Компьютерда рекламалардан биратўла қутулиш йўллари

  •   DiMaX
  •  2941
  •  24.03.2017 14:49

Компьютерда рекламалардан биратўла қутулиш йўллари

Интернетга кирганимизда энг кўп ғашимизга тегадигани – рекламалар ва саҳифанинг секин юкланиши бўлса керак. Уларнинг иккаласидан бирданига ва биратўла қутулишни истайсизми? Унда, бу мақоламиз айнан сиз учун!

Рекламалардан қутулишда бизга қўл келадиган браузер кенгайтмалари, алоҳида дастурлар ва махсус браузерлар ҳам бор. Шулардан энг оммалашганлари, содда, кўп функцияли ва қулайларини тавсия этамиз. Компьютерингизга ўрнатилган оперцион тизим ҳамда сиз ишлатадиган браузерга қараб, шулардан бирини танлаб олишингиз мумкин.

Adblock Plus кенгайтмаси

  • Лицензия: бепул.
  • Операцион тизимлар: Windows, macOS, Linux.
  • Браузерларга мослиги: Google Ghrome, Mozilla Firefox, Opera, Internet Explorer, Safari, «Яндекс.Браузер», Maxthon, Microsoft Edge.
  • Русча интерфейси: бор.

Реклама чекловчи кенгайтмалар орасида энг кенг тарқалгани. У сайтлардаги реклама баннерлари ва қалқиб чиқувчи ойналарни аъло даражада чеклай олади, кенг созлама имкониятларига эга ўз фильтрлари мавжуд, яна бепул ҳам! Шунингдек, Adblock Plus фойдаланувчининг вирусли сайтларга киришига ҳам йўл қўймайди, бу билан тизимни ҳам вирус хавфидан озод этади.

Adblock Plus кенгайтмасининг сайтига кириб, ўзингизга керакли – браузерингизга тушадиган вариантини юклаб олиб ўрнатишингиз мумкин.

Element Hiding Helper қўшимчаси

  • Лицензия: бепул.
  • Операцион тизимлар: Windows, macOS, Linux.
  • Браузерларга мослиги: Mozilla Firefox, Google Ghrome, Opera, Safari.
  • Русча интерфейси: бор.

Бу – Adblock Plus кенгайтмасига қўшимча бўлиб, браузерда веб-саҳифанинг исталган қисмини олиб ташлаш имконини беради. Масалан, Adblock сайтдаги реклама контентини олиб ташлади. Қолган айрим тугмача ёки ҳаволалар реклама эмас, аммо барибир сиз уларни кўришни истамайсиз. Дейлик, rambler.ru сайтидаги «Знакомства на Рамблере» ва Россия Центробанки ҳаволаларининг сизга қизиғи йўқ. Шунда экраннинг юқори ўнг бурчагидаги Adblock Plus белгичасини босиб, яширилиши керак бўлган унсурни кўрсатиш учун «Выбрать скрываемый элемент» бандини танлайсиз. Шунингдек, уни Ctrl + Shift + F3 тугмачаларини босиш орқали ҳам чақирса бўлади. Кейин эса, ўзингиз олиб ташламоқчи бўлган унсур устига курсорни олиб боринг, у қизил ром билан ажралиб кўринади. Устига сичқонча билан чертиб, очилган менюда «Добавить фильтр»ни босасиз – у ғойиб бўлади!

Element Hiding Helper’ни ўрнатиш учун Adblock Plus сайтига кириб, шу қўшимчани юклаб олишингиз лозим.

uBlock кенгайтмаси

  • Лицензия: бепул.
  • Операцион тизимлар: Windows, macOS, Linux.
  • Браузерларга мослиги: Google Ghrome, Mozilla Firefox, Safari.
  • Русча интерфейси: йўқ.

Жонга тегувчи рекламани йўқ қиладиган яна бир кенгайтма. У ҳам Adblock Plus каби самарали ишлайди, аммо битта устунлиги бор: uBlock веб-саҳифаларнинг юкланишини тезлаштириб, компьютер ресурсларини жуда кам сарфлайди.

Веб-саҳифадаги сизга ёқмаган исталган қисмни ўчириб қўйиш функцияси uBlock’да йўқ, аммо бунинг учун қўшимча бирор нима ўрнатиш ҳам шартмас. Ундаги «Пипетка» жиҳози шу ишни яхши уддалайди.

Блокловчиларнинг кўпчилиги, сайтдаги рекламани яшириш билан бирга, алоҳида реклама баннерларини кўрсатиб туришади ва шундан даромад олишади. Бу реклама деярли кўзингизга чалинмайди, аммо барибир ўз мақсадига эришади. Уларни ўчириб қўйиш мумкин, лекин бунинг учун чекловчининг созламаларини сал кавлаштиришга тўғри келади ва ҳамма ҳам бунга бош қотириб ўтирмайди. uBlock кенгайтмасида эса «рекламани яширганлик учун реклама» аввал-бошиданоқ йўқ, демак, ҳеч нимани ўзгартириш ҳам шартмас.

Ушбу кенгайтмани ўз сайтидан олиб ўрнатишингиз мумкин.

Ghostery кенгайтмаси

  • Лицензия: бепул.
  • Операцион тизимлар: Windows, macOS, Linux.
  • Браузерларга мослиги: Google Ghrome, Mozilla Firefox, Opera, Internet Explorer, Microsoft Edge, Safari.
  • Русча интерфейси: бор.

Гарчи бу илова рекламани бартараф этса-да, унинг асосий мақсади – фойдаланувчи ва унинг интернетдаги фаолияти хусусида сайтлар томонидан маълумотлар тўпланишига чек қўйишдир. Шу боис ҳам, реклама чекловчи дастурларга қўшимча тарзда Ghostery’ни ўрнатиш тавсия этилади.

Афтидан, пайқаган бўлсангиз керак: янги телефон модели ҳақидаги бирор мақолани интернетда ўқиганингиздан кейин, бошқа сайтларга кирганингизда ҳам унинг рекламаси кўп чиқаверади. Ghostery айнан мана шунақа маълумот тўплаш усулига барҳам беради, бу билан саҳифаларнинг очилишини ҳам тезлатади. Сезгандирсиз, бу ҳам хавфсизликнинг муҳим жиҳатлардан биридир.

Кенгайтманинг сайтида кўрсатилган браузерлар орасидан ўзингиз ишлатадиганини топиб, уни юклаб олсангиз бўлади.

Opera браузери

  • Лицензия: бепул.
  • Операцион тизим: Windows.
  • Русча интерфейси: бор.

Рекламаларни чеклаш хусусида гап кетганида, Opera’ни эсга олмай илож йўқ. Бу – веб-саҳифадаги кераксиз контентни блоклаш имконияти мавжуд бўлган биринчи браузердир. Сиздан талаб этиладигани – дастур созламаларини очиб, керакли жойга галочка қўйиб чиқишдир.

Агар бирор сабабга кўра, исталган сайтдаги муайян рекламани кўришни истасангиз, «Управление исключениями» тугмачасини босиб, уни «оқ рўйхат»га киритиб қўйишингиз мумкин.

Браузернинг сайтидан уни олиб ўрнатишингиз мумкин.

Рекламани чекловчи алоҳида дастурлар

Ҳа, рекламани чеклаш учун браузерларга ўрнатиладиган кенгайтмаларга кўра бу мақсадга йўналтирилган алоҳида дастурларнинг имкониятлари кенгроқ. Улар нафақат веб-саҳифаларни, балки Skype, Viber ёки uTorrent каби айрим дастурларни ҳам рекламадан тозалай олишади.

Қуйида улардан энг муҳимларини кўриб чиқамиз.

Adguard дастури

  • Лицензия: тижорат дастури.
  • Операцион тизимлар: Windows, macOS.
  • Русча интерфейси: бор.

Adguard нафақат браузер ва дастурлардаги барча турдаги рекламаларни блоклайди, балки умуман компьютерда ишлашингизни осонлаштирувчи кенг созламалар имкониятига ҳам эга.

Ота-оналар назорати функцияси жуда қулай унда: фарзандингиз сиз хоҳламаган сайтларга кирмаслиги учун қора рўйхатни ҳам, фақат белгиланган сайтларгагина кира олиши учун оқ рўйхатни ҳам созлашингиз мумкин.

Бу дастур тармоқдаги хавфсизликни ҳам ўз зиммасига ола билади: потенциал хавфли таркибга эга сайтларга киришни чеклайди ва сиз интернетда ишлаётган пайтингиздаги фаолиятингизни «нариги томондан» кузатишларига йўл қўймайди.

Унинг сайтидан кўчириб олиб ўрнатсангиз, 14 кунга бепул версияси тақдим этилади, уёғи эса пулли.

Ad Muncher дастури

  • Лицензия: бепул.
  • Операцион тизим: Windows.
  • Русча интерфейси: йўқ.

Веб-саҳифалардаги зиёнкор кодларни осонгина аниқловчи Ad Muncher шубҳали таркибга эга сайтларни блоклайди, яна дастурлардаги рекламаларни чеклаш бўйича ҳам кенг имкониятларга эга.

Унинг афзаллиги енгиллигидадир: дистрибутив ҳажми 500 Кбайтдан ошмайди, дастурни ўрнатиш эса компьютернинг ишлаш самарадорлигига асло салбий таъсир кўрсатмайди.

Ad Muncher бутунлай инглиз тилида бўлса-да, интерфейси шунчалик содда ва тушунарлики, ҳатто тажрибасиз фойдаланувчи ҳам уни тезда ўрганиб ола билади.

Дастурни ўз сайтидан олиб ўрнатиб, бемалол ишлатса бўлади.

AdFender дастури

  • Лицензия: шартли-бепул дастур.
  • Операцион тизим: Windows.
  • Русча интерфейси: йўқ.

Рекламани ва кераксиз контентни блоклашга хизмат қилувчи мазкур дастур қанчалик содда бўлса, шунчалик кучли ҳам. Унинг фильтри мунтазам тарзда янгиланиб туради, бу эса AdFender билан ишлашнинг тобора қулайроқ ва ишончлироқ бўлишига олиб келади.

Дастурнинг асосий функциялари бепул, кенгайтирилган имкониятларига эга бўлиш учун эса тўловни амалга оширишга тўғри келади. Аммо шунга арзийди ҳам, ахир, унда ижтимоий тармоқлардаги рекламаларни чеклаш, яхшиланган ҳимоя ва техник қўллаб-қувватлаш маркази ёрдами каби қўшимча имкониятлар мавжуд.

AdFender’ни ҳам ўз сайтидан – инглиз тилида олиб ўрнатиш мумкин, бироқ интуитив тушунарли интерфейси туфайли у билан ишлашда қийинчилик юзага келмайди.

iOS ва Android смартфонларида рекламадан буткул халос бўлиш йўлларини эса қуйидаги мақоламиздан билиб олишингиз мумкин.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!