Мобиль иловалар соҳасидаги 7 та тренд

  •   DiMaX
  •  2099
  •  22.04.2017 11:39

Мобиль иловалар соҳасидаги 7 та тренд

Россияликлар 2016 йили мобиль ўйинлар ва иловаларга 429 миллион  АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфлашди, дея хабар беради Hi-Tech Mail.Ru. Катта миқдор, шундайми? Йўқ, унчалик эмас. Бу – бутун дунё бўйича олинган кўрсаткич – 61,8 миллиард долларнинг атиги ярим фоизи, холос!

Мазкур нашр App Annie таҳлил компаниясининг маркетинг бўйича директори Эл Кампа билан суҳбат уюштириб, мобиль ўйинларнинг оммалашуви, уларга маблағ сарфланиши каби масалаларни ўртага ташлаган. Мутахассиснинг фикрича, бу борадаги еттита асосий тренд қуйидагилардан иборат.

Россияликлар тобора кўпроқ смартфон ва иловалар харид қилишмоқда

Ҳа, кейинги йилларда Россия ва унинг атрофидаги мамлакатлар фаол тарзда смартфонларга ўтмоқда. App Annie таҳлилчилари берган маълумотларга кўра, 2016 йили Россия иловалар энг кўп юклаб олинган мамлакатлар қаторида туради. Телефон ва иловалар ишлаб чиқарувчилар бу каби мамлакатларда бозор ўсишига катта умид билан қарашмоқда. Мобиль иловалар харидорларининг юқори бешталигини эса Хитой, АҚШ, Япония, Жанубий Корея ва Буюк Британия эгаллаган.

«Ҳозирда дунёда уч миллиард дона смартфон ишлатилмоқда. Уч йилдан кейин уларнинг сони икки бараварга кўпаяди, – дейди Эл Кампа. – Аҳоли сони эса деярли 7 миллиард. Америка ва Европада смартфонлар сонида ўсиш кам, чунки у ерларда деярли ҳаммада аллақачон смартфон бор».

Яна уч миллиард дона смартфон асосан Индонезия, Бразилия, Ҳиндистон ва Россияда сотилиши кутилаётир.

Биз аввалдан таниш персонажларни яхши кўрамиз

Pokemon Go ўйини 2016 йилнинг рамзларидан бири бўлди. Июль ойидан ишқибозлар пикселли Пикачуни топиш учун буталар орасига кириб кетишни, фаввораларга тушиб кетиш, чуқурларга йиқилишни бошлашди. Атиги уч ой мобайнида ўйин 800 миллион доллар ишлаб олди! Одатда муваффақиятли лойиҳалар бундай натижага бир йилдагина эришар эди. Машҳур Clash of Clans ўйинига бўлса бунинг учун нақ 13 ой керак бўлган.

«Pokemon Go ғалабасининг иккита омили мавжуд, – дея изоҳлайди Эл Кампа. – Биринчиси: эски ва кўпчиликка қадрдон персонажлар ҳозиргача оммабоп, кишилар улар билан ўйнашни исташади. Иккинчиси: тўлдирилган реаллик ва харитадаги ўйин технологияси. Яна ижтимоий омил ҳам бор – бу ўйинни дўстлар билан бирга ўйнаш мумкин».

Қаҳрамонлар ўлмайдилар, лекин биттагина ностальгия – қўмсаш ҳиссининг ўзи пул ишлаб олиш учун етарли бўлмайди – ўша қаҳрамонларни замонга мослаб қайта жонлантириш керак. Масалан, ўтган йилнинг охирида покемонлардан кейин Марио «қайтиб келди». Бу ўйинни анчадан бери кутишарди, Super Mario Run релизидан кейин у кўчириб олишлар бўйича юқори чўққиларни эгаллади.

Февралда бу ўйинни 78 миллион киши ўрнатиб олди, аммо уни ишлаб чиққан Nintendo даромад камлигидан нолиди. Гап шундаки, Super Mario Run ўйинида фақат биринчи босқич бепул, қолганлари эса 10 доллар турар эди. Ўйинчилардан атиги 10 фоизигина пул тўлаб кейинги босқичларга ўтишди, яъни ўйин тахминан 7,5 миллион доллар даромад келтирди.

Лекин шу рақамнинг ўзи ҳам кўрсатиб турибди – қадрдон қаҳрамонларнинг қайта жонлантирилиши видеоўйинлар индустриясида муваффақиятга етакловчи омил экан.

Виртуал борлиқ кўпчиликка ёқмайди

Facebook уч йил аввал виртуал борлиқ (виртуал реаллик – VR) билан шуғулланувчи Oculus стартапига икки миллиард доллар тиккан эди. Марк Цукерберг ўшанда, «уйдан чиқмасдан туриб, шунчаки махсус кўзойнакни таққан ҳолда спорт мусобақаларини трибунадаги энг қулай ўринлардан виртуал томоша қилиш, дунёнинг исталган бурчагидан виртуал дарсларга қатнашиш, доктор билан шахсан гаплашиб консультация олиш мумкин» бўлишини эътироф этган эди.

Аммо ҳозирча буларнинг барчаси учун уйдан чиқишга тўғри келяпти. VR технологияси бир шов-шув бўлди, ҳайратга солди, лекин кейин жудаям кўп саволлар юзага келди. Кўзойнаклар ёрдамида учиш ва отиш бир-икки мартагина қизиқ туюлади, кейин-чи? Кўзойнакнинг ўзи ўта бесўнақай, яна очиғини айтганда, ҳақиқий борлиқ билан виртуал борлиқ орасида қолиб бирор ҳузур олиш ҳам қийин экан.

Хуллас, бу технология ҳали такомиллаштиришга муҳтож.

Контактсиз тўлаш оммавийлашмоқда

Қоғоз пуллар йўқ, аммо амаллаяпмиз. Дастлаб нақд пулларни пластик карточкага алмаштирдик, энди эса бирйўла мобиль қурилма орқали тўлашга ҳам ўтиб олдик. Контактсиз тўлов технологияси борасидаги шубҳалар тарқаб кетяпти, унинг қулайлигини тобора яхшироқ англаб етаётирмиз. Тўғри-да, дивандан қўзғалмаган ҳолда смартфонни оласиз, тўлов иловасини очаси, керакли маълумотларни киритасиз ва тасдиқлайсиз – бўлди! Самолёт ё поездга билет сотиб оласизми, ё бирор хизмат ҳақини тўлайсизми – ҳаммаси осонлашиб бормоқда. Ҳам харидорлар, ҳам сотувчилар савдодан бунчалик рози бўлиши – кам учрайдиган ҳолат.

«Ўтган йили Starbucks тармоғи илова ичидаги тўлов тизими орқали миллиардлаб доллар ишлаб олди, – дейди Эл Кампа. – Мазкур технология энди тезкор хизмат кўрсатувчи ресторанларда янада кенгроқ тарқалади. Эҳтимол, медиа ва кўнгилочар хизматлар индустриясида ҳам. Масалан, кинога кирсангиз, ўзингизга ёққан ўриндиқни эгаллаб, билет пулини тўласангиз – бу жудаям қулай».

Иловалардаги обуналарга ўрганиб қоляпмиз

Пул ишлашнинг энг тез ўсувчи техникаси телевидениедан нусха олинмоқда. Иловалар ишлаб чиқувчилар Netflix ва HBO каби кабелли телеканаллардан ўрганиб олиб, ўз дастурларига обуна функциясини киритишмоқда. Фойдаланувчи учун бу қулайроқ ва осонроқ. Эл Кампанинг таъкидлашича, бу ерда гап руҳиятда экан: «Харид қилиш қарори апгрейд қилиш – янгилаш концепциясидан фарқ қилади. Дейлик, ўйин давомида сиз керакли персонажни, артефактни, хаританинг бир қисмини сотиб олишингиз керак. Яъни, ҳар гал харид қилиш учун янгидан қарор қабул қиласиз. Обуна масаласида эса бир мартагина қарор қиласиз, аммо ҳар ой (ёки ҳар янгиланишда) тўлаб бораверасиз. Бизнес нуқтаи назаридан бу – фойдаланувчи харид ҳақида бир марта қарор қабул қилганидан кейин, даромаднинг барқарор келиб туриши, демакдир».

Яна бир оммабоп усули – «freemium». Фойдаланувчи бепул версияни харид қилади, кейин эса унинг янада кўпроқ имкониятлар билан ишлаши учун пул тўлаши керак бўлади. «Кишилар пул эвазига эгалик қилишни исташлари учун илованинг пулли версиясида қандайдир бетакрор нарса бўлиши керак. Лекин меъёр ҳам зарур – худди Super Mario Run’даги каби, эртадан 10 доллар сўраб турсангиз, кейин келажакда бу даромадни каттайтира олмайсиз», – дея огоҳлантиради Кампа.

Ўйинлар яхшигина даромад келтиради

Мобиль ўйинлар жуда кўп, шу боис ишлаб чиқувчилар сифатга ҳам зўр беришаётир. Рақобат шундай нарса – уларнинг ҳар бири ўзига хос бирор нима билан аудиторияни ўзига жалб этишга уринади. Эвазига яхшигина даромад кўришади. Ишонасизми-йўқми, App Store ва Google Play’даги харидларнинг 81,5 фоизини айнан ўйинлар ташкил этади!

Иловалар харидига сарфланаётган маблағлар йилига 18 фоизга ўсиб боради. DFC Intelligence компаниясига кўра, 2021 йилга бориб, сотиладиган видеоўйинларнинг ярми мобиль кўринишда бўлади. Тўлаш осонроқ, смартфонлар эса кўпроқ бўлади. «Кишилар ўйинларни диққат билан танлайдиган бўлишади, аммо сотиб олишга қарор қилиш осонлашади. Шу боис ҳам мобиль ўйинлардан келадиган даромад ўсиб бораверади», деб ҳисоблайди таҳлилчи Дэвид Коул.

Google’нинг смартфонлари, Apple’нинг эса даромади кўпроқ!

Google Play иловаларни юклаб олишлар бўйича App Store’ни ортда қолдиради, бироқ Apple дўконидаги битта илова тўрт баравар кўп даромад келтиради. App Annie таҳлилчиларининг изоҳ беришича, шунчаки iPhone ва iPad эгалари тез-тез ва кўпроқ пул тўлашга тайёрлар. Android’да ишловчи смартфонлар миқдори жуда кўп, лекин улар нисбатан арзонроқ ва асосан ривожланаётган мамлакатларда кенг тарқалган.

Дунёдаги энг йирик Хитой бозори – алоҳида масала. У ерда иловалар маркетлари 20 миллиард доллар ишлаб олганлар. Шуниси ҳам борки, «Осмон ости салтанати»да Google сервислари цензурадан ўта олмай қолган даврлардан буён у ерда Apple’нинг омади келган. Android учун ташкил этилган муқобил илова дўконлари эса, ҳаммасини қўшиб ҳисоблаганда ҳам «Олма» бозорига тенглаша олмайди.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!