Янги iPad энди планшетлар керак эмаслигини исботлайди

  •   DiMaX
  •  1579
  •  31.03.2017 14:21

Янги iPad энди планшетлар керак эмаслигини исботлайди

Жорий йилнинг 21 март куни Apple илк бора ҳеч бир ортиқча шов-шувларсиз янги iPad’ни тақдим этди. Компания тақдимот маросимини ўтказишдан воз кечди, бунинг ўрнига сайтдаги тегишли саҳифани янгилаб қўяқолди. Янги iPad сифати масаласида муаммо йўқ, у – аъло даражадаги планшет. Аммо Apple’нинг мазкур қадами планшет бозори ҳозир ривожланмаётганини исботлаб турибди.

Apple бу гал iPad’дан ташқари iPhone 7’нинг янги рангдагисини ва Apple Watch учун янгича боғичларни ҳам тақдим этди. Гарчи компания планшет бозорида етакчилардан бўлса-да, бир неча йилдан бери iPad савдоси пастга қараб кетяпти. IDC таҳлилчисининг: «Планшетлар бозори 2014 йили ўз чўққисига кўтарилган эди», деган гапига қўшилмаслик қийин. Эсласангиз, олдинги йиллар iPad учун алоҳида тақдимот маросими уюштирилар эди. Кейинчалик уларни бошқа маҳсулотлар билан бирга тақдим этишга ўтишди. Бу йил эса ҳеч бир шовқин-суронсиз, сайтдаги саҳифани янгилаш билангина «тақдимот» ўтказиб қўяқолишди.

Охирги марта 2011 йили iPad’га алоҳида эътибор берилган – ўшанда Стив Жобс тиббий таътилдан қайтиб, iPad 2 моделининг тақдимотини ўтказган эди. Ўша пайтлари планшетлар бозори эндигина ривожлана бошлаган ва унга киритилган ҳар бир янгилик кишиларга аллақандай ақл бовар қилмас нарсадек туюлар эди. Ўшандан буён Apple маҳсулотлари орасида iPad марказий ўринни эгаллаб келаётир. iPad Mini ва iPad Air ишлаб чиқарилишининг йўлга қўйилиши компания учун алоҳида аҳамиятли воқеа бўлган, бироқ iPad Pro тўғрисида энди бундай деб бўлмасди. Таъкидлаш керакки, iPad ҳозир ҳам ҳамишагидек аъло даражадаги планшет, шунчаки Apple унга озроқ эътибор қаратишга ўтди.

Йил сайин кишилар планшетлар бозорига тобора камроқ қизиқишмоқда, ишлаб чиқарувчи компаниялар эса айтарли бирор янги нарса таклиф эта олмаяпти. Агар вазият шундай давом этса, iPad’ни ҳам Mac тақдири кутаётир – Apple бир неча йилда бир марта янги планшет моделини тақдим этади, кейин эса, бир йилда бир марта жимгина унинг техник хусусиятларини янгилаб бораверади.