Ўзбекистонда болалар учун “хавфсиз интернет” тарифи жорий қилинди

Ўзбекистонда болалар учун “хавфсиз интернет” тарифи жорий қилинди

30 март куни Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан ташкил қилинган матбуот анжуманида “Ўзбектелеком” АК  UZINFOCOM Маркази билан ҳамкорликда хавфсиз ва фойдали контентга эга «ZiyoNET» тариф режаларини ишга туширгани маълум қилинди.

Қайд этилганидек, ёшлар тарбияси ва интернетнинг нақадар аҳамиятга молик масала эканини сўнгги вақтда МДҲ давлатларида кенг тарқаётган турли номдаги “суиқасд гуруҳлари”нинг таҳдиди мисолида ҳам кўриш мумкин. Натижада, ота-оналар фарзандларини бу каби таъсирлардан ҳимоя қилиш учун уларнинг Интернетдан фойдаланишларини чеклаб қўйишни маъқул кўришмоқда. Қарабсизки, бола Интернет тармоғининг фойдали жиҳатлари, яъни билимларини бойитиш, ўзини қизиқтирган мавзуларда тажриба алмашиш ва маълумотлар олиш, бу йўналишдаги жаҳон ҳамда маҳаллий миқёсидаги сўнгги янгиликлар билан танишиш, шунингдек ўзидаги иқтидорини намойиш этишга хизмат қиладиган таълимий ресурслар, электрон кутубхоналардан фойдаланиш имкониятидан ҳам маҳрум бўлади.

Улғайиб келаётган ёш авлодга Интернет тармоғида қулай, хавфсиз муҳит яратиш, таълим ва билим берувчи ресурслардан ягона нуқтадан фойдаланишларини ташкил қилиш орқали соғликлари ва ривожланишларига салбий таъсир кўрсатувчи ахборот ҳамда кибер-хуружлардан ҳимоя қилиш  мақсадида, “Ўзбектелеком” АК томонидан махсус тариф режалари туркуми ва қўшимча хизматлар жорий қилди.

Энди компания интернет фойдаланувчилари «ZiyoNET» тариф режасининг 12 сўмдан 25 минг сўмгача бўлган хизматларига уланиб, фарзандларига ҳозирча 3 мингга яқин сайтни ўз ичига олган Ягона ахборот ресурсларидан фойдаланиш имкониятини беришади. Мазкур рўйхатдан илмий-таълимий, маънавий-маърифий ва боланинг етук ва соғлом бўлиб вояга етишига хизмат қиладиган бошқа миллий ва халқаро Интернет саҳифалари ўрин олган. Бу орқали болаларнинг Интернетдаги хавфлардан ҳимояланиши, турли бузғунчи ва ғоявий нобоп сайтларга кириши кафолатланади. Шунингдек, ота-оналар рўйхатга ўзлари маъқул топган, болалар учун қизиқарли сайтларни киритиш бўйича таклиф ҳам беришлари мумкин.

Ушбу тариф режаларини ишлаб чиқишда унинг нафақат ёшлар учун фойдали, шунингдек кўрсатиладиган хизматларнинг ҳаммабоп – қулай нархда бўлишига ҳам алоҳида урғу қаратилган. Мисол учун, 12 минг сўмлик тарифда 3000 МБ трафик берилади. Шу билан бирга, ўзимизнинг Миллий доменлардан фойдаланганлик учун мегабайт сарфланмайди. 25 минг сўмлик тарифда эса, компания «ZiyoNET» тарифидаги сайтлардан чекланмаган миқдорда фойдаланиш имконини беради.

 

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!