Ҳамёнбоп ва “зўр” смартфон керакми? Lenovo Moto G5’ни маслаҳат берамиз

Ҳамёнбоп ва “зўр” смартфон керакми? Lenovo Moto G5’ни маслаҳат берамиз

2013 йилдан бошлаб ишлаб чиқарилаётган, илк маротаба 160 АҚШ долларидан сотувга чиққан Moto G смартфонлари туркуми сўнгги йилларда яхши ва ҳамёнбоп смартфон сотиб олиш истагида бўлган инсонлар уун айни муддао бўлди. LENOVO’нинг Moto G туркумига кирувчи смартфонларини ҳамма ердан топиш мумкин.

Хусусан, 2017 йилнинг феврал ойида Барселонада тақдим этилган Moto G5 смартфони ҳам қулай нархи ва жиҳатлари билан диққатга сазовор. Айни пайтда смартфон жаҳон бозорларида 199 АҚШ долларидан сотувга чиқарилмоқда. Сўнгги 6 ой ичида дунё миқёсида смартфонларнинг нархи ошган бўлса ҳам, Moto G5 туркуми нархида ўзгариш кузатилмади. Айниқса, нархини эшитганда кўздан ёшиб чиқиб кетадиган Samsung’нинг Galaxy S8 флагманлари олдида, бу хитойликнинг қанчалар ҳамёнбоп эканини англаш мумкин.

Дизайн

Мақоламиз қаҳрамони бўлмиш Moto G 5.2 дюймли ҳамда янада каттароқ экранли Moto G5 Plus версияларда ишлаб чиқарилмоқда. Смартфон корпуси алюминийдан, орқа панели пластикдан тайёрланган. Унинг корпуси қалинлиги 9.5 мм, корпуснинг орқа панели олинади, у ерда аккумулятор, SIM ва MicroSD карта бўлмаларини кўриш мумкин. Экран атрофидаги ҳошиялар тахминан 3 мм — бу юқори “табақа”га мансуб телефон эмаслигини ҳисобга олсак, бу яхши. Moto G5 бўйига 144.3 мм, энига 73 мм, вазни — 144.5 грамм.

Экран

Moto G5 смартфони олд панелининг 65.4 фоизи экрандан иборат. Бугунги флагман смартфонларда экран улуши 70 ва 80 фоизни ташкил қилади. IPS LCD матрицали экраннинг пикселлар сиғими Full HD (1920×1080). Экрандаги тасвир аниқ-равшан. Ҳаттоки, экран созламаларида бир қанча режимлар ҳам таклиф қилинган. Чиндан ҳам, экранда видеотасвирнинг акс этиши ҳақида фойдаланувчиларнинг фикри ижобий. Айниқса, кундуз куни электрон китоблар ўқишда қулай. Тунда эса бу экранда мутолаа қилмаган маъқул. Боиси, смартфонда “тунги мутолаа” режими йўқ. Экран Gorilla Glass 3 ҳимоя шишасига эгалиги боис унча-мунча тирналишларни писанд қилмайди.

Платформа

Moto G5 8 ядроли Qualcomm Snapdragon 430 процессори, 2 гигабайтли оператив ва 16 ГБ доимий хотира билан таъминланган. microSD бўлмачаси ёрдамида хотирани янада кенгайтириш мумкин. Смартфон Android 7.0 операцион тизими бошқарувида фаолият кўрсатади. Moto G5 Plus’да эса 3 ГБ “оперативка”дан фойдаланилган.

Экран остидаги ботиқ дизайнли бош тугма бармоқ излари сканери вазифасини ҳам бажаради. Унга бир марта босилса, бош экранга қайтади, босиб турилса — экран блокировка бўлади, узоғроқ босиб турилса — овозли қидирув тизими бўлган Google Now хизмати ёқилади. Бу функция яқинда тақдим қилинган Huawei P10 ҳамда P10 Plus флагманларида ҳам татбиқ қилинган.

Қувват тоши

Motorola’нинг маълум қилишича, Moto G5’нинг 2,800 мА соат аккумулятори гаджетни 24 соат қувват билан беминнат таъминлайди. Кун давомида ўртача меъёрда мобил GPS’дан фойдаланганда, мусиқа тинглаб бир оз видео томоша қилганда, интернет саҳифаларига кирганда ва китоб ўқиганда кечга яқин қувватнинг 25 фоизи сарф қилиниши маълум бўлган.

Камера

Смартфон харид қилаётганда диққат қилинадиган яна бир муҳим жиҳат — бу камера. Moto G5’да 13 мегапикселли, f/2.0 стандартидаги оптик приборга эга бош камера ва LED фоточақноқ мавжуд. Унда мобил камерага хос энг оммабоп технология бўлмиш автофокус функцияси мавжуд. Олд камера сиғими эса 5 мегапикселли. Бу Apple’га айфон учун камера етказиб берадиган OmniVision компанияси маҳсулоти.

Камера иловаси режимларга бой, ўзига хос жиҳатлари бор. Жумладан, олд камерадаги “гўзаллик” режими, ёки экраннинг фоточақноқ вазифасини бажаришини айтиш мумкин. Олд камера селфи ёки видео-суҳбатлар учун айни муддао.

Олд камерада 1080p сиғимли Full HD видео олса бўлади. Унда HDR, кенгайтирилган динамик диапазон функциясининг борлиги ҳамда қўшимча микрофоннинг борлиги учун тасвир сифати юқори овоз тиниқ жаранг сочади.

Қуйидаги суратларда Moto G5 камераси имкониятларига ўзингиз баҳо беринг.

Moto G5’да олинган видео тасвир:

Фойдаланувчиларнинг фикри:
Moto G5 иккала бош бармоқни кўтариб, мақташга арзийдиган муносиб ҳамёнбоп смартфон. Ҳозирча ушбу смартфонни юртимиз смартфон бозорларида учратганимиз йўқ. Эҳтимол, сиз смартфон харид қилишга чиққанингизда, унга дуч келиб қоларсиз. Шунда мазкур маслаҳатимиз сизга ёрдам берса, биз бахтиёр бўламиз!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.