Кутилмаган хабар: Galaxy S8’да Bixby овозли ёрдамчиси бўлмайди

  •   DiMaX
  •  1339
  •  21.04.2017 14:34

Кутилмаган хабар: Galaxy S8’да Bixby овозли ёрдамчиси бўлмайди

Кореялик гигантнинг сўнгги тақдим этган флагмани фойдаланувчилар томонидан энг кўп кутилган қурилмалардан бири бўлди ва олдиндан буюртма олиш бўйича рекорд ўрнатди.

Дастлаб, Samsung илк чоракда рекорд даражада Galaxy S8 сотмоқчи экани маълум қилинган эди. Чиндан ҳам, бу флагманга икки кун ичида S7’га нисбатан 5,5 баробар кўп буюртма берилди. Экспертлар, Жанубий Кореяда йиғилаётган Galaxy S8 смартфонига буюртма бериш суръати шу тахлит давом этса, аввалдан буюртма бериш муддати тугагунигача Кореянинг ўзида 1 миллион дона Galaxy S8 мобил аппаратига буюртма берилишини тахмин қилишган.

Дарҳақиқат, бу моделнинг афзалликлари кўп, аммо Samsung’нинг овозли ёрдамчиси – Bixby масалага келганда… унинг кўпчилик функциялари Google Assistant ҳамда Google Now’да ҳам бор.. Яна маълум бўлишича, ҳали телефонни савдога чиқариш пайтигача Bixby ҳатто тайёр бўлиб ҳам улгурмас экан. Ёки, бир амаллаб улгуришганида ҳам, унга ҳали инглиз тили ўрнатилган бўлмайди (рус тили ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлади).

Samsung баёнотига кўра, Bixby овозли қидирув функцияси «кейинроқ, шу баҳорда» ишга туширилади.

Android Police нашри қуйидаги кўчирмани келтиради:

«Интеллектуал интерфейси ва контекстуал хабардорлиги туфайли Bixby сизнинг телефонингизни янада фойдалироқ қилади: вазифаларнинг бажарилишига ёрдамлашади, сиз кўраётган материаллар ҳақида гапириб беради, ва жорий ишларингизни эслатиб туради. Bixby’нинг асосий имкониятлари, жумладан, Vision, Home ва Reminder ҳам, Samsung Galaxy S8’нинг 21 апрелда глобал савдога чиқарилиши билан ишга тушади. Bixby Voice эса АҚШдаги Galaxy S8’ларда шу йилнинг баҳорида ишга туширилади».

Аниқлик киритамиз: Vision – камеранинг тўлдирилган реаллик билан боғлиқ функцияси, Home эса Google Now’нинг клони, Reminder бўлса – эслатмалар созламаси. S8 моделида Bixby’га кўпроқ аҳамият берилаётганини, ҳатто смартфон корпусида унинг учун махсус тугмача мавжудлигини ҳисобга олсак, телефоннинг шу овоз имкониятларисиз савдога чиқарилиши кўпчилик харидорларни ранжитиши мумкин.

Шунингдек, бошқа мамлакатлар учун Bixby Voice қачон ишга туширилиши масаласига Samsung аниқлик киритмаган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ҳам мазкур моделларга аввалдан буюртма бериш бошланган.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.