Нега боланинг гаджетлар билан ўтказадиган вақтини чеклаш керак?

  •   DiMaX
  •  2614
  •  07.05.2017 15:44

Нега боланинг гаджетлар билан ўтказадиган вақтини чеклаш керак?

Педиатрлар ва болалар руҳшунослари бир-ярим – икки ёшигача болага умуман мобил қурилмаларни бермаслик, каттароқ ёшдаги болаларнинг эса  девайслар билан ўтказадиган вақтини қатъий чегаралаш лозим, дейишади.

Мутахассислар таклиф этаётган чекловларни кўриб чиқишдан аввал, мобил қурилмалар болажонларга қандай зарар етказишини англаш лозим.

Гаджетлардан фойдаланиш болаларга қуйидагича салбий таъсир этади.

1. Уйқунинг бузилиши

Лондондаги Бирбек университети мутахассислари 6 ойликдан 3 ёшгача бўлган 715 нафар болани текшириб кўриб, маълум қилишларича, смартфон ва планшетлар билан ўйнайдиган болалар бошқаларига қараганда камроқ ухлашади. Олимларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, қурилма экрани олдида ўтказилган ҳар бир соат бола учун уйқунинг 15,6 дақиқага камайиши, демакдир.

Мутахассислардан бири – Тим Смитнинг таъкидлашича, бир қарашда бу жудаям кам вақт туюлади, аммо болаларнинг тўғри ривожланиши учун уйқунинг ҳар бир дақиқаси муҳим. Тадқиқот натижаларининг кўрсатишича, ҳаётининг илк йилида уйқу давомийлигининг қисқариши боланинг ривожланишида узоқ муддатли асоратлар қолдиради. Уйқу режимининг ва уйқуга кетишнинг бузилиши кейинчалик боланинг руҳий ва жисмоний саломатлигида, тафаккури тараққиётида ва дарсларни ўзлаштиришида муаммолар юзага келишига сабаб бўлади.

Айниқса, девайсларни уйқу олдидан ишлатиш кўпроқ зарар етказади. Экранлар таратувчи мовий нур организмда уйқу гормони – мелатонин ишлаб чиқарилишини қийинлаштиради. Бу нафақат болаларга, балки катта ёшдагиларга ҳам тегишлидир. Масалан, катталар смартфонга тобеликдан қутулишлари мумкин, аммо кичкинтойлар учун бу қийин кечадиган жараён.

2. Ортиқча қўзғалиш ва психикага таъсир

Авлод алмашгани сайин гиперактив (ўта фаол) болалар сони ошиб бораётганлиги кузатилади. Экрандаги ёрқин ва тез алмашинувчи тасвирлар асаб тизимининг йирик миқдордаги ортиқча қўзғалишларига олиб келади, бу эса мазкур тизим фаол шаклланишда бўлган паллада айниқса зарарлидир.

Ота-оналар кўпинча болани тинчлантириш учун унга девайсларни бериб қўйишади, бироқ бу билан фақатгина ундаги импульслилик – ғайриихтиёрий ҳаракатчанликни ошираётганликларини билишмайди.

Шунингдек, олимлар болалар орасидаги тажовузкорлик ва руҳий касаллик ҳолатларининг ўсишини технологиялар билан боғлашмоқда. Асаб тизимида бузилишлар юзага келган катталарнинг таъкидлашларича, шифокорларнинг уларга тавсияларидан бири – экран олдида (телевизор ёки мобил қурилма бўлишидан қатъи назар) камроқ бўлиш. Катталар учунки чеклашаётган экан, демак, руҳияти ҳали ўта нозик бўлган болажонларнинг экран билан мулоқотини чеклашимиз ўта муҳим.

3. Жисмоний соғликдаги муаммолар

Болалар учун жисмоний фаоллик ўта муҳим – боланинг ҳаракатчанлиги меъёрий ҳолат ҳисобланади. Гаджетлар эса фақат майда моторика учунгина фойдали – бола бармоқларидан унумли фойдаланади. Мобил қурилмалардан кўп фойдаланувчи кичкинтойлар бошқаларига нисбатан фақат шу жиҳати билангина яхшироқ ривожланади. Аммо бошқа томонларига кўра улар девайслардан узоқроқ бўлган тенгдошларидан орқада қолишади. Айниқса, жисмонан камҳаракат бўлгани ва эгилиб ўтиргани учун, боланинг умуртқаси қийшиқ ўсиши ва ортиқча вазн тўплаши – яққол кўриниб турган салбий ҳолат.

Шунингдек, мунтазам липиллаб турувчи ёрқин дисплейнинг кўзга зарар етказишини ҳам назардан қочирмаслик лозим.

Яна битта хавф – радиация: мобил қурилмалар Бутунжаҳон соғликни сақлаш ташкилоти томонидан эҳтимолий канцерогенлар, яъни – саратон сабабчиларидан бири сифатида эътироф этилган. Ўсиб келаётган организм нурланишларнинг салбий таъсирига кўпроқ берилувчан бўлади. Бу жиҳатдан энг зарарли смартфонлар ҳақидаги мақоламизга назар солишингиз мумкин. Шунингдек, смартфонлардан ҳаддан ташқари кўп фойдаланиш натижасида юзага келиши мумкин бўлган жисмоний зарарлар ҳақида ҳам сайтимизда маълумот мавжуд.

4. Мулоқот кўникмаларининг етишмаслиги

Боланинг қўлига бирор гаджетни бериб қўйиш орқали унинг хархашасидан қутулган ота-она, фарзандини ўрганиш имкониятидан маҳрум этади. Муҳим мулоқот кўникмаларини ҳосил қилиш учун, кичкинтой ўз ота-онаси билан кўришиб ва тегинишиб мулоқотда бўлиши лозим. Бола нутқни ўрганиши, ҳис-туйғуларни англаши ва ниҳоят, шунчаки ўз ота-онаси билан фойдали ўйинлар ўйнаб туриши даркор.

Олтинчи синф ўқувчилари иштирок этган тадқиқот натижаларининг кўрсатишича, тажрибалар мобайнида электроника жиҳозларидан фойдаланмаган болалар ҳиссиётларни яхшироқ тушунишган.

Агарда кичкинтойнинг инсонлар билан ўзаро мулоқотда бўладиган вақти девайсларга сарфланса, бу ҳол келажакда қариндошлар билан алоқаларга, бошқа болалар билан мулоқотга, ўз-ўзига нисбатан муносабатга ҳамда ҳиссий интеллектга салбий таъсир ўтказади.

5. Боланинг ривожланиши кечикиши

Болакайлар дунёни англашда асосан тегиниш, силаб кўришга асосланишади: улар жисмларнинг шакли ва сиртини ушлаб кўриш орқали ўрганишади. Планшет ёки смартфон ёрдамида кичкинтой рангларни, ҳарф ва сўзларни яхшироқ ўрганиши – бор гап, аммо ҳажмли предметларга гаджетлар орқали тегиниб ўрганиш имкони умуман йўқ.

Мактабга қабул қилиш палласида айрим болалар ривожланишдан орқада қолиб кетгани ойдинлашади; бу эса уларнинг савод чиқариши ва дарсларни ўзлаштиришида намоён бўлади. Булар айнан болаларнинг гўдаклигиданоқ гаджетларга боғланиб қолганликлари сабаблидир.

Шунингдек, шифокорларни ташвишлантираётган яна бир жиҳат: электрон қурилмалар билан вақт ўтказиш болаларда фикрни жамлаб олиш, диққатини бир нарсага қаратиш, таълим олиш ва эслаб қолиш қобилиятларини пасайтиради. Бу ҳозирги замон медицинаси тилида «рақамли деменция» деб аталадиган касаллик ҳисобланади.

Мобил қурилмаларни бола неча ёшдан ишлата бошлагани маъқул?

Америка педиатрлар ассоциацияси аввал болага икки ёшигача смартфон ё планшет бермаслик лозимлигини таъкидлаган. Энди эса чекловни сал юмшатишган: болага бир ярим ёшидан гаджетлар билан ўйнашга рухсат бериш мумкин. Фақат бунда ота-онанинг назорати остида бўлиши ва ёшига мос контент (гўдаклар учун ўйинлар сингари) билан ўйнаши шарт.

2–5 ёшлардаги болаларнинг девайслар билан бўлиш вақтини суткада бир соат билан чеклашни тавсия этишади.

6–12 яшар болалар эса, педиатрларнинг фикрича, технологияларга бир кунда икки соатгача вақт ажратишлари мумкин.

Microsoft раҳбари, жаҳоннинг энг бой кишиси бўлган Билл Гейтс эса то фарзандлари 14 ёшга кирмагунларига қадар уларнинг смартфондан фойдаланишларига рухсат бермаган.

Чегаралар асосли бўлсин

Фарзандингизнинг девайслар билан вақт ўтказишида оқилона чегаралар ўрнатишга ёрдам берувчи бир нечта тамойилни ҳам инобатга олинг:

  • Смартфон ва планшетлар боланинг жисмоний фаоллигига, реал ўйинларига ва уйқусига халақит бермайдиган бўлиши даркор.
  • Яхшиси, гаджетлар билан бўладиган вақтини 15–20 дақиқа оралатиб жисмоний фаоллик билан алмаштириб туринг.
  • Ухлашга ётишдан бир неча соат олдиноқ боланинг қўлидан девайсни олиб қўйинг.
  • Фарзандингиз бирор нимадан асабийлашиб, жазаваси қўзиб турган пайти унга мобил қурилма берманг.
  • Шахсий эътиборни, мулоқотни гаджетлар орқали мулоқотга алмаштирманг.

Бола қурилмани қандай қилиб фойдали ишлатиши мумкин?

Юқорида таъкидланганидек, боланинг девайслардан фойдаланиш муддатигина эмас, балки уларда айнан нималар билан шуғулланиши ҳам муҳим. Бу борада қуйидагиларга эътибор қаратинг:

  • Бола интерфаол эрмаклар билан кўпроқ шуғуллансин: кўнгилочар видео кўрганидан кўра, ривожлантирувчи ўйинлар ўйнагани маъқулроқ.
  • Тасвирлари тез-тез алмашиниб турувчи, ғайритабиий даражада ёрқин рангларга эга ўйинлар ўйнамасин. Шунингдек, экран ёрқинлигини камайтириб қўйганингиз маъқул, чунки болалар кўрадиган иловаларда шундоғам ёрқин, оч ранглар кўп бўлади.
  • Планшет ё смартфонда фарзандингиз билан бирга ўзингиз ҳам шуғулланинг: вазифалар қандай бажарилишини кўрсатиб беринг, биргаликда суратлар чизинг, ота-оналар иштироки талаб этиладиган ўйинларни ўзингиз биргаликда кўчириб олиб беринг.
  • Кичкинтойни қурилма билан узоқ вақт ёлғиз қолдирманг. Агарда интернет ёқиқ бўлса, чеклов ўрнатинг, токи бола ёшига мос бўлмаган сайтларга киролмасин ва шундай нарсалар кўчириб олмасин.
  • Гаджет боланинг кўзига жуда яқин жойлашмаслигини назорат этинг. Энг мақбул оралиқ – 40 см.

Юқоридаги жиҳатларини эсдан чиқармаган ҳолда, танганинг иккинчи томонига ҳам аҳамият қаратинг: меъёрида фойдаланилса, бу қурилмалар боланинг ривожланишида ижобий аҳамиятга ҳам эга. Бундан ташқари, замонавий девайслар – бугунги куннинг ҳаётий зарурати, уларсиз яшишнинг ўзи қийин. Шундай экан, фарзандларингиз мобил қурилмаларга ва замонавий технология воситаларига жуда берилиб кетмасдан, меъёрида ўрганиб борсин.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.