Тонгда зўрға уйғонишдан қутқарувчи илова

  •   DiMaX
  •  11180
  •  30.03.2017 11:58

Тонгда зўрға уйғонишдан қутқарувчи илова

Агарда эрталаблари бошингизни бир амаллаб кўтариб, ёмон кайфият билан уйғонаётган бўлсангиз, ҳаётингизга ўзгартириш киритиш пайти келибди. Ишдан таътил олиш, табиат қўйнида дам олишга чиқиш кабилардан ташқари, смартфон иловаси ёрдамида мазкур аҳволни яхшилаш имкони ҳам бор. Бу – Android ва iOS тизимли қурилмалар учун ишлаб чиқилган Smart Alarm Clock дастури бўлиб, у сизнинг уйқу циклларингизни кузатиб боради ва энг маъқул вақтда уйғотади.

Олимлар аллақачон тажрибалар орқали исботлашган – инсонинг тунги уйқуси ўзаро алмашиб турувчи бир нечта фазадан иборат. Бу фазалар уйқунинг чуқурлиги ва миянинг турли қисмларининг фаоллиги билан ўзаро фарқланади. Шу боис, тез ва енгил кўз очиш учун уйқунинг маълум бир фазасида уйғониш жуда муҳим.

Smart Alarm Clock уйқунгизнинг тузилишини таҳлил қилади, унинг фазаларини аниқлайди ва сизни айнан ўша – уйғонишингиз енгил бўлган энг мақбул уйқу фазасида уйғотади. Бунинг учун илова ўрнатилган смартфонингизни тунги уйқу вақтида ёнингизга, масалан – ёстиғингиз остига қўйиб қўйишингиз керак (ўзи бусиз ҳам кўпчилик шундай қилишга ўтиб олган-ку). Қурилмангизнинг ўзидаги сенсорлар иловага уйқунгизнинг чуқурлиги ва давомийлигини аниқлаш учун ҳолатингизни кузатиб бориш имконини беради.

Уйқу циклларини кузатиш ва оқилона уйғотиш функциясидан ташқари, Smart Alarm Clock сизнинг уйқуга кетишингизни тезлаштирувчи (яъни, аллалайдиган) ёқимли мусиқаларга ва янада кўтаринки руҳда уйғонишингизга ёрдам берувчи – тетиклаштирувчи тароналарга ҳам эга.

Хуррак отадиган ва ҳатто уйқуда босинқираб гапириб юборадиган фойдаланувчилар учун эса, бу иловада тунги вақтдаги барча товушларни ёзиб олиш функцияси ҳам мавжуд. Балки, тунда гапирадиган одатингиз бўлиб, шу пайтгача бундан ўзингиз бехабар келаётгандирсиз, тўғрими?

Smart Alarm Clock дастурининг асосий функциялари бепул, бироқ айрим қўшимча функцияларини ишга тушириш учун илованинг тўлиқ версиясини харид қилишга тўғри келади. Илова Android тизимининг 4.0 ва ундан юқори версиялари ўрнатилган девайсларда ишлайди. Ҳозирда уни Google Play каталогидан олиб ташлашган, лекин мана бу ердан APK шаклида юклаб олиб, ўзингиз ўрнатсангиз бўлади: https://ru-android.com/download/alarmclock1.7.5.apk

ЎҚИНГ: Android-қурилмалар учун энг ишончли бешта будильник

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!