Galaxy S8’нинг шартли номи қандай бўлгани айтилди

Galaxy S8’нинг шартли номи қандай бўлгани айтилди

Samsung вице-президенти Гайюн Ким Galaxy S8 флагман смартфонини «Apple устидан қозонилажак ғалаба орзуси» деб атади. Бош менежер девайс муваффақиятидан кутилаётган умидлари хусусида Mashable нашрига гапириб берган.

Жаноб Кимнинг айтишича, Galaxy S8 мобиль алоқа воситаси Samsung тарихидаги энг инновацион гаджетдир. Компаниянинг кўп минг сонли ходимлари бу “ақлли телефон” устидан 3 йилдан кўпроқ вақт мобайнида ишладилар. Унинг сўзларига кўра, Galaxy S8’нинг компания ичидаги шартли номи – «dream», яъни «орзу» бўлган.

Суҳбат чоғида Samsung раҳбари бу орзу бир қатор мақсадларни, жумладан бозордаги ашаддий рақиб Apple билан рақобатда мутлоқ ғалаба қозонишни ҳам ифодалашини гапириб берган. Компания, айниқса Galaxy Note 7 флагмани билан боғлиқ омадсизликдан сўнг мижозлар олдидаги обрў-нуфузини тиклашга мажбур.

Бир муддат аввал Bloomberg нашрида ёзилишича, Samsung раҳбарияти америкалик Apple iPhone 7’ни “ер тишлатиш” учун ҳам Galaxy Note 7’ни кучли жиҳатлар билан ҳаддан ташқари бойитиш бўйича топшириқ берган ва охир-оқибат бу моделнинг оммавий ёниб кетишига сабабчи бўлди. Galaxy Note 7’нинг муваффақиятсиз ҳикояси Samsung’га $5 млрд. зарар келтирди.

29 март куни тақдим қилинган Galaxy S8 флагман смартфони тўғрисида бу ерда ўқинг.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.