Роналду реклама қилган ZTE Nubia Z17 mini 56 секундда 50 минг дона сотилди

Роналду реклама қилган ZTE Nubia Z17 mini 56 секундда 50 минг дона  сотилди

6 апрел куни Хитойнинг ZTE компанияси 5.2 дюймли Nubia Z17 mini номли янги смартфонни тақдим қилган эди. Бош камераси қўш объективли бўлган смартфоннинг илк партияси 12 апрел куни Хитойда сотувга чиқарилган ва ZTE бир дақиқага етар-етмас вақт ичида янги смартфонни сотишга муваффақ бўлган.

Девайснинг бу қадар оммалашиб кетиши унинг таниқли футболчи Криштиану Роналду томонидан реклама қилингани билан ҳам боғлиқ. “Ҳозиргина @nubia смартфонида сурат олиб кўрдим. Қўш-модулли бош камеранинг суратга олиши жуда таассуротли! Флагманнинг 6 апрелдаги тақдимотини сабрсизлик билан кутяпман”, деб ёзган эди футболчи ўзининг Instagram саҳифасида 30 март куни.

Аниқроғи, 56 секунд орасида 50 минг дона ZTE Nubia Z17 mini сотилган ва бу ZTE’га 14,5 миллион доллар даромад келтирган. Маълумотларга кўра, Nubia Z17 mini “ақлли телефон”ининг энг қиммат талқини 290 АҚШ долларидан сотувга чиқарилган.

ZTE Nubia Z17 mini гаджети Nubia туркумининг бошқа смартфонларидан фарқли равишда Хитойдан ташқарида ҳам май ойидан бошлаб сотилади.

Эслатиб ўтамиз, ZTE Nubia Z17 mini’да 2 та 13 мегапикселли сенсордан иборат бош камера, 16 мегапикселли олд камера, 5.2 дюймли Full HD дисплей, 64 ГБ доимий хотира ва бармоқ излари сканери, 2930 мА соат сиғимли аккумулятор мавжуд.

ZTE Nubia Z17 mini’нинг кичик версияси 8 ядроли Qualcomm Snapdragon 652 ҳамда 4 ГБ “оперативка”, юқори талқинида эса – Qualcomm Snapdragon 653 чипи ҳамда 6 ГБ тезкор хотира ўрнатилган. Смартфондаги хотирани microSD орқали кенгайтириш мумкин. Кичкина талқин 246 АҚШ долларидан савдога чиқарилган.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!