Google Chrome тезлигини оширамиз

  •   DiMaX
  •  2589
  •  28.03.2017 17:54

Google Chrome тезлигини оширамиз

Мазкур браузернинг тезлиги шундоқ ҳам чакки эмас, аммо орамизда айримлар имкон қадар ҳаммасини янада яхшилаш, тезлаштиришни исташади. Шунингдек, агар компьютерингизнинг хусусиятлари жуда ҳам аъло бўлмаса, ундаги бошқа дастурлар қатори, браузерлар ҳам яхши ишламаслиги турган гап. Шу каби ҳолатлар учун, Google Chrome’ни сезиларли даражада тезлаштириб юборувчи айрим усулларни кўриб чиқамиз.

Аввало огоҳлантириб ўтамиз: бунақа ўзгартиришлар браузернинг барча функциялари барқарор ишлашига таъсир этиши мумкин, шу боис қилинадиган ўзгаришларни эслаб қолишингизга тўғри келади. Ҳар эҳтимолга қарши, агар натижа кўнгилдагидек чиқмаса, созламаларни аввалги ҳолатига қайтариш керак бўлади.

Қани, кетдикми?

1. Ортиқча кенгайтмаларни ўчириш. Биринчи навбатда ўзингиз фойдаланмаётган ёки вазифасига кўра бир-бирини такрорлайдиган кенгайтмалардан воз кечиш керак. Ишонаверинг, бирваракайига AdBlock + Ublock + Adguard ўрнатиб қўйганингиз билан, браузер ва компьютер яхшироқ ишлаб кетмайди – биргаликда улар фақат муаммолар туғдиради.

Ортиқча кенгайтмаларни ўчириб ташлаш учун уларнинг созламаларига кирасиз: юқори ўнг бурчакдаги учта нуқта белгисини босасиз, «Настройки» ва кейин «Расширения» бандларини танлайсиз. Ёки браузернинг манзил қаторига мана бу буйруқни ёзиб (ёки шу ердан насхалаб олиб жойлаб), «Enter» тугмачасини босиш орқали ҳам кенгайтмаларга киришингиз мумкин:

chrome://extensions

 

  1. Кераксиз иловалардан қутулиш. Ўрнатилган иловалар рўйхатини қараб, ортиқчаларини ўчиринг. Бунинг учун браузер манзил қаторига қуйидаги буйруқни киритасиз:

chrome://apps

Мазкур иловалар Google’нинг бир қатор функция ва сервисларини тақдим этади. Аммо улардан қайсиларини ишлатмаётган бўлсангиз, сичқончанинг ўнг тугмачасини босиб, «Удалить» банди орқали ўчириб ташланг:

  1. Махфий функцияларни созлаш. Google Chrome’да оддий юзерлар билмайдиган кўплаб «махфий» ва экспериментал функциялар мавжуд. Бу – Chrome ишлаб чиқувчиларининг тажрибалари бўлиб, улардан баъзилари бошловчи фойдаланувчиларга тўғри келмайди. Яна бирлари айрим қурилмаларда ишламаслиги, баъзилари эса умуман сизнинг компьютерингизга мос келмаслиги мумкин. Улар билан эҳтиёткорона муомала қилиш керак. Аммо кўпчилиги безарар бўлиб, сайт юкланишини тезлаштириш учун улардан фойдалансак ҳам бўлаверади.

Хуллас, манзил қаторига мана бу буйруқни терасиз:

chrome://flags/#enable-experimental-canvas-features

Бу саҳифада canvas экспериментал созламалари, умуман бошқа яширин созламалар ҳам очилади:

Шу ердаги қайси созламаларни ёқиб қўйишни қуйидаги расмдан кўриб олинг (лекин пастдаги тавсияларга амал қилган ҳолдагина ўзгартирасиз):

Аввало мана буларни ёқинг:

o          Переопределение списка программного рендеринга;

o          Экспериментальные функции canvas;

o          Ускорение двухмерного элемента canvas.

Шу учта ўзгаришни киритганингиздан сўнг, худди пастда сўралганидек, браузерни ўчириб ёқинг:

Браузерингиз ёқилгач, аввалдан кирибиб юрган сайтларингизни очиб, тезликни текшириб кўринг. Шунингдек, сайт қисмлари тўғри кўринаётганига ҳам эътибор қаратинг. Агар ҳаммаси жойида бўлса, манзил қаторига кейинги буйруқни киритинг:

chrome://flags/#enable-scroll-prediction

Бу саҳифани варақлашда бармоқ ҳаракатларини аввалдан аниқлаш функцияси бўлиб, фреймларни олдиндан тайёрлаб туриш вазифасини бажаради. Бу ерда бизни қизиқтираётган нарса – саҳифани варақлашда фреймларни олдиндан юклаш функцияси, шунинг учун уни ёқиб қўямиз.

Энди эса манзил қаторига мана буни киритамиз:

chrome://flags/#num-raster-threads

У растрли тасвирнинг хусусиятларини («число потоков растрового изображения») ўзгартиради. Умуман олганда, компьютерингиз процессори кўп ядроли бўлса, мазкур ўзгаришлар самарадорликка ижобий таъсир этади.

Энди «Аппаратная растеризация» созламасини қўллаш вақти келди (уни саҳифадан топиш учун «Ctrl+F» тугмачаларини босинг). Бу ерда «Принудительное включение для всех слоёв» варианти энг маъқули бўлади. Бироқ унинг битта салбий томони бор – агар сиз бу браузердан ноутбук орқали фойдаланаётган бўлсангиз, мазкур созлама аккумуляторнинг заряди тезроқ тугашига сабаб бўлади.

Энди саҳифадан «Ctrl+F» тугмачалари ёрдамида «Simple Cache для HTTP» параметрини топинг, ёки мана буни манзил қаторига киритинг:

chrome://flags/#enable-simple-cache-backend

Шу параметрни ҳам ёқиб қўйинг:

Бу кэшлашнинг янги тизими бўлиб, унда дискдаги жой файл тизими воситалари орқали ажратилади. Айниқса, дискингиз SSD турига мансуб, операцион тизимингиз эса замонавий бўлса, бу жуда қўл келади.

Энди энг асосийсига навбат келди – манзил қаторига мана буни киритинг:

chrome://flags/#enable-nostate-prefetch

Бу – No-State Prefetch параметри бўлиб, маълумотларни олдиндан юклаб олиш эвазига саҳифаларнинг очилишини тезлаштиради:

Бу ердаги Prerender параметри саҳифани олдиндан тўлиқ кўриб чиқиш эвазига юклашнинг янада тезроқ бўлишини таъминлайди. Simple Load эса юклаш тезлигини ўзгартирмайди, аммо қиёсий таҳлил учун кўпроқ маълумот олиш имконини беради. Хуллас, Prerender параметрини танлашни тавсия этамиз.

Юқорида кўрсатилганлар Chrome браузерининг тезроқ ишлашига олиб келади, айниқса, ўртача хусусиятларга эга компьютерларда бу яққол сезилади.

Агарда булар сиз кутган натижани бермаса, ёки акс таъсир этиб, браузернинг бирор функциялари ишламай, сайтларнинг муайян қисмлари очилмай қолса, созламаларда нималарни ўзгартирган бўлсангиз, ўшаларни яна ортга қайтаришга тўғри келади. Ёки ҳаммасини биттада, дастлабки ҳолатига қайтариш учун, chrome://flags/ саҳифасининг бошида, ўнг томонда турган «Восстановить настройки по умолчанию» тугмасини босасиз.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.