Хитойда сохта Nokia 3310 сотувга чиқди

Хитойда сохта Nokia 3310 сотувга чиқди

Nokia 3310 расман сотувга чиқиб улгурмасидан хитойлик шоввоз ишлаб чиқарувчилар унинг клонлаштирилган талқинини сотувга чиқаришди. Бу тўғрида Хитойнинг таниқли Gizmochina нашри хабар бермоқда.

Нашрнинг қайд этишича, Nokia 3310’нинг нусхаси шу қадар маҳорат билан ишланганки, ҳар ким ҳам уни аслидан ажрата олмайди. Бироқ, бир қанча кўзга ташланмас фарқлар бор. Қуйида уларни баён қиламиз.

Биринчидан, қурилма экранига эътибор қаратиш лозим. Сохталаштирилган Nokia 3310’да “меню” виртуал белгиси экраннинг чап томонида жойлашган. Оригинал телефонда эса “меню” ёзуви экран қуйисида, марказда жойлашган. “Ўтиш” (Go to) ёзуви эса сохта талқинда мавжуд эмас. Шунингдек, асл талқинда экраннинг сифати юқори. Хитой телефонида эса экран сиғими паст.

Яна бир фарқ — клавиатура. Хитой клонида клавиатура тугмалари кичик ва қора сиёҳда ёзилган. Оригинал телефон клавиатурасининг тугмалари катта ва кумуш тусли қопламага эга. Шунингдек, сохта телефон корпуси сезиларли даражадаги хира тусга эга.

Шунингдек, яна бир жиҳатга алоҳида эътибор қаратиш лозим — сохта Nokia 3310 телефони алоқа маъмуриятидан гувоҳномага эга эмас. Шу сабабли, ундан фойдаланиш мақсадга мувофиқ эмас. Шунинг учун ҳам, унда алоқа қилиш зарарли бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, янгиланган Nokia 3310 телефони 2017 йилнинг 26 феврал куни Барселонада ўтказилган MWC 2017 жаҳон мобил конгрессида тақдим қилинган. Қурилма 2,4 дюймли QVGA-дисплейга, 2 мегапикселли камерв ва MicroSD-бўлмачага эга.

Nokia 3310’нинг Европада 15 майдан €49 евродан сотувга чиқарилиши маълум қилинган.