Google директори сунъий онг эрасига атиги 12 йил қолганлигини айтди

  •   DiMaX
  •  1280
  •  22.03.2017 09:32

Google директори сунъий онг эрасига атиги 12 йил қолганлигини айтди

Google корпорациясининг техник директори Рэймонд Курцвейл илгари сурган фаразга кўра, технологик сингулярлик яқин 12 йилда содир бўлади. Технологик сингулярлик дегани – келажакдаги эҳтимолий давр бўлиб, унда технологияларнинг ўсиши шу қадар тезлашадики, техник тараққиётнинг графикдаги тасвири тикка чизиқдан иборат бўлади.

Курцвейл мазкур фаразни АҚШнинг Техас штатидаги Остин шаҳрида ташкил этилган анъанавий South by Southwest конференциясида айтган. Унга кўра, 2029 йилга бориб компьютерлар инсон даражасидаги онгга эга бўлади, дея хабар беради Futurism нашри.

Айтиш керакки, бу футуролог Хокинг, Маск ва Гейтс кабиларнинг ваҳимали башоратларига қўшилмайди. Курцвейл технологик сингулярликни имконият учун янги имконият, аниқроғи – эволюциянинг янги босқичи, деб ҳисоблайди. Бошқа таниқли технобашоратчиларнинг машиналар инсониятни қўлга олиши борасидаги ваҳимали гапларига у эътибор бермайди.

Google техник директорининг сўзларига кўра, сунъий онг инсоният тараққиётида катта силжишни амалга ошириши мумкин. Унингча, ҳозирда бизда мавжуд нарсаларнинг барчасини технологиялар фақат яхшилаши мумкин.

Softbank бош директори Масаёси Сон башоратига кўра, инсоният ва технологияларнинг бирлиги – сунъий онг эраси 2047 йилдан кейингина келиши мумкин. Аммо Курцвейл, сингулярлик йўлига ўтиш аллақачон бошланганлигини таъкидламоқда.

Таъкидлаш керакки, 1990 йилдан буён Курцвейл айтган 147 та башоратнинг 86 фоизи тўғри чиққан. Энди унинг инсоният ва технологияларнинг бирлиги борасидаги ижобий башорати ҳам тўғри чиқишини кутиш қолди, холос.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!