Кераксиз қўнғироқ ва хабарларни чекловчи Android-иловалар

  •   DiMaX
  •  4249
  •  23.03.2017 15:53

Кераксиз қўнғироқ ва хабарларни чекловчи Android-иловалар

Баъзида бирор рақамдан қўнғироқ қилаверишлари жонингизга тегиб кетадими? Айрим хизмат рақамларидан келадиган SMS ва MMS-хабарлар-чи? Android тизимидаги қурилмалар учун шуларни чекловчи махсус иловалар ишлаб чиқилган, қуйида улардан айримларини кўриб чиқамиз.

Тўғри, баъзи смартфонларнинг созламаларида ҳам чеклов функцияси бўлиши, шунингдек, айрим алоқа операторлари шундай хизматларни таклиф этиши бор гап. Аммо биз таклиф этаётган дастурларда чеклашдан ташқари қўшимча функциялар ҳам борки, бир назар солишга арзийди.

Truecaller

Жонга тегувчи қўнғироқлардан биратўла қутулишни истасангиз, Android учун ишлаб чиқилган Truecaller қўнғироқ чекловчи иловасини бир мартагина ўрнатиш кифоя. У ҳатто сизнинг телефонингиз контактлар рўйхатида бўлмаган спам-рақамлардан кирувчи қўнғироқларни ҳам аниқлаб, чеклай олади.

Номаълум рақамларни чеклаш учун Truecaller ўзининг спам-базасига эга ва у ҳамиша тўлдирилиб туради. Шунингдек, бирор абонентга қўнғироқ қилиб туша олмасангиз, ўша рақамга қўнғироқ қилиш имкони туғилиши биланоқ Truecaller сизга хабар бера олади.

Имкониятлари:

  • Қўнғироқ эгаси ҳақида маълумот
  • Кераксиз кирувчи қўнғироқларни чеклаш
  • Рақамларга бой база

«Кто звонил?»

Кирувчи қўнғироқларнинг қора рўйхатини яратиш учун жуда кучли бепул утилита. Бундан ташқари, Android учун «Кто звонил?» иловаси SMS билан ҳам ишлай олади. Унинг спам-базаси ҳам фойдаланувчиларнинг фаоллиги сабабли мунтазам тарзда ўсиб боради. Турли коллекторлар, банклар, суғурта компаниялари ва рекламалар – барча кенг тарқалган спамерлар унинг қора рўйхатида мавжуд.

Имкониятлари:

  • Қўнғироқ эгаси ҳақида маълумот
  • Кераксиз кирувчи қўнғироқларни чеклаш
  • Кераксиз SMSларни чеклаш
  • Рақамларга бой база

CallAp

Google Play’даги шу тоифага мансуб бошқа чекловчилардан фарқли равишда, бу илова нафақат кирувчи қўнғироқ ва SMSларнинг қора рўйхати билан ишлай олади, балки ҳатто кераксиз абонентларни ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда ҳам таний билади.

CallAp спам-базаси бутун дунё бўйлаб «кераксиз» рўйхатларни ўз ичига олади. Унинг қулай интерфейси ва фойдаланишдаги оддийлиги ҳам эътиборга лойиқ.

Имкониятлари:

  • Қўнғироқ эгаси ҳақида маълумот
  • Мессенжерларда рақамларни чеклаш
  • Кераксиз кирувчи қўнғироқларни чеклаш
  • Кераксиз SMSларни чеклаш
  • Рақамларга бой база

Blacklist

Содда интерфейс ва спамларни чеклаш учун кенг функциялар тўплами – мазкур дастурнинг ютуқларидан фақат бир қисми, холос. Blacklist иловаси MMS, SMS билан ҳам ишлай олади, чақирувлар фильтри эса бир неча режимга эга.

Унинг биттагина камчилиги бор – ўз спам-базаси йўқ, бироқ бу нуқсонини илованинг кенг функционали «босиб кетади». Бундан ташқари, унда қулай авто-жавоб бергич шаблонлари мавжуд.

Имкониятлари:

  • Авто-жавоб бергич шаблонлари
  • Кераксиз кирувчи қўнғироқларни чеклаш
  • Кераксиз SMSларни чеклаш
  • Кераксиз MMSларни чеклаш
  • Қора рўйхатнинг захира нусхасини яратиш

«Чёрный список»

Агарда мураккаб интерфейс ва кўп сонли опциялар орасида чалкашиб юришни истамасангиз, у ҳолда Android учун «Чёрный список» иловаси айнан сизга мос. У жуда енгил ва фақат иккитагина вазифани бажаради: кераксиз қўнғироқларни ва SMSларни чеклаш!

Спам-фильтрни эса фойдаланувчининг ўзи шакллантиради. Бу дастурнинг яна бир яхши томони – барча турдаги смартфонларга тушади ҳамда хотира ва процессор ресурсларини деярли сарфламайди.

Имкониятлари:

  • Содда ва тушунарли интерфейс
  • Кераксиз SMSларни чеклаш
  • Кераксиз кирувчи қўнғироқларни чеклаш
  • Қора рўйхатнинг захира нусхасини яратиш
  • Деярли барча смартфонларда ишлайди
Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!