Samsung смартфон ва планшетларининг оригиналлигини аниқлаймиз (+видеоқўлланма)

  •   DiMaX
  •  17600
  •  27.03.2017 18:52

Samsung смартфон ва планшетларининг оригиналлигини аниқлаймиз  (+видеоқўлланма)

Ҳар қандай техника жиҳози каби, телефон харид қилишда ҳам унинг қалбакисига учраб қолмаслик энг муҳим жиҳатлардан биридир. Хўш, кўпчиликни қизиқтирувчи Samsung Galaxy смартфонларининг оригиналлигини қандай текширса бўлади?

Кўпчилик истеъмолчилар пулни тежаб, арзонроқ таклифларга учадилар, натижада алданиб қолишлари эҳтимоли ортади. Агарда расмий ритейлерлардан сотиб олсангиз, бу муаммо сизни хавотирга солмайди, чунки улар 100% оригинал гаджетларни сотишади. Бироқ биз девайсларни кўпинча турли тижорат дўконларидан сотиб оламиз, шунинг учун уларнинг оригиналлигини текшириб кўриш зарар қилмайди.

Хўш, Samsung Galaxy смартфонларининг аслини қалбакисидан қандай фарқлаймиз? Бунинг бир нечта усули бор, улардан ўзингизга қулайини амалда қўллаб, Samsung смартфони ёки планшетининг оригиналлигини текширишингиз мумкин.

Сервис коди ёрдамида текшириш

Бу – ҳар қандай Galaxy-смартфоннинг оригиналлигини текшириш учун энг оддий ва тезкор усулдир. Компаниянинг ҳар қандай қурилмасида махфий код орқали очиладиган меню мавжуд. Бу йўл билан текшириш учун:

  1. Рақам териш иловасини очинг.
  2. *#7353# кодини теринг.
  3. Экранда қуйидагича кўринишдаги меню очилиши керак, унда телефоннинг қисмларини текшириш учун турли опциялар акс этади.

  1. Агар шу меню чиқса, демак, хавотирга ўрин йўқ – қўлингизда оригинал девайс турибди.

Дарвоқе, барча ишлаб чиқарувчиларнинг Android-гаджетлари учун умумий бўлган махфий кодлар ҳам мавжуд.

IMEI бўйича текшириш

IMEI рақами бўйича текшириш – қурилманинг оригиналлигини аниқлашнинг унчалик ҳам кучли бўлмаган усулидир, аммо кўпчилик ҳолларда буям ёрдам беради. Бу усул икки босқичдан иборат:

  1. Аввало, смартфоннинг IMEI рақамини аниқлаб оласиз. Бунинг учун рақам териш иловасида *#06# сервис кодини терсангиз, бир лаҳзада экранга IMEI рақами чиқади. Шунингдек, айни шу рақам қурилманинг қутисида ҳам бор, булар иккаласи бир хил бўлмаса, девайснинг қалбаки эканидан далолатдир. Агар улар ўзаро мос келса, кейинги босқичга ўтамиз.

  1. Samsung компаниясининг сайтидаги махсус текширув саҳифасига кириб, IMEI рақамини киритамиз. Таъкидлаш керакки, бу саҳифада Samsung Galaxy S7 моделидан аввалги қурилмаларни текшириш имкони йўқ. Масалан, Galaxy Note 4 девафсининг IMEI рақамини текшириб кўрилганда, тизим хатолик мавжудлигини хабар қилган. Хуллас, бундай ҳолларда бошқа сервис – IMEI.info бизга ёрдам беради. У ерда тегишли жойга ўша рақамни киритиб, текшириш учун «Check» тугмачасини босамиз. Агарда у ерда қўлингиздаги қурилма ҳақидаги маълумот тўғри чиқса, демак, у оригинал экан.

Ёдда тутинг, устаси фаранг фирибгарлар Samsung компаниясининг асл гаджетидаги ҳақиқий IMEI рақамини «ўғирлаб», уни қалбаки нусхага жойлашлари ҳам мумкин. Аммо бу жудаям камдан-кам учрайдиган ҳолат.

Қурилманинг хусусиятларини олдиндан ўрганиб чиқиш

Агар ўзингиз харид қилишни мўлжаллаётган смартфон ёки планшетнинг техник хусусиятларини олдиндан билиб олсангиз, кейин унинг оригиналини қалбакисидан фарқлай биласиз. Гап шундаки, сохта нусхалар аслиятдан кўра кучлироқ хусусиятларга эга бўлади, шунинг учун уларни фарқлаш қийин эмас.

Яхши усули – сотувчидан шу қурилмани Antutu, Geekbench ва GFXBench каби оммабоп бенчмарк сервисларида текшириб, кейин скриншотларини сизга ташлаб беришини сўранг. Агар маҳсулотнинг оригиналлигига ишончи бўлса, у иккиланмасдан буни қилиб бера олади. Бордию бирор баҳона топиб рад этса, демак, қурилма сохта бўлиши эҳтимоли юқори.

Шунингдек, телефонга AIDA64 дастурини ўрнатиб, текшириб кўришни маслаҳат берамиз – у қурилманинг барча хусусиятларини экранга чиқариб беради. Қалбаки нусхаларнинг, масалан, экрани, процессори, хотираси, шунингдек камераси оригинал девайсникидан бошқа бўлади.

Пайпаслаб текшириш

Девайсни қўлда ушлаб кўриб ҳам унинг оригинал ёки қалбаки эканини аниқласа бўлади. Бунинг учун олдин ўша – нархлари сал қимматроқ бўлган Samsung фирма дўконларидан бирига киринг-да, муайян гаджетнинг ҳақиқийсини қўлингизга олиб, ўрганиб чиқинг. Кейин шу маҳсулотни арзонроқ нархда таклиф этаётган сотувчи олдига бориб, бу смартфонни ҳам олиб текширинг. Агар қалбаки бўлса, уни пайпаслаб кўрганингизданоқ фарқлай оласиз. Шунингдек, уни ясашда ишлатилган материалларнинг сифати пастлиги боис, вазнида ҳам фарқ бўлади. Оригинал гаджетнинг барча қисмлари яхши материаллардан пухта ишланган бўлгани учун, у бирмунча оғирроқ бўлади.

Шунингдек, қуйидаги видеоқўлланмани ҳам кўриб чиқишингизни тавсия этамиз:

Мана, энди Samsung Galaxy қурилмаларининг оригиналини қалбаки нусхалардан фарқлаш йўлларини ўрганиб олдингиз. Хўш, энди навбат бозоргами? Ёки сиз AliExpress орқали буюртма қилишни маъқул кўрасизми?