Intel Kaby Lake: янги Core M3 процессори тақдим этилди

  •   DiMaX
  •  907
  •  01.05.2017 15:11

Intel Kaby Lake: янги Core M3 процессори тақдим этилди

Intel ўзининг Core M3 процессорини Kaby Lake архитектурасида янгилади. Янги чип Core M3-7Y32 деб аталади ва у ўтган йилги Core M3-7Y30’нинг янада бақувват версияси ҳисобланади.

Аслида унда янгиликлар айтарли кўп эмас. Янги Core M3 ҳам 14-нанометрлик технология бўйича ишлаб чиқарилади, тўрттагача потокдаги маълумотларни қайта ишлаш имкониятига эга бўлган иккита ядрога эга ҳамда LPDDR3-1866 ва DDR3L-1600 хотираларини қўллаб-қувватлайди. Унинг ичига ўрнатилган графикани қайта ишловчи GPU Intel HD Graphics 615 чипи эса 900 МГц.гача частотада ишлай билади (олдинги версияда 615 МГц эди).

Бироқ янги процессорда ишлаш частотаси оширилган: базавий режимда 1,1 ГГц.гача, «турбо» режимида эса – 3,0 ГГц.гача (аввалги версияда тегишлича 1,0 ва 2,6 ГГц эди).

Процессор атиги 4,5 Вт иссиқлик энергияси (TDP) ажратади. Ишлаб чиқарувчи берган маълумотларга кўра, энергетик самарадорликни ошириш учун мазкур кўрсаткич 3,75 Вт.гача камайтирилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Core M3 сериясидаги процессорлар одатда вентиляторсиз қурилмаларда ва энергия тежовчи портатив компьютерлар – ноутбуклар, планшетлар ёки планшет-трансформерларда қўлланади. Процессор нархи 281 АҚШ долларини ташкил этади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!