Android’да аудиокитоблар учун энг зўр 3 та плеер

  •   DiMaX
  •  3376
  •  04.05.2017 13:16

Android’да аудиокитоблар учун энг зўр 3 та плеер

Агарда китоб ўқишга вақтингиз етишмаса, уларни тинглаш имкони ҳам бор. Тўғри, босма китобнинг ўзини эмас, балки аудиокитобларнигина тинглаш мумкин. Қуйида тавсия этилаётган иловалар эса сизга транспортда юрган, сайр қилаётган ёки бошқа юмушлар билан банд бўлган пайтингизда мобил қурилмангиз орқали аудиокитоблардан имкон қадар қулай баҳра олишингиз учун яратилган.

Нега махсус плеер?

Тўғри, планшет ёки смартфонда аудиокитоб тинглаш учун оддий мусиқий плеер ҳам бўлаверади. Аммо айнан шу – аудиомутолаа учун махсус чиқарилган ижрочи-иловалар ўзгача. Нима афзаллиги бор экан, дейсизми?

Биринчидан, бундай дастур мутолаа жараёнини эслаб қолади: аудиофайлни қайта ижро этишда у бошидан бошламайди, балки охирги тингланган сониялардан давом эттиради.

Иккинчидан, сиз китобнинг айрим жойларига кейин ҳам қайтиб тинглаш учун, ўша жойларига хатчўп қўйиб кетишингиз мумкин.

Бундан ташқари, аудиокитоблар учун чиқарилган плеерларда махсус режимлар мавжуд бўлиб, улар ёрдамида ҳикоя сюжетини йўқотиб қўймасдан, овоз оқимини осонгина назорат этишингиз имкони мавжуд.

Хуллас, шу ва бошқа имкониятлар қуйидаги учта иловада жамланган.

1. Smart Audiobook Player

Мазкур плеерда аудиокитобларни қулайлик билан тинглаш учун ҳамма нарса бор: хатчўплар ва ижро позициясини (келган жойни) турли қурилмаларингизда синхронлашдан тортиб интерфейсни алмаштириш имконигача.

Тугмачаларни шундай созлашингиз мумкинки, уларни босишда аудиокитоб ижроси бир неча сония олдинга ёки орқага ўтади. Агар аудиоасарнинг бирор жойини яхши тушуна олмай қолсангиз ёки бирор парчани тингламасдан ўтказиб юборишни истасангиз, шу функциялари жуда қўл келади. Аудиооқимни бошқариш эса плеер интерфейси ёки билдиришномалар панелидаги виджет орқали амалга оширилади.

Smart Audiobook Player ижро тезлигини ўзгартиришга ҳам имкон беради. Иловадаги овоз кучайтиргич ўта паст товушда ёзилган ёзувларни тинглашни, эквалайзер эса овозни созлашни осонлаштиради.

Яхши жиҳатларидан бири – бу плеер қурилмангиздаги ҳар хил ўзгаришларга автоматик тарзда мослаша олади. Масалан, қулоқчин тақишингиз билан ижрони бошлайди. Ёки, гаджетингиз узоқроқ вақт ҳаракатсиз қолиб кетса, ухлаб қолганингизни тахмин қилиб, ижрони тўхтатади.

Унинг оригинал хоссаларидан бири – персонажлар учун ажратилган бўлимдир. Бу ерга асар қаҳрамонларининг номи ва қисқа тавсифларини ёзиб борсангиз, узун асарлардаги воқеалар иштирокчиларини чалкаштириб юбормайсиз.

Smart Audiobook Player’ни мана бу манзилдан юклаб олиб, бир ой мобайнида тўлиқ бепул ишлатишингиз мумкин. Шу муддат тугагач эса ундаги синхронлаштириш, хатчўплар, эквалайзер ва бошқа айрим имкониятлар ишламай қолади. Улардан тўлақонли фойдаланиш учун илованинг тўлиқ версиясини сотиб олишингиз керак бўлади.

2. Listen Audiobook Player

Бу – юқоридаги аудиокитоб плеерига муқобил яхши илова. Қурилмалар аро хатчўплар ва позицияларни синхронлаш, эквалайзер, овоз кучайтиргич, уйқу таймери ва автоматик ҳаракатлар созламалари – буларнинг барчаси Listen Audiobook Player’да ҳам бор.

Шунингдек, бу дастурда билдиришномалар панели учун виджет ҳам мавжуд. Иловада ижро тезлигини ўзгартириш, олдинроққа-орқароққа тез ўтказиш тугмачалари учун вақт оралиғини танлаш имкони берилган.

Булардан ташқари, Listen Audiobook Player интерфейсининг нозик созламалари сизга ёқиши аниқ. Ҳатто турли ҳаракатлар учун керакли буйруқларни ўзингиз белгилаб, плеерни бошқаришни ўзгартиришингиз ҳам мумкин.

Афсуски, Listen Audiobook Player’нинг синаб кўриш учун бепул версияси йўқ. Бироқ ишлаб чиқувчининг ваъдасига кўра, харид қилганингиздан кейинги етти кун мобайнида иловадан норозилик билдирадиган бўлсангиз, у пулингизни қайтариб беради. Уни Google Play дўконидан ушбу ҳавола орқали юклаб олиб ўрнатасиз.

3. Material Audiobook Player

Агарда аудиомутолаа учун сизга кўп сонли функциялар, турли нозик созламалар керак бўлмаса, у ҳолда Material Audiobook Player’га эътиборингизни қаратамиз. Интерфейси содда ва ўзига хос бўлган мазкур илова сизга фақат энг зарурий имкониятларнигина таклиф этади. Улар орасида хатчўплар, плеерни бошқариш виджети, ижро тезлигини танлаш, қисмлар бўйлаб олдинга-орқага тез ўтказиш ҳамда уйқу таймери ҳам бор.

Аммо Material Audiobook Player’нинг ички эквалайзери, овоз кучайтиргичи ва бошқа фойдали функциялари йўқ. Шунингдек, у турли қурилмаларингиз орасида синхронлашни ҳам амалга ошира олмайди.

Бу камчиликлари эвазига, Material Audiobook Player’ни мана бу ердан ўрнатиб олиб, тўлиқ бепул фойдаланишингиз мумкин, яна рекламасиям йўқ!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.