармоқ излари сканери, акселерометр, гироскоп, ёруғлик ва масофа-оарлиқ сенсорлари, электрон компас мавжуд. Унинг корпус ўлчамлари: 157х77,5х6,97 мм, оғирлиги 184 грамм. Honor V9 аккумулятори сиғими 4000 мА/ соат.

Халқаро бозорга Honor 8 Pro номи билан чиқарилиши айтилаётган смартфоннинг 4/64 ГБ талқини Хитойнинг ўзида 28 февралдан 377 АҚШ доллари, 6/64 ГБ талқини 436 АҚШ долларидан, энг юқори 6 ГБ оператив хотира ва 128 ГБ ички хотира талқини эса 508 АҚШ долларидан сотилади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!